Қозоғистоннинг Павлодар вилоятида Россияга 4 минг литр ёқилғи олиб чиқишнинг олди олинди

pixabay.com фотосурати

Қозоғистоннинг Павлодар вилоятида (бу ҳудуд Россия билан чегарадош. — «Фарғона» изоҳи) Давлат даромадлари департаменти ходимлари Чегара хизмати билан ҳамкорликда давлат чегараси орқали ёқилғини ноқонуний олиб чиқишга бўлган қарийб юзта уринишнинг олдини олди, деб хабар беради маҳаллий «Ирбис» телеканали.

Вилоят Давлат даромадлари департаменти маълумотларига кўра, жами қарийб 4 минг литр ёқилғи мусодара қилинган. Жумладан, 1390 литр бензин ва 2500 литр дизель ёқилғиси аниқланган. Ташкилот маълумотларига кўра, қоидабузарлар кўпинча бензин ва дизель ёқилғисини енгил автомобиллардаги канистрларда олиб чиқишга уринишади.

Автомобиль ўтказиш пунктларида назорат сутка давомида амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, мобил гуруҳлар вилоят ҳудудининг барча қисмларида иш олиб бормоқда, мутахассислар эса ҳар куни ички бозордаги ёқилғи ҳолати ва АЁҚШлардаги (автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларидаги) сотув ҳажмларини кузатиб бормоқда.

Департамент раҳбари Ержан Тўқтархоновнинг маълум қилишича, текширувлар Қозоғистон Бош вазирининг топшириғи ҳамда Энергетика вазирининг ёқилғи олиб чиқишни тақиқлаш тўғрисидаги буйруғи асосида ўтказилмоқда. 2026 йил 21 ноябрга қадар мамлакатда автомобиль транспорти орқали бензин, дизель ёқилғиси ва бир қатор нефть маҳсулотларини олиб чиқиш тақиқланган (транспорт воситаларининг ёқилғи бакларидаги ёқилғи бундан мустасно). Қозоғистон ҳукумати аввалроқ ушбу чора ички бозорни ёқилғи билан таъминлаш учун зарур эканини маълум қилган эди.

Назорат чораларининг кучайтирилиши Россиядан келаётган «бензин туризми» деб аталувчи ҳолатнинг кўпаяётгани билан боғлиқ. Ёқилғи нархларидаги фарқнинг ортиши ва Россиянинг айрим ҳудудларида ёқилғи етказиб беришдаги узилишлар ҳақидаги хабарлар фонида Қозоғистоннинг чегара ҳудудларида Россия рақамларига эга автомобиллар оқими кўпайган.

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Россия матбуоти «нато» снарядлари туфайли Қозоғистонга ҳужум қила бошлади

  • Марказий Осиё республикаларининг Япония билан яқинлашувида кўз илғамас масалалар бор

  • YouTubeда тинчлик даврида ҳалок бўлган қозоғистонлик аскарлар ҳақида фильм эълон қилинди