Украинанинг Қозоғистондаги элчиси Киевнинг КҚК танкерларига қилинган ҳужумларга алоқадорлигини рад этди

timesca.com сайти фотосурати

Украина Каспий қувурлари консорциуми (КҚК) терминали орқали Қозоғистон нефтини ташиётган танкерларга қилинган ҳужумларга алоқадор эмаслигини билдирди. Бу ҳақда Украинанинг Қозоғистондаги элчиси Виктор Майко The Times of Central Asia нашрига берган изоҳида маълум қилди.

Дипломатнинг сўзларига кўра, Киев июль ойида Новороссийск яқинидаги КҚК денгиз терминали ҳудудида фуқаролик кемаларига қилинган ҳужумлар муносабати билан Қозоғистоннинг хавотирларини тушунади ва бу хавотирларга қўшилади.

«Бугунги кунга қадар мазкур ҳужумлар Украина томонидан амалга оширилганини тасдиқловчи ҳеч қандай далил йўқ. Шунинг учун Украинага нисбатан тўғридан-тўғри ёки билвосита шошма-шошарлик билан ва асоссиз айбловлар билдиришдан тийилишингизни сўрайман», — деди Майко.

Элчи, шунингдек, Украина ҳукумати аввалроқ халқаро ҳамкорларни Россия томонидан Украина дронларидан фойдаланган ҳолда провокациялар уюштириш эҳтимоли ҳақида огоҳлантирганини эслатди. Унинг сўзларига кўра, Россиянинг радиоэлектрон кураш тизимлари Украина дронларини тутиб қолиши ёки уларнинг йўналишини ўзгартириши мумкин. Шу сабабли, Киев фикрича, бундай провокациялар ҳақидаги версия синчковлик билан текширилиши лозим.

Майко Украина Қуролли кучлари фуқаролик объектларига, жумладан Россия ҳудудидаги объектларга зарба бермаслигини таъкидлади. Унинг айтишича, қонуний нишонлар фақат ҳарбий объектлар ва Россиянинг ҳарбий ҳаракатларини таъминловчи инфратузилмалар ҳисобланади.

«Қозоғистон, унинг фуқаролари, инфратузилмаси ва иқтисодий манфаатлари ҳеч қачон Украина томонидан ҳарбий нишон сифатида кўрилмаган ва кўрилмайди. Каспий қувурлари консорциуми инфратузилмасига ёки Қозоғистон Республикасининг бошқа иқтисодий ва энергетика объектларига қилинган ҳар қандай ҳужумлар Украинанинг манфаатларига жавоб бермайди», — деди дипломат.

У, шунингдек, Украина Қозоғистонни дўстона давлат ва Марказий Осиёдаги муҳим ҳамкор сифатида кўришини таъкидлаб, ўзаро ҳурмат ва конструктив мулоқот асосида икки томонлама муносабатларни янада ривожлантиришга умид билдирди.

Аввалроқ Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги КҚК инфратузилмаси орқали нефть ташиётган фуқаролик кемаларига дронлар орқали қилинган ҳужумларни республика иқтисодий манфаатларига тажовуз сифатида баҳолаган ва етказилган зарарни баҳолаш нияти борлигини маълум қилганди. Шунингдек, халқаро ҳуқуққа мувофиқ зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолишини билдирганди.

Каспий қувурлари консорциуми Қозоғистон нефтини жаҳон бозорларига экспорт қилишнинг асосий йўналиши ҳисобланади: мамлакат нефть экспортининг 80 фоиздан ортиғи ушбу тизим орқали амалга оширилади. Тахминан 1,5 минг километр узунликдаги қувур Ғарбий Қозоғистондаги нефть конларини Қора денгиз соҳилидаги денгиз терминали билан боғлайди. У ердан нефть танкерларга юкланади. Консорциум акциядорлари орасида Россия, Қозоғистон, Американинг Chevron компанияси ва бошқа халқаро нефть-газ корпорациялари бор.

Сўнгги вақтларда КҚК кемалари ва инфратузилмаси мунтазам равишда ҳужумларга учрамоқда. Бу ҳолат нефть экспортида узилишларга ва Қозоғистонда нефть қазиб чиқариш ҳажмининг камайишига олиб келмоқда.

Июль ойи бошида Chevron томонидан фрахт қилинган ва юклаш учун йўл олган Yasa Polaris танкери дронлар ҳужумига учради. Ўшанда кема жиддий зарар кўрмаганди.

17 июль куни консорциумнинг денгиз терминали томон ҳаракатланаётган Nordic Zenith танкерига дронлар ҳужум қилди. Икки марта берилган зарбадан сўнг кема бортида ёнғин чиқди ва экипаж хавф сигналини берди. 13 нафар денгизчи эвакуация қилинди, яна тўққиз нафари ўз хоҳишига кўра кемада қолди. Ёнғин экипаж кучлари билан ўчирилди, аммо кема шикастланди ва нефть юклаш учун яроқсиз ҳолга келди.

19 июль куни дронлар «Тенгизшевройл» (Chevron) компанияси нефтини ташиётган ASIA танкерига ҳамда Kashagan B.V. ва «Матен» компаниялари («ҚазМунайГаз»нинг шўба тузилмаси) нефти юкланаётган NISSOS IOS танкерига ҳужум қилди.

20 июль куни эса ВПУ-1 ташқи причал қурилмаси яқинида турган NELSA танкери зарбага учради.