Wildberries Қозоғистонда қўшимча омбор майдонларини излашни бошлади, деб ёзади «Коммерсантъ». Нашр манбаларига кўра, компания Россиядаги омборларига қатор дрон ҳужумлари уюштирилганидан сўнг товарларни сақлашнинг бир қисмини Россиядан ташқарига кўчиришни режалаштирмоқда.
«Коммерсантъ» суҳбатдошларининг сўзларига кўра, маркетплейс умумий майдони тахминан 100 минг квадрат метр бўлган омборларни танламоқда.
Манбалардан бири таъкидлашича, компания Қозоғистондаги деярли барча бўш омбор жойларини ижарага олишга тайёр, чунки бозорда таклифлар чекланган.
RWB гуруҳи матбуот хизмати маълум қилишича, компания ўзи фаолият юритаётган барча мамлакатларда логистика инфратузилмасини режали равишда ривожлантиришда давом этмоқда. Қозоғистонда ҳозирда Олмаота шаҳрида майдони 100 минг квадрат метрдан ортиқ бўлган логистика мажмуаси қурилмоқда. Шунингдек, Остона шаҳрида 160 минг квадрат метр майдонга эга объект барпо этилмоқда ва уни келаси йили фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Компания вакиллари, шунингдек, ҳозирги пайтда асосий эътибор товарларни омборлар ўртасида қайта тақсимлаш орқали логистика самарадорлигини ошириш ва ҳамкорларнинг барқарор ишлашини таъминлашга қаратилганини билдиришди.
Қўшимча омбор майдонларига эҳтиёж Россиядаги Wildberries объектларига қатор дрон ҳужумларидан сўнг пайдо бўлди. 18 июлдан бошлаб Украина томонидан қилинган ҳужумлар натижасида Санкт-Петербург, Москва вилояти, Қрим, Тамбов ва Воронеж вилоятлари, шунингдек, Ставрополь ва Краснодар ўлкаларидаги логистика мажмуалари зарар кўрган.
ОАВ маълумотларига кўра, умумий майдони қарийб 444 минг квадрат метр бўлган камида тўртта омбор мажмуаси вақтинча ишдан чиққан. Бу компания логистика қувватларининг тахминан 8 фоизини ташкил этади.
NF Group консалтинг компанияси баҳоларига кўра, 2025 йил охирида Қозоғистондаги сифатли омбор майдонларининг умумий ҳажми 1,9 миллион квадрат метрни ташкил этган, бўш турган майдонлар даражаси эса 5,8 фоиз бўлган. IBC Global бошқарув ҳамкори Станислав Ахмедзяновнинг таъкидлашича, 2026 йил июнь охирига келиб бозор ҳажми 2,4 миллион квадрат метрга етган. Бироқ, мамлакатда 100 минг квадрат метр майдонга эга ягона бўш омбор мажмуаси мавжуд эмас. Жами тахминан 130 минг квадрат метр майдон бўш бўлиб, у турли шаҳарлар ўртасида тақсимланган.
Шу билан бирга, Қозоғистонда омборларни ижарага олиш Wildberries компаниясига нарх бўйича устунлик бермайди. IBC Global маълумотларига кўра, омбор ижарасининг ўртача нархи ойига бир квадрат метр учун 5,18 минг тенгени ташкил этади. Бу Москва ва Москва вилоятидаги омборлар нархига деярли тенг.
Экспертларнинг таъкидлашича, Россия ва Қозоғистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо экани туфайли товарлар икки давлат ўртасида эркин ҳаракатланиши мумкин. Бу эса фулфилмент-марказлар ўртасида товар захираларини қайта тақсимлаш имконини беради. Бироқ таҳлилчилар фикрича, товарларнинг бир қисмини Қозоғистонга кўчириш логистика харажатлари ва етказиб бериш муддатларининг ошишига олиб келиши мумкин.
Манбалар маълумотига кўра, Wildberries Россияда ҳам янги омбор майдонларини излашда давом этмоқда. Биро,қ объект эгалари дрон ҳужумлари такрорланиши хавфи туфайли маркетплейс билан шартнома тузишдан тобора кўпроқ бош тортмоқда. Одатдаги суғурта полислари бундай ҳодисалар оқибатида етказилган зарарни қопламайди, кенгайтирилган суғурта эса йирик логистика объектлари учун қиммат ва деярли фойдаланиш имкони чекланган хизмат бўлиб қолмоқда.



