Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакат раҳбарлиги учун навбатдаги сайловлар президент ваколатлари муддати тугайдиган йилнинг январь ойидаги тўртинчи чоршанба куни ўтказилишига оид қонунни имзолади. Шу тариқа, кейинги президентлик сайловлари 2027 йил 27 январь куни бўлиб ўтади, дея маълум қилди Жапаров матбуот хизмати.
Худди шу қонун билан Қирғизистон парламенти — Жогорку Кенеш депутатларининг навбатдаги сайловларини амалдаги чақириқнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган ойнинг чоршанба кунида (қайси тартибдаги чоршанба экани аниқ кўрсатилмаган) ўтказиш ҳам белгиланди. Ҳозирги кунга қадар парламентга ўтказилган сўнгги сайловлар муддатидан олдин — 2025 йил 30 ноябрь куни ўтказилган эди.
Парламент ва президентлик сайловлари ўтказиладиган кунлар иш берувчининг мулкчилик шаклидан қатъи назар, иш ҳақи сақланган ҳолда дам олиш кунлари ҳисобланади.
2025 йил апрель ойида Жапаров президентлик сайловлари амалдаги давлат раҳбари ваколат муддати тугайдиган йилнинг январь ойидаги тўртинчи якшанба куни ўтказилишига оид қонунни имзолаган эди. Бироқ, 2026 йил июнь ойида парламент сайловчилар фаоллигини ошириш мақсадида президентлик ва парламент сайловларини чоршанба кунлари ўтказиш тўғрисида қонун қабул қилди.



