«Ўзбекнефтгаз» йил охиригача 1,1 миллион тонна бензин ва қарийб 1 миллион тонна дизель ёқилғиси ишлаб чиқаради

«Ўзбекнефтгаз» АЖ фотосурати

«Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти жорий йил охиригача 1,1 миллион тонна автомобиль бензини ва 983 минг тонна дизель ёқилғиси ишлаб чиқаришни режалаштираётганини маълум қилди. Бу режалар корхонанинг 2026 йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти ҳамда йилнинг иккинчи ярми учун устувор вазифалари юзасидан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга тақдим этилган ҳисоботда баён қилинди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Энергетика вазирининг ўринбосари Умид Мамадаминов мамлакатда йилига 1,2 миллион тонна нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши, қўшимча равишда яна 600–700 минг тонна импорт қилиниши ҳақида маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, бу мамлакат аҳолисининг эҳтиёжини тўлиқ қоплаш имконини беради.

Расмий статистикага кўра, 2026 йил январь–июнь ойларида Ўзбекистон нефтни қайта ишлаш заводлари ички бозорга 614 минг тоннадан ортиқ бензин ва 568 минг тонна дизель ёқилғиси етказиб берган. Агар «Ўзбекнефтгаз» режасига мувофиқ йил охиригача ушбу икки турдаги ёқилғидан яна қарийб 2 миллион тонна ишлаб чиқарилса, республика импортни ҳисобга олмаган ҳолда ҳам ички эҳтиёжни тўлиқ таъминлаши мумкин.

Шу билан бирга, компания 310 минг тонна авиация керосини, 606 минг тонна суюлтирилган газ ва қарийб 1,2 миллион тонна синтетик маҳсулот ишлаб чиқаришни ҳам режалаштирмоқда.

Йиғилишда авиация керосини ишлаб чиқариш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Чунки мураккаб геосиёсий вазият туфайли Марказий Осиё орқали амалга оширилаётган авиақатновлар сони ортиб бормоқда. Прогнозларга кўра, июль–декабрь ойларида авиакомпанияларга 375 минг тонна авиация ёқилғиси керак бўлади. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 27 фоизга кўпдир. Давлат корхонаси вакиллари мазкур эҳтиёж асосан маҳаллий нефтни қайта ишлаш заводлари маҳсулотлари ҳисобидан қопланишини маълум қилди.

Таъкидланишича, Ғарб давлатлари томонидан жорий этилган санкциялар сиёсати сабаб Ўзбекистон авиация керосинининг муқобил етказиб берувчиларини изламоқда. Ҳозирда Грузия ва Ироқдан авиация ёқилғиси импорт қилиш йўлга қўйилган.

Масъуллар биринчи ярим йиллик якунларига кўра, мамлакатда 11,5 миллиард куб метр табиий газ қазиб олинганини маълум қилди. Шунингдек, нефть, дизель ёқилғиси, авиация керосини ва суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳажмлари прогноз кўрсаткичларидан юқори бўлгани қайд этилди.

Президент Шавкат Мирзиёев «Ўзбекнефтгаз» раҳбариятига аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини нефть маҳсулотлари билан барқарор ҳамда узлуксиз таъминлаш бўйича зарур чораларни кўришни топширди.

Йиғилишда геология-қидирув ишлари сифатини ошириш, хусусан, «Ўзбекгеофизика» компаниясини модернизация қилиш режалари ҳам муҳокама қилинди. Кон-геофизика ускуналарини янгилаш ва замонавий дала 3D сейсмик мажмуасини харид қилиш учун 38,8 миллион доллар йўналтириш кўзда тутилган.

Шунингдек, АҚШнинг “Schlumberger” компанияси билан ҳамкорликда сейсмик маълумотларни қайта ишлаш марказини ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилаётгани маълум қилинди. Марказда замонавий суперкомпьютер мажмуаси ўрнатилади, янги дастурий таъминотлар харид қилиниб, сейсмик тадқиқотларда сунъий интеллектдан кенг фойдаланиш йўлга қўйилади.