Қирғизистонда инсонларни кремация қилиш ва кул солинган урналарни колумбарийларга дафн этиш тақиқланди

Қирғизистон ҳукумати вафот этганларни ёқиш учун крематорийлардан фойдаланишни тақиқлади. Таниб бўлмайдиган жасадларни эса фақат қабристонларда ерга кўмишга рухсат берилади. Қирғизистон президенти Садир Жапаров томонидан 4 август куни имзоланган «Дафн этиш ва дафн маросимлари тўғрисида»ги қонунга киритилган ушбу ва бошқа ўзгартишлар ўн кундан кейин кучга киради, деб хабар беради 24.kg нашри.

Қонуннинг янги таҳририда вафот этган инсонларнинг жасадларини, шунингдек, аборт қилинган ва ўлик туғилган ҳомилаларни ёқиш учун крематорийлардан фойдаланиш тўғридан-тўғри тақиқланди.

Ўзгартишларга кўра, бундай иншоотлар фақат тиббий фаолият натижасида ҳосил бўладиган биологик объектларни санитария мақсадида иссиқлик орқали йўқ қилиш учун мўлжалланади. Аниқлик киритилишича, бу ҳолатда инсон аъзолари ва тўқималари ҳақида сўз бормоқда.

Аммо крематорийлар ва биологик объектларни йўқ қилиш мумкин бўлган бошқа иншоотларни қуришга рухсат берилади. Бундай объектлар давлат маблағлари ҳисобидан ҳам, хусусий компаниялар маблағлари эвазига ҳам барпо этилиши мумкин.

Бундан ташқари, ОАВ ёзишича, қонундан вафот этган фуқароларни кремация қилиш, кул солинган урналар, колумбарийлар ва мотам деворлари ҳақидаги қоидалар ҳам чиқариб ташланган. Шахси аниқланмаган ва талаб қилинмаган жасадлар ҳам фақат қабристон ҳудудида ерга кўмилган ҳолда дафн этилади.

Амалдаги, 2024 йил февраль ойида қабул қилинган қонун таҳририда Қирғизистонда кул солинган урналарни дафн этиш ва жасадларни ёқишга рухсат берилган. Бундай маросимлар қонуннинг 23-моддаси — «Хотира деворлари (колумбарийлар)» ва 24-моддаси — «Крематорийлар» билан тартибга солинган.

Очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, мамлакатда инсон жасадларини ёқиш учун мўлжалланган бирорта ҳам крематорий мавжуд эмас. Гарчи 2024 йилда «Дафн этиш ва дафн маросимлари тўғрисида»ги қонун қабул қилинганидан сўнг ҳокимият бундай иншоотларни қуриш режаларини маълум қилган бўлса-да, улар давлат маблағлари ҳисобидан ва фақат шаҳарларда барпо этилиши айтилган эди.

Кремация бир қатор динларда кенг қўлланади. Масалан, буддизм, ҳиндуизм ва синтоизм (Японияда кенг тарқалган дин)да бундай маросим мавжуд.

Насронийлик, жумладан православ анъанаси, қабристонларда ер етишмаслиги ёки бошқа шароитларда жасадни ёқишга йўл қўяди ва бу усулни мутлақ гуноҳ деб ҳисобламайди.

Жасадни оловда ёқиш ислом, яҳудийлик ва зардуштийликда тақиқланган. Жумладан, мусулмонларда инсон вафот этганидан кейин уни фақат ерга дафн қилиш кераклиги ҳақида қатъий қоида мавжуд.

Циклопедия маълумотларига кўра, Қирғизистонда буддизмга эътиқод қилувчилар сони 10 минг кишидан кам. Республикада расман рўйхатдан ўтган 3 мингдан ортиқ диний ташкилот орасида фақат биттаси буддизмга тааллуқли.