«Туркменгаз» давлат концерни ва «Afghan Gas» давлат корпорацияси Афғонистоннинг шимоли-ғарбида жойлашган Ҳирот вилоятини газлаштиришга оид ўзаро англашув меморандумини имзолади. Бу ҳақда «Нейтральный Туркменистан» нашри хабар берди.
Ҳужжат 10 август куни Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Афғонистонга иш сафари давомида имзоланди. Маросим Афғонистон ҳукумати раисининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Абдул Ғани Барадар билан музокаралардан сўнг бўлиб ўтди.
Меморандумга кўра, томонлар Ҳирот вилоятида газ етказиб бериш инфратузилмасини барпо этиш бўйича биргаликда ишлашга келишиб олган. Ҳужжат Туркманистон табиий гази билан вилоятдаги саноат корхоналари, электр станциялари ва аҳолини таъминлашни ташкил этишни назарда тутади.
Музокаралар давомида Туркманистон–Афғонистон–Покистон–Ҳиндистон (ТАПҲ) газ қувурини қуриш лойиҳасини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Томонлар унинг Афғонистон ҳудудидан ўтувчи Серҳетобод–Ҳирот участкасидаги қурилиш ишларининг боришини муҳокама қилган. Қайд этилишича, мазкур участкани якунлаш учун қарийб 300 та замонавий махсус техникадан фойдаланилмоқда.
Афғонистоннинг DID Press агентлиги Абдул Ғани Барадар офисига таяниб хабар беришича, газ қувурининг Афғонистон қисмида 116 километр қувур ётқизилган, шундан 38 километри тўлиқ ер остига жойлаштирилган. Яна 135 километрлик трасса қувур ётқизишга тўлиқ тайёрланган бўлиб, бу ишлар траншеяларни тозалаш ва ҳудудни муҳандислик жиҳатидан тайёрлашни ҳам ўз ичига олади.
Узунлиги 153 километр бўлган биринчи Афғонистон участкаси қурилиши 2024 йил 11 сентябрда бошланган. Тасдиқланган жадвалга кўра, магистрал газ қувурининг Ҳирот шаҳригача бўлган асосий қисмини қуришнинг муҳим босқичини 2026 йил охиригача якунлаш режалаштирилган.
Яқин вақт ичида Ҳирот шаҳрининг ички газ тақсимлаш тармоғини лойиҳалаш ва дала тадқиқотларини бошлаш режалаштирилмоқда. «Туркменгаз» томонидан олиб борилаётган қурилиш ишларига қарийб 700 нафар туркманистонлик мутахассис жалб қилинган. Ускуналар харид қилиш бўйича 17 та халқаро шартнома тузилган.
Туркманистон томони Афғонистонга газ ва электр энергияси етказиб беришни узоқ муддатли энергетика мулоқотининг асоси сифатида кўрмоқда. Ашхобод фикрича, бу Ҳирот вилоятидаги саноат зоналарини ўзлаштириш учун шароит яратади. Бу эса, ўз навбатида, янги иш ўринлари яратилиши ва ҳудуднинг иқтисодий ривожланишига хизмат қилади. Маҳаллий иссиқлик электр станцияларига газ етказиб бериш ҳам Афғонистоннинг электр энергияси импортига қарамлигини камайтиришга ёрдам беради.
ТАПҲ лойиҳаси Туркманистон жанубидаги Галкиниш конидан Афғонистоннинг Ҳирот ва Қандаҳор шаҳарлари, Покистоннинг Кветта ва Мултон шаҳарлари орқали Ҳиндистоннинг Фазилка шаҳригача йилига 33 миллиард куб метр газ ўтказиш қувватига эга газ қувурини қуришни назарда тутади. Маршрутнинг умумий узунлиги қарийб 1,8 минг километрни ташкил этади. Шундан 214 километри Туркманистон ҳудудидан, 774 километри Афғонистон ҳудудидан ва 826 километри Покистон ҳудуди орқали Ҳиндистон чегарасигача ўтади.
Лойиҳа оператори — TAPI Pipeline Company Limited консорциумининг асосий акциядори «Туркменгаз» давлат концерни бўлиб, унинг улуши 85 фоизни ташкил этади. Қолган 5 фоиздан Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистон давлат корпорацияларининг ҳар бирига тегишли. Лойиҳанинг дастлабки қиймати 10 миллиард долларга баҳоланмоқда.
Газ қувури учун хомашё Туркманистондаги дунёдаги энг йирик газ конларидан бири бўлган Галкинишдан етказиб берилади. Ҳисоб-китобларга кўра, конда 27 триллион куб метрдан ортиқ газ мавжуд. 2026 йил апрель ойида «Туркменгаз» ва Хитой Миллий нефть корпорацияси (CNPC) конни ўзлаштиришнинг тўртинчи босқичини бошлаган. У янги ишлаб чиқариш қувватлари ва бурғилаш ишларини ўз ичига олади. Бу тижорий газ ишлаб чиқариш ҳажмини йилига 10 миллиард куб метрга етказиш имконини беради.



