Остона полицияси қозоғистонлик журналист ва «Просто журналистика» YouTube канали муаллифи Лукпан Аҳмедяровга нисбатан судгача бўлган терговни бошлади. Бу ҳақда сўз эркинлигини ҳимоя қилиш бўйича «Әділ сөз» жамғармаси хабар берди.
Тергов Қозоғистон Жиноят кодексининг 274-моддаси — «Қасддан ёлғон ахборот тарқатиш» бўйича олиб борилмоқда.
Хабарда қайд этилишича, жиноий ишга Ўскемен шаҳрида яшовчи Андрей Котовнинг аризаси сабаб бўлган. Унинг исми Украина давлатининг «Хочу жить» лойиҳаси томонидан эълон қилинган, Россия томонида Украинада уруш олиб бораётган Қозоғистон фуқаролари рўйхатида тилга олинган.
Котовнинг айтишича, у жангларда иштирок этмаган, балки Россияда вахта усулида ишлаган. У мазкур публикация унинг обрўсига путур етказган, деб ҳисоблайди ва Аҳмедяровни жавобгарликка тортишни талаб қилган. Яна бир қозоғистонлик — Руслан Муҳаметов ҳам ижтимоий тармоқларда шунга ўхшаш ариза билан чиққан, деб хабар беради «Азаттиқ» радиоси.
Аҳмедяровнинг тушунтиришича, у бу маълумотни айнан Қозоғистон ҳукуматининг мамлакат фуқароларини Россиянинг Украинага қарши урушида иштирок этиш учун ёллаш муаммосига эътиборини қаратиш мақсадида эълон қилган. Унинг сўзларига кўра, журналист рўйхатдаги барча шахслар ҳақиқатдан ҳам жангларда иштирок этаётганини тасдиқламаган.
«Биз рўйхатда кўрсатилган 661 нафар Қозоғистон фуқароси урушда қатнашаётганини аниқ биламиз, деб ёзмаганмиз. Биз шундай рўйхат пайдо бўлганини ёздик. Менинг мақсадим Қозоғистон ҳукумати эътиборини бу масалага қаратиш эди», — деган журналист.
Аҳмедяровга нисбатан тергов олиб борилиши мумкинлиги ҳақида 3 августдаги воқеадан сўнг маълум бўлди. Ўша куни Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Чегара хизмати уни оиласи билан бирга Остона аэропортидан чет элга чиқармаган.
Журналист Черногорияга дам олиш учун бормоқчи бўлган. Унинг сўзларига кўра, чегарачилар унга чиқишга қўйилган тақиқни Остона полицияси жорий этганини маълум қилган.
Бундан аввал, 31 июль куни Аҳмедьяров полицияга чақирув қоғози билан чақирилган ва у ерда тушунтириш хати ёзган. Журналистнинг айтишича, айнан шундан сўнг у Котовнинг аризаси ҳақида хабар топган. Хорижга сафар бекор қилинганидан сўнг Аҳмедяровнинг таъкидлашича, у полицияга қайта чақирилмаган.
Лукпан Аҳмедьяров — таниқли қозоғистонлик журналист, фуқаролик фаоли ва ҳуқуқ ҳимоячиси, «Уральская неделя» газетасининг собиқ бош муҳаррири. У қатор шов-шувли журналистик суриштирувлар муаллифи ҳисобланади. Сўнгги йилларда журналист «Просто журналистика» лойиҳаси доирасида ижтимоий-сиёсий муаммолар, жумладан, Қозоғистон фуқароларини Россиянинг Украинага қарши урушида иштирок этиш учун ёллаш масаласи ҳақида материаллар тайёрлаб келмоқда.
Украинанинг «Хочу жить» лойиҳаси маълумотларига кўра, кенг кўламли уруш бошланганидан буён Марказий Осиё давлатларининг қарийб 13 минг фуқароси Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузган, улар орасида 2 мингдан ортиқ қозоғистонлик бор. Бу маълумотлар Украина томонига тегишли ахборот ҳисобланади.
Аҳмедяровга нисбатан босим ўтказилаётганига аввалроқ Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) ҳам эътибор қаратган ва Қозоғистон ҳукуматини уни таъқиб қилишни тўхтатишга чақирган.



