Олмаотанинг «Қайрат» клуби УЕФА Чемпионлар лигасининг 2026/27 йилги мавсумидаги иштирокини якунлади. Қозоғистон чемпиони икки учрашув натижасига кўра Болгариянинг «Левски» клубига 0:2 ҳисобида мағлуб бўлди.
Учинчи саралаш босқичининг жавоб учрашуви 11 август куни Туркистонда бўлиб ўтди ва «Левски»нинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Ягона голни 13-дақиқада бразилиялик ҳужумчи Рейналдо урди.
«Қайрат» Софиядаги мағлубиятдан сўнг ҳисобни тенглаштириши керак эди. Биринчи учрашувда ҳам Болгария клуби 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган — Сержиньо иккинчи бўлимга қўшиб берилган вақтнинг иккинчи дақиқасида ҳал қилувчи голни урган эди.
Шу тариқа, олмаоталиклар ўтган мавсумдаги натижани такрорлай олмади. Ўшанда «Қайрат» ўз тарихида биринчи марта Чемпионлар лигасининг асосий босқичига чиққан эди.
Қайд этиш лозим, учрашув Туркистонда бўлиб ўтди, чунки Олмаотадаги жамоанинг уй стадионида америкалик рэпер Канье Уэстнинг концерти ўтказилиши режалаштирилган.
«Қайрат» учун еврокубок мавсуми давом этади. Рафаэль Уразбахтин шогирдлари Европа лигасининг плей-офф босқичига йўл олди ва у ерда ПАОК — «Андерлехт» жуфтлиги ғолиби билан учрашади. Биринчи ўйин 20 август куни Қозоғистон клуби майдонида, жавоб учрашуви эса 27 августда ўтказилиши керак.
Шу билан бирга, «Қайрат» аллақачон еврокубоклардан бирининг асосий босқичида иштирок этишни кафолатлаган. Плей-оффда ғалаба қозонган тақдирда, жамоа Европа лигасининг асосий босқичига чиқади, мағлуб бўлган ҳолатда эса автоматик равишда Конференциялар лигаси гуруҳ босқичидан жой олади.
«Левски» Чемпионлар лигаси саралашининг плей-офф босқичига чиқди ва у ерда Грециянинг АЕК клуби билан ўйнайди.
Ўтган мавсумда «Қайрат» ўз тарихида биринчи марта УЕФА Чемпионлар лигасининг асосий босқичига йўл олган, бироқ бирорта ҳам ғалаба қозона олмаган эди.



