Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси Қурултой сайловларининг дастлабки натижаларини эълон қилди

t.me/electionelection фотосурати

Президентни қўллаб-қувватловчи «Адилет» партияси Қозоғистоннинг янги бир палатали парламенти — Қурултойга илк сайловларда ғалаба қозонди. Бу ҳақда 24 август куни эълон қилинган Марказий сайлов комиссиясининг дастлабки маълумотлари гувоҳлик бермоқда.

Дастлабки овоз бериш натижаларига кўра, сайловчиларнинг 71,17 фоизи — 12 623 289 нафар сайловчидан 6 528 948 нафари — Адилетга овоз берган. 2026 йилда ташкил этилган ва президент Қосим-Жомарт Тўқаев сиёсий йўналишини қўллаб-қувватловчи партия 145 ўриннинг кўп қисмини эгаллаши кутилмоқда.

Жами бешта партия парламентга ўтиш учун зарур бўлган 5 фоизлик тўсиқдан ўтолди. Булар: «Адилет» — 71,17 фоиз, «Ауыл» — 6,26 фоиз, Respublica — 5,56 фоиз, «Ақ жол» — 5,21 фоиз ва Умуммиллий социал-демократик партия — 5,11 фоиз.

Қозоғистон Халқ партияси (ҚХП) 3,11 фоиз овоз билан, «Байтак» партияси эса 1,07 фоиз овоз билан Қурултойга ўта олмади. Сайловнинг якуний натижаларини Марказий сайлов комиссияси кейинроқ эълон қилади.

Сайловчилар иштироки 74,08 фоизни ташкил этган.

23 август куни Қозоғистонда янги бир палатали парламент — Қурултой депутатлари сайлови бўлиб ўтди. Овоз бериш куни мамлакатда 10 мингдан ортиқ сайлов участкаси, жумладан, хорижда 79 та участка ишлаган.

Бу сайловлар 1 июль куни Қозоғистоннинг янги Конституцияси кучга кирганидан кейинги илк сайлов бўлди. Асосий қонун икки палатали парламентдан бир палатали парламентга ўтишни назарда тутади. Қурултой 145 нафар депутатдан иборат бўлиб, улар партия рўйхатлари асосида сайланади. Депутатларнинг ваколат муддати беш йилни ташкил этади. Мандат олиш учун партиялар камида 5 фоиз овоз тўплаши керак.

Таъкидлаш жоиз, шу йил ёзининг бошларида Қозоғистонда ҳокимиятдаги партия «Аманат» эди. У республика биринчи президенти Нурсултон Назарбоев кўп йиллар раҳбарлик қилган «Нур Отан» партиясининг ҳуқуқий вориси ҳисобланади. Бироқ, июнь ойи ўртасида «Аманат» «ёш» «Адилет» партияси билан бирлашишини эълон қилди. «Адилет» ўтган баҳорда тузилган бўлиб, Тўқаев тарафдорлари, шунингдек, унинг президентлиги даврида ўз мавқеини мустаҳкамлаган бизнес вакиллари томонидан фаол қўллаб-қувватланган. Давлат раҳбарининг ўзи партия фаолиятидан расман масофани сақлаб келмоқда.

Кутилишича, сайлов натижалари расман тасдиқланиб, депутатларнинг ваколатлари расмийлаштирилганидан сўнг Тўқаев Қурултойнинг биринчи сессиясини чақиради ва депутатлар қасамёд қабул қилади.

Янги парламент иш бошлаши билан амалдаги ҳукумат ўз ваколатларини топшириши шарт. Янги Бош вазир тайинланганидан сўнг ўн кун ичида ҳукуматнинг тузилмаси ва таркиби бўйича таклиф киритади. Президент Курултой билан маслаҳатлашувлардан сўнг ҳукумат аъзоларини тайинлайди. Шунингдек, вице-президент ҳам тайинланади. У, жумладан, мамлакатни халқаро ва ички тадбирларда тақдим этади.

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Россия матбуоти «нато» снарядлари туфайли Қозоғистонга ҳужум қила бошлади

  • Марказий Осиё республикаларининг Япония билан яқинлашувида кўз илғамас масалалар бор

  • YouTubeда тинчлик даврида ҳалок бўлган қозоғистонлик аскарлар ҳақида фильм эълон қилинди