Душанбеда Марказий Осиёдаги энг йирик театр мажмуаси очилди

Рустам Эмомалининг Telegram-каналидан олинган фотосурат

Душанбеда Тожикистон Миллий театрининг янги биноси очилди. Бу ҳақда Тожикистон пойтахти мэри Рустам Эмомалининг расмий канали хабар берди.

Очилиш маросими 24 август куни бўлиб ўтди. У Тожикистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган бўлиб, мамлакатда бу сана 9 сентябрь куни нишонланади. Маросимда Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон иштирок этди.

Тожикистон Миллий театри биноси Марказий Осиёдаги энг йирик театр мажмуаси ҳисобланади. Бунга қадар ушбу мақом Қозоғистондаги «Астана Опера» давлат опера ва балет театрига тегишли эди.

Мажмуа баландлиги 34,5 метр бўлиб, икки қават ерости ва беш қават ер усти қисмидан иборат. Унда учта катта зал ва кўплаб бошқа хоналар мавжуд.

Асосий залнинг баландлиги 18 метр бўлиб, 2500 томошабинга мўлжалланган («Астана Опера»да — 1250 ўрин). Иккита кичик зал эса тегишлича 1200 ва 1000 нафар томошабинни қабул қилади.

Юқори қаватларда кўргазма ва санъат заллари, репетиция хоналари, бадиий устахоналар ҳамда бошқа хоналар жойлаштирилган.

Қурилиш ишлари 2015 йилда бошланган, аммо молиявий қийинчиликлар сабаб 2017 йилда тўхтатилган. Қурилиш ишлари 2024 йил июль ойида яна жонланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Ўнлаб қозоғистонликлар Россияга ишлаш учун кетишган, аммо у ерда урушга жалб этилган

  • Ўзбекистон мактаб ислоҳотини хорижий тажрибалар асосида қандай шакллантираётгани ҳақида

  • Машҳур санъаткорнинг Жапаров олдида ўзини қандай тутгани Қирғизистонда ҳокимиятга сиғиниш ва сиёсий ўзгаришлар ҳақидаги баҳсларга сабаб бўлди

  • Муҳим минераллар, сунъий интеллект — «Марказий Осиё — Корея» форматидаги учрашувда яна нималар муҳокама қилинди?