Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида 25 август куни «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» халқаро медиафорумнинг очилиш маросими якунланди. Бу ҳақда Марказ матбуот хизмати хабар берди.
Маросимда Ўзбекистон давлат тузилмалари вакиллари, етакчи хорижий ОАВ ва ахборот агентликлари раҳбарлари ҳамда вакиллари, халқаро экспертлар ҳамжамияти аъзолари иштирок этди.
Иштирокчиларга Ўзбекистон президенти матбуот котиби, Президент Администрацияси Коммуникациялар департаменти раҳбари Шерзод Асадов табрик сўзи билан мурожаат қилди. Президент маслаҳатчиси Музаффар Комиловнинг мурожаатини Президент Администрацияси ходими Раҳматулла Арзиев ўқиб эшиттирди.
Маросимнинг асосий воқеаларидан бири Euronews бош директори ва бош муҳаррири Клаус Штрунцнинг чиқиши бўлди. У маданият, медиа ва ғоялар алмашинуви орқали Европа ва Марказий Осиёни яқинлаштиришнинг янги имкониятлари, шунингдек, Ўзбекистоннинг тарихий ва маданий меросини тарғиб қилишда замонавий ОАВнинг роли ҳақида сўз юритди.
Штрунцнинг таъкидлашича, замонавий Ипак йўли нафақат транспорт коридори, балки билим, технологиялар, инновациялар ва ахборот алмашинуви майдонига ҳам айланиши керак. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон географик жойлашуви, ёш аҳолиси ва қўшни давлатлар билан алоқалари туфайли ушбу жараёнда асосий роллардан бирини ўйнаши мумкин.
Форум иштирокчиларига CNN International Commercial ижрочи вице-президенти Фил Нельсон ҳам мурожаат қилди. Дастур доирасида Ўзбекистоннинг тарихий-маданий меросини замонавий журналистика ва визуал сторителлинг воситалари орқали халқаро аудиторияга қандай тақдим этиш мумкинлиги муҳокама қилинди.
Ислом цивилизацияси маркази директори, WOSCU бошқаруви раиси Фирдавс Абдуҳаликов «Ислом цивилизацияси маркази — янги турдаги маданий-маърифий медиа-платформа» мавзусида маъруза қилди. У Марказнинг халқаро медиа лойиҳалари, хорижий ОАВ билан ҳамкорлик, ҳужжатли кино, рақамли реконструкциялар, мультимедиа ва иммерсив экспозициялар, шунингдек, сунъий интеллектдан фойдаланиш ҳақида сўзлаб берди.
Маросим иштирокчиларига Ислом цивилизацияси маркази ва унинг лойиҳалари ҳақида махсус видеоматериаллар намойиш этилди.
Маросим якунланганидан сўнг форум иши ялпи мажлислар билан давом этди. Уларнинг биринчиси Ислом цивилизацияси марказининг халқаро медиа маконидаги ўрни ва тарихий меросни жаҳон аудиториясига тақдим этишнинг замонавий усулларига бағишланди.
«Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» халқаро медиафорум 24–28 август кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтказилмоқда. Тадбирнинг асосий майдони Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳисобланади.
ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилди. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилди. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 550 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.



