Россиялик мутахассис Игорь Суров Тожикистоннинг U-17 ёшлар терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди. У жамоани 2026 йилда Қатарда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига тайёрлайди. Бу ҳақда Тожикистон Футбол федерацияси матбуот хизмати хабар берди.
40 ёшли Суров ўз хоҳишига кўра лавозимни тарк этган Далер Каёсовнинг ўрнини эгаллади. Тожикистон терма жамоаси айнан Каёсов раҳбарлигида Осиё U-17 кубогининг чорак финалига чиқиб, жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритган эди.
Суровнинг мураббийлар штабига Шамсиддин Косимов, Жафар Аҳмедов ва Элчибек Рашидбеков кирди. Дарвозабонларни тайёрлаш учун Умед Чоршанбиев масъул бўлади.
Eurasia Football аниқлик киритишича, Суров Тожикистон футболи билан яхши таниш. 2017 йилда у Душанбе ЦСКАсида футболчи сифатида тўп суриб, жамоа билан мамлакат чемпионатининг бронза медалини қўлга киритган. 2023 йилда россиялик мураббий сифатида ушбу натижани такрорлади ва Хўжанднинг «Эсхата» клубини Тожикистон чемпионатида клуб тарихидаги илк бронза медалига олиб келди.
Аввалроқ Суров Монголиянинг «Сумид» клуби, Қирғизистоннинг «Барс» жамоасида ҳам ишлаган ва уни чемпионликка олиб келган. Шунингдек, у Ўзбекистоннинг «Машъал» клубида фаолият юритган. Суров 2026 йил февраль ойида «Машъал» бош мураббийи бўлган, аммо апрель ойи охирида томонлар ўзаро келишувга кўра шартномани бекор қилган.
U-17 жаҳон чемпионати Қатарда 19 ноябрдан 13 декабрга қадар бўлиб ўтади. Тожикистон терма жамоаси F гуруҳида Сенегал, Хорватия ва Куба билан баҳс олиб боради. Тожикистон жамоаси учун бу 2007, 2019 ва 2025 йилги турнирлардан кейин ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатидаги тўртинчи иштироки бўлади.



