Қозоғистон АЭС қурилиши бўйича Россия билан шартнома имзолади

gov.kz сайти фотосурати

«Росатом» ва «Қозоғистон атом электр станциялари» компанияси Қозоғистонда «Балхаш» АЭСини қуриш бўйича шартнома имзолади, деб хабар беради ТАСС. Ҳужжат Шарқий иқтисодий форуми (ШИФ) доирасида имзоланди.

АЭСни Олмаота вилояти Жамбил туманидаги Улкен қишлоғи яқинида қуриш режалаштирилган. Станция умумий электр қуввати 2400 МВт бўлган иккита энергоблокдан иборат бўлади. Қурилиш ишларини 2027 йилда бошлаш кутилмоқда, биринчи энергоблокни эса ишлар бошланганидан кейин ўн йил ичида фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

«Имзоланган ҳужжат Қозоғистон билан ҳамкорлигимизнинг янги босқичини бошлаб беради. Яқин вақт ичида «Росатом» олдида лойиҳалаш ишларини амалга ошириш ва ускуналар етказиб берувчи компаниялардан иборат халқаро консорциум тузиш вазифаси турибди. Бунда лойиҳанинг барча босқичларида биз асосий вазифага қатъий амал қиламиз: хавфсизлик ва самарадорлик бўйича энг қатъий халқаро талабларга жавоб берадиган энергоблокларни қуриш ва фойдаланишга топшириш бўйича», — деди «Росатом» раҳбари Алексей Лихачёв.

Унинг сўзларига кўра, Россия атом технологиялари Қозоғистоннинг энергетик мустақиллиги ва барқарор ривожланиши учун асос бўлиши керак.

Қозоғистон Атом энергияси агентлиги раҳбари Алмасадам Саткалиев эса Остона қурилишни бошлаш учун зарур бўлган давлат ичидаги тартиб-таомилларни, жумладан, «тегишли лицензия бериш» жараёнини амалга оширишга тайёр эканини таъкидлади.

Саткалиев, шунингдек, биринчи энергоблокни қурилиш бошланганидан сўнг ўн йил ичида якунлаш ва фойдаланишга топшириш режалаштирилаётганини маълум қилди. У аввалроқ биринчи энергоблокни 2034 йилда ишга тушириш кутилaётганини айтган эди.

Станция қурилиши жараёнида янги иш ўринлари яратиш ва Қозоғистонда ишлаб чиқарилган қурилиш материаллари ҳамда конструкцияларидан имкон қадар кенг фойдаланиш режалаштирилмоқда. Бунинг учун маҳаллий ишлаб чиқарувчилар реестри шакллантирилмоқда.

«Балхаш» АЭСини қуриш қиймати тахминан 16,4 миллиард долларга баҳоланмоқда.

ℹ️ 2025 йил баҳорида Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев мамлакатда учта АЭС қуриш зарурлигини таъкидлаган эди. Унинг сўзларига кўра, бу «ўн йиллар давомида ривожланиш учун асос яратадиган янги энергетика соҳасини ташкил этиш» имконини беради.

Олмаота вилоятининг Улкен қишлоғида биринчи АЭСни Россиянинг «Росатом» корпорацияси қуриши режалаштирилган. Иккинчи станция учун ҳам мамлакат жанубидаги ҳудуд — Олмаота вилояти Жамбил тумани танланган. Ушбу лойиҳа учун устувор пудратчи сифатида Хитойнинг CNC компанияси кўриб чиқилмоқда. Учинчи станцияни жойлаштириш учун эса кичик ва ўрта қувватли реакторлардан фойдаланиш режалаштирилган бўлиб, Ғарбий Қозоғистондаги Каспий денгизи соҳили кўриб чиқилмоқда.