Сербия Ўзбекистон билан узоқ масофага учувчи баллистик ракеталар ишлаб чиқариш соҳасида ҳамкорлик қилишга тайёр

Александр Вучич. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Сербия Ўзбекистонга мудофаа саноати соҳасида ҳамкорлик қилишни таклиф қилди. Хусусан, узоқ масофага учувчи баллистик ракеталар ишлаб чиқариш бўйича. Бу ҳақда Европа мамлакати президенти Александр Вучич маълум қилди, деб хабар беради унинг матбуот хизмати.

8 сентябрь куни Белградда бўлиб ўтган Ўзбекистон–Сербия бизнес-форумида сўзга чиққан сиёсатчи Сербия «давлатлардан биридан» технологиялар трансфери орқали аллақачон қисқа масофага учувчи ракеталар ишлаб чиқаришни йўлга қўйганини таъкидлади.

Президентнинг сўзларига кўра, мамлакат бир йил ичида узоқ масофага учувчи ракеталар ишлаб чиқаришга ўтиши мумкин ва Ўзбекистонга мудофаа саноати соҳасида ҳамкорликни таклиф қилишга тайёр.

«Биз Сербия аҳолисига бу ҳақда камдан-кам гапирамиз, аммо технологик ва саноат нуқтаи назаридан жиддий тараққиётга эришдик. Келгусида ушбу йўналишни ривожлантириш ниятидамиз ва бу соҳада Ўзбекистонлик дўстларимиз билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз», — дея Вучич ўз фикрини якунлади.

Сербия мудофаа саноати Ғарбий Болқон минтақасидаги энг йирик саноат ҳисобланади. Мамлакатда бронетехника, ўқ-дори, ракеталар ва учувчисиз аппаратлар ишлаб чиқарадиган қарийб 200 та корхона фаолият юритади. БМТ маълумотларига кўра, сўнгги бир неча йил ичида Сербия реактив залпли ўт очиш тизимлари учун қарийб 18 мингта ракета, шунингдек, катта миқдордаги отувчи ва танкка қарши қурол-яроғ экспорт қилган. Маҳсулотларнинг асосий харидорлари Болгария, АҚШ, БАА, Саудия Арабистони ва Ироқ бўлган.

Ўз навбатида, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Белграддаги бизнес-форумда сўзга чиқиб, Сербия бизнеси билан ҳамкорликнинг бешта устувор йўналишини санаб ўтди. Улар қаторига қуйидаги соҳалар киради:

✅ машинасозлик ва электротехника;

✅ фармацевтика;

✅ тўқимачилик саноати;

✅ қишлоқ хўжалиги;

✅ IT ва рақамли иқтисодиёт.

Марказий Осиё республикаси раҳбари Сербиянинг қатор компанияларини ўзбекистонлик ҳамкорлар билан биргаликда ишлашга таклиф қилди. Хусусан, гап машинасозлик компанияси Gosa FOM, дори воситалари ишлаб чиқарувчилари — Galenika ва Abela Pharm, енгил саноат вакиллари — Yumco ҳамда Luss Textile ҳақида бормоқда.

Мирзиёев Ўзбекистонда қўшма агрокластерлар ташкил этиш ташаббуси билан чиқди, шунингдек, сербиялик компанияларни сентябрь ойи охирида Тошкентда бўлиб ўтадиган Халқаро ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги (ICT Week Uzbekistan)да иштирок этишга таклиф қилди. Тадбир доирасида алоҳида икки томонлама бизнес-форум ўтказиш режалаштирилган.

Марказий Осиё республикаси раҳбари тўлақонли элчихона очилишини кутмасдан, Белградда Ўзбекистоннинг алоҳида дипломатик ваколатхонасини очишга қарор қилинганини маълум қилди. Президентнинг таъкидлашича, келаси ҳафтаёқ бу ерга дипломатлар етиб келади ва маҳаллий тадбиркорларга ўзбекистонлик бизнес вакиллари билан ишбилармонлик алоқаларини ривожлантиришда кўмаклаша бошлайди. У, шунингдек, масъул шахсларга Тошкент ва Белград ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш жараёнини тезлаштиришни топширганини айтди.

Аввалроқ томонлар эркин савдо тўғрисидаги битимни ишлаб чиқаётгани хабар қилинган эди. Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратовнинг аниқлик киритишича, ҳужжат барча товарлар учун паритет асосида ноль ставка белгилашни назарда тутади. Бу импорт-экспорт операциялари ҳажмини ошириш учун жозибали шароит яратади.

ℹ️ 7–8 сентябрь кунлари Ўзбекистон президентининг Сербияга тарихдаги илк ташрифи бўлиб ўтди. Ташриф доирасида Мирзиёев ва Вучич Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида Қўшма декларацияни имзоладилар. Бундан ташқари, саноат ва рақамли иқтисодиётдан тортиб меҳнат миграцияси ва логистикагача бўлган турли соҳаларни қамраб олган қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.