Олмаотада гиёҳвандлик воситаларини сақлашда айбланаётган собиқ православ руҳонийси Иаков Воронцов суд жараёнини ёпиқ режимда ўтказиш тўғрисидаги қарорга норозилик сифатида очлик эълон қилди. Воронцов баёнотини Respublika.kz нашри эълон қилди.
Собиқ иеромонах Иаков (асл исми Владимир Воронцов) ишини Олмаотанинг Медеу тумани 2-сонли туман суди кўриб чиқмоқда. Биринчи суд мажлиси бир неча кун олдин ўтказилиши керак эди, бироқ у «номаълум муддатга» қолдирилган. Натижада суд жараёни 16 сентябрь куни маҳаллий вақт билан соат 15:00 да бошланди.
Суд биноси олдига Воронцовнинг қариндошлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва уни қўллаб-қувватловчилар тўпланди. Суд мажлиси бошида давлат айбловчиси айрим гувоҳлар ўз хавфсизлигидан хавотирда эканини билдириб, суд жараёнини ёпиқ режимда ўтказишни сўради. Ҳимоя томони бунга қарши чиқди, бироқ судья прокурорнинг илтимосномасини қаноатлантирди.
Шундан сўнг Воронцов қарорни ноқонуний ва «унинг ҳуқуқларини қўпол равишда бузувчи» деб ҳисоблашини таъкидлаган.
«Норозилик сифатида очлик эълон қиламан. Фақат сув ичаман... Ҳуқуқларим бузилганига норозилик сифатида муддатсиз очлик эълон қиламан», — деган руҳоний. Унинг қўшимча қилишича, суд уни ҳимоя ҳуқуқи, ошкоралик ва сўз эркинлигидан маҳрум қилган.
Руҳонийнинг адвокати Ғалым Нурпеисов Respublika.kz нашрига берган изоҳида судьянинг қарорини «абсурд» деб атайди. Унинг таъкидлашича, ўз ҳаётидан хавфсираётган гувоҳларни сўроқ қилишнинг махсус тартиби мавжуд бўлиб, унда гувоҳларни суд жараёни иштирокчилари билан тўғридан-тўғри алоқадан ҳимоя қилиш мумкин. Шу сабабли суд жараёнини тўлиқ ёпиш талаб этилмайди.
❗Иеромонах Иаков Воронцов Қозоғистонда ўзининг очиқ урушга қарши позицияси билан танилган. У Россиянинг Украинага босқинини омма олдида танқид қилган, Рус православ черкови раҳбарияти сиёсатини қоралаган ҳамда Қозоғистонда Москва патриархатидан мустақил православ жамоасини рўйхатдан ўтказишга уринган.
Ўз позицияси туфайли Воронцов руҳонийлик унвонидан маҳрум этилган. 13 февралга ўтар кечаси у қўлга олинган. Олмаота маъмурий суди иеромонахни гиёҳванд моддаларни тиббий мақсадларсиз истеъмол қилишда айбдор деб топиб, 10 суткалик қамоқ жазосини тайинлаган. Кейинроқ руҳонийга гиёҳванд моддалар истеъмол қилинадиган жойни сақлаш ҳамда гиёҳванд моддаларни сотиш мақсадисиз сақлаш ҳақидаги моддалар бўйича айбловлар қўйилган, 25 февраль куни эса тергов суди уни яна ҳибсга олган. Иаков ота ўзига қўйилган барча айбловларни рад этган ва ишни сохталаштирилган деб атаган.
13 май куни терговчи Воронцовга нисбатан эҳтиёт чорасини ўзгартириб, уни ихтисослаштирилган психиатрия муассасасига жойлаштиришни сўраган. Адвокати Ғалим Нурпеисовнинг сўзларига кўра, ҳимоя томони психиатрия экспертизасини ўтказишдан бош тортган, бироқ шунга қарамай, Воронцов мажбурий даволанишга юборилган. Унинг психиатрия шифохонасидан СИЗОга қайтарилгани 13 июль куни маълум бўлган.
«Шифокорлар унда ҳеч қандай руҳий бузилишларни аниқламади ва соғлом инсонни аслида йўқ касалликдан даволашдан бош тортишди», — дея баёнот берган эди ўшанда Қозоғистондаги Инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги бюроси.
Воронцов иши бўйича тергов ёз охирида якунланган. Бир неча кун олдин Ғалим Нурпеисов ҳимоясидаги шахсга янги айблов далолатномаси топширилганини маълум қилди. Ундан гиёҳванд моддалар истеъмол қилинадиган жойни ташкил этиш ёки сақлаш (Қозоғистон Жиноят кодексининг 302-моддаси 1-қисми) бўйича айблов олиб ташланган, сотиш мақсадисиз гиёҳванд моддаларни қонунга хилоф равишда сақлашга оид модда эса қолдирилган.



