Қозоғистон Ички ишлар вазирлигига графити учун алоҳида жазо жорий этиш топширилди

Ижтимоий тармоқлардан олинган фотосурат. «Буран» космик кемасидаги графити парчаси

Қозоғистонда биноларга графити, ёзувлар ва расмлар чизганлик учун янги жарима жорий этиш режалаштирилмоқда. Бош вазир Олжас Бектенов Ички ишлар вазирлигига қонунчиликка тегишли ўзгартишлар тайёрлашни топширди, деб хабар беради Kursiv.kz нашри.

«Ички ишлар вазирлиги вандализм ва безориликнинг олдини олиш мақсадида жамоат жойларига зарар етказадиган барча турдаги графитиларга тўлиқ тақиқ қўйиш бўйича қонунчиликка ўзгартишлар киритиш бўйича таклифлар тайёрлаши керак», — деган Бектенов 21 сентябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда.

Ўз навбатида, Ички ишлар вазири Ержан Саденов Қозоғистонда ёдгорликлар ва табиий жойларни таҳқирлаш билан боғлиқ 11 та жиноий иш тергов қилинганини маълум қилган. Бундан ташқари, полиция ходимлари кўнгиллилар билан биргаликда гиёҳванд моддаларни реклама қилувчи тахминан 80 000 та графитини ўчиришган.

Саденовнинг сўзларига кўра, мамлакатда гиёҳванд моддаларни тарғиб қилиш ва рекламаси бўйича 81 та жиноий иш қўзғатилган, уларда 19 киши судланган.

Ҳукумат йиғилиши президент Қосим-Жомарт Тўқаевнинг «Тоза Қозоғистон» экологик норозилик намойишидаги нутқидан бир неча кун ўтгач бўлиб ўтди. Ўшанда у расмийларга бир қатор кўрсатмалар берганди, жумладан, жамоат биноларида графитини тақиқлаш борасида.

“ Давлат раҳбари Қозоғистон шаҳарларида бунга йўл қўйиб бўлмаслигига ишонади ва вандализм ва ёвуз безорилик намунаси сифатида бутун дунё бўйлаб шаҳар ҳудудларини бузаётган бундай “ижодкорлик”ни бутунлай тақиқлаш учун қонунчилик йўли билан тартибга солиш чоралари кўрилиши керак”, — деб хабар берганди ўша пайтда президент матбуот хизмати.

Tengrinews.kz графити билан боғлиқ энг шов-шувли ишларнинг бир нечта мисолларини келтиради. Масалан, ўтган йили номаълум шахслар Остонада LRT вагонларига раслар чизиб ташлашган. Иш полицияга юборилган ва графити махсус воситалар ёрдамида ўчирилган.

Бир неча йил олдин номаълум шахслар Байқўнғир космодромига кириб, тугалланмаган Буран космик кемасига графити чизишган.

Янги чекловлар Қозоғистон шаҳарлари кўчаларида вақти-вақти билан пайдо бўладиган деворий расмлар (мурал) га тааллуқлими ёки йўқми, ҳали номаълум. Кўк-Жайлау воҳасини ҳимоя қилиш учун шундай асарлардан бири яқинда Олмаотадаги Мустафина кўчасида пайдо бўлганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ