Тўқаев тил масаласидаги баҳсларни Яратганга қарши уруш олиб бориш билан қиёслади

Қозоғистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев муайян бир тилга қарши курашишга йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлаб, бундай ҳаракатни Худога қарши уруш билан қиёслади. Бу ҳақда у Халқ кенгаши (Қазақстан Халық Кеңесі) сессиясида айтди, деб хабар беради Оқўрда.

«Тил — “Худонинг иродаси”, муайян бир тилга қарши курашиш — Яратганга ва У томонидан нозил қилинган барча нарсаларга қарши жанг қилишга уриниш демакдир. Бундан каттароқ аҳмоқликни тасаввур қилиш қийин. Шунинг учун тил, уларнинг ҳар бири, бирлик ва тараққиётнинг белгиловчи омилига айланиши керак», — деди давлат раҳбари.

У Қозоғистонда тил, этник, диний ва бошқа белгиларга кўра камситиш тақиқланганини ҳам эслатди.

Шу билан бирга, Тўқаев республикада, айниқса ёшлар орасида, қозоқ тилига бўлган талаб тобора ортиб бораётганини ва бу маъмурий ёки сиёсий мажбурловсиз амалга ошаётганини таъкидлади.

«У давлат тили сифатида, шунингдек, миллий маданият ва ўзлик рамзи сифатида талабга эга. Қозоқ тилининг ҳатто асосларини билмаслик умумий саводхонлик ва маълумотнинг етарли эмаслигининг белгисига айланди. Буларнинг барчаси бағрикенглик ва ишонтириш тамойиллари асосидаги биргаликдаги ишларимиз натижасидир. Аммо бу бошқа тиллардан воз кечишни англатмайди ва уларни камситиш ҳуқуқини бермайди», — деди президент.

Унинг сўзларига кўра, провокаторлар ижтимоий тармоқларда ва реал ҳаётда низо қўзғатиш учун тил ва миллатлараро муносабатлар мавзусидан фойдаланмоқда. Шу орқали улар жамиятни заифлаштириш, Қозоғистон суверенитетига путур етказиш ва мамлакатни бирликдан маҳрум қилишга интилади.

Қозоғистон раҳбари сўнгги икки кун ичида «тил масаласи» мавзусига иккинчи бор мурожаат қилди. 22 сентябрь куни Рус тили бўйича Халқаро ташкилот бош котиби Наталья Бочарова билан учрашувда у тил одамларни бирлаштириши, сиёсийлаштириш мавзусига айланмаслиги кераклигини таъкидлаган эди.

2026 йилда қабул қилинган Қозоғистоннинг янги Конституциясига кўра, давлат тили мақомини қозоқ тили сақлаб қолади. Рус тили қозоқ тили билан бир қаторда давлат органлари ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларида, шунингдек, қонунчиликка мувофиқ бошқа соҳаларда ҳам қўлланилиши мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ