Қозоғистон суди россиялик Юлия Емельяновага бошпана беришни узил-кесил рад этди

Юлия Емельянова. Ижтимоий тармоқдаги фотосурат

Остона шаҳридаги кассация суди россиялик Юлия Емельяновага бошпана беришни рад этди. Бу ҳақда Қозоғистон Халқаро инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги бюроси хабар бериб, бу фаолнинг бошпана бериш ҳақидаги аввалги рад қарорлари устидан шикоят қилиши мумкин бўлган сўнгги суд инстанцияси эканини таъкидлади.

Юлия Емельянова — россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийнинг Санкт-Петербургдаги штаби собиқ ходими. Россияда унга қарши 2021 йилда ўғирлик моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган. Тергов версиясига кўра, фаол гўёки Санкт-Петербургда таксичининг телефонини ўғирлаган. Емельянованинг ўзи айбини рад этиб, иш сохталаштирилганини айтган. Иш судга оширилганидан сўнг фаол мамлакатни тарк этган.

Россиядан кетганидан кейин Емельянова эмигрантлар ва украиналик қочқинларга ёрдам бериш лойиҳаларида иштирок этган.

Ўтган йил 31 август куни уни Олмаота аэропортида ушлашган. Емельянова Қозоғистонда транзит орқали бўлган — у Грузиядан Вьетнамга учиб кетаётган бўлган. Мухолифатчи Россия томонидан давлатлараро қидирувга берилгани сабабли қўлга олинган.

11 февраль куни Қозоғистон уни Россияга экстрадиция қилиш ниятида экани ҳақида хабар берилганди. Шу ойнинг ўзида Ғарбий Қозоғистон вилояти маъмурий суди россиялик фуқарога сиёсий бошпана беришни рад этган. Май ойида эса ҳуқуқ ҳимоячилари маълумотига кўра, у яна бир бор рад жавобини олган. Ҳозирда Емельянова Олмаотадаги тергов ҳибсхонасида сақланмоқда.

Бир неча кун олдин БМТнинг Россиядаги инсон ҳуқуқлари вазияти бўйича махсус маърузачиси Мариана Кацарова Емельяновани ва яна бир фаол — 2025 йил май ойида Россия сўровига асосан Қозоғистонда ушланган Мансур Мовлаевни экстрадиция қилишни тўхтатишни талаб қилганди. Унга товламачиликда айблов қўйилган, Мовлаев эса бу айбловларни сохта деб ҳисоблайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ