Литва ҳукумати Қирғизистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон, шунингдек, Босния ва Герцеговинадаги виза марказларини ёпишга қарор қилди. Бу ҳақда 23 сентябрь куни Литва Ички ишлар вазири Мартинас Кателинас (Martynas Katelynas) хабар берди.
Кателинас Facebookдаги саҳифасида ташқи хизмат кўрсатиш бўлинмалари деб аталган виза марказлари хорижликлар ва Литва муассасалари ўртасида воситачи вазифасини бажарган. Уларда Литвада яшаш учун рухсатнома олиш бўйича аризалар қабул қилинган ва миграция жараёнлари бошланган.
Вазир таъкидлашича, қарор хавфсизлик ва террорчилик таҳдиди хатарлари баҳоланганидан сўнг қабул қилинган.
«ДХД (Давлат хавфсизлиги департаменти) эҳтимолий террорчилик хавфлари ҳақида огоҳлантираётган ва Марказий Осиёдан келган айрим шахсларда радикал қарашлар ёки террорчилик билан алоқалар борлигини аниқлаётган бир пайтда давлат хавф инцидентга айланишини кутиб ўтира олмайди», — деди Ички ишлар вазири.
У ташқи хизмат кўрсатувчиларнинг янги бўлинмаларини очиш режалаштирилмаётганини қўшимча қилди.
Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, қарор қабул қилинишидан олдин Литвада ташқи хизмат кўрсатувчи бўлинмаларнинг 31 та маркази фаолият юритган. Қарор кучга кирганидан сўнг уларнинг сони 27 та бўлиб қолади. Тўртта марказни ёпиш 2026 йил 1 ноябрга режалаштирилган.
Кателинас Žinių radijus нашрига берган изоҳида келажакда барча виза марказлари ёпилишини маълум қилди.
«Режанинг бир қисми ташқи хизмат кўрсатувчи бўлинмалар қолмаслигидан иборат. Бу меҳнат миграцияси тамойилига асосланган мутлақо бошқача иммиграция сиёсати бўлади. Бунда президентнинг аввал тақдим этилган циклик меҳнат миграцияси ҳақидаги таклифи ҳам инобатга олинади», — деди Литва ички ишлар вазири.
Вазир Шенген визаларини бериш тўхтатилмаслигини таъкидлади.
«Ҳеч нарса ҳавода осилиб қолмайди. Ҳозиргача турли хил визаларни, жумладан, C тоифасидаги Шенген визаларини олиш учун элчихоналар ва консуллик муассасаларига мурожаат қилиш мумкин эди ва бундан кейин ҳам шундай бўлади. Элчихоналар ва консуллик муассасалари ёпилмайди», — деди вазир 24 сентябрь куни Сеймда (Литва парламенти) сўзлаган нутқида.
Марказларни ёпиш ҳақидаги қарор Литванинг миграция сиёсатини кучайтириш фонида қабул қилинди. 2026 йил сентябрь ойи бошида Литвага ишлаш учун келадиган хорижликлар учун шу йилга белгиланган 24,7 минг кишилик квота тўлиқ тўлдирилган. Квота тўлганидан сўнг ишга жойлашиш асосида вақтинчалик яшаш учун рухсатномалар фақат қонунларда назарда тутилган ҳолатларда берилиши мумкин.
Миграция департаментининг 2026 йил 1 сентябрдаги маълумотларига кўра, Литвада қарийб 227 минг нафар хорижлик амалдаги яшаш рухсатномасига эга. Уларнинг 80 минг нафари — Украина фуқаролари, қарийб 48 минг нафари — Беларус фуқаролари, 13 минг нафари — Россия фуқаролари, шунчага яқини — Ўзбекистон фуқаролари, 9,4 минг нафари — Ҳиндистон фуқаролари, 7,4 минг нафари — Тожикистон фуқаролари.
«Азаттык-Азия» эслатишича, 2025 йилда Литва ҳукумати Душанбе шаҳридаги виза марказини ҳам ёпиш ҳақида маълум қилган эди. Марказ икки йил фаолият юритган даврда мамлакатда яшаш учун ҳужжатларни қарийб 6,5 минг киши расмийлаштирган. Уларнинг аксарияти ҳайдовчилар ва қурувчилар бўлган. Бироқ, уларнинг кўпчилиги Литвадан фақат транзит нуқта сифатида фойдаланган, аслида эса Европа Иттифоқининг бошқа давлатларида ишлашган.



