Туркманистон ҳукумати Эроннинг Varesh Airlines авиакомпанияси самолётига ўз ҳаво ҳудуди орқали парвоз қилишга рухсат бермади. Теҳрондан Душанбе шаҳрига йўл олган самолёт орқага қайтишга ва Эронга қайтиб боришга мажбур бўлган. Бу ҳақда «Азия-плюс» хабар берди.
Ҳодиса 24 сентябрь куни содир бўлган. Flightradar24 маълумотларига кўра, самолёт 1 соат 8 дақиқа давомида ҳавода бўлган. Туркманистон авиация ҳукумати томонидан рухсат берилмаганидан сўнг лайнер Имом Хомайний номидаги аэропортга қайтган. Шундан сўнг у ўзгартирилган йўналиш бўйича, Озарбайжон ва Қозоғистон ҳаво ҳудудлари орқали Душанбе шаҳрига учиб кетган. Лайнер Тожикистон пойтахтига маҳаллий вақт билан соат 23:45 да қўнган, 01:00 да эса худди шу йўналиш бўйича Теҳронга қайтиб учган.
Душанбедаги Varesh Airlines ваколатхонаси «Азия-Плюс» нашрига маълум қилишича, авиакомпания Туркманистон ҳукумати томонидан мамлакат ҳаво ҳудудидан фойдаланиш учун берилган рухсатномага эга бўлган. Компания парвозга рухсат берилмаганини АҚШ томонидан Эронга нисбатан яқинда жорий этилган санкциялар билан боғлаган.
Аввалроқ АҚШ Молия вазири Скотт Бессент Нью-Йоркда CNBC телеканали эфирида 23 сентябрдан бошлаб барча Эрон авиакомпаниялари авиация хизматлари кўрсатувчиларга нисбатан иккиламчи санкциялар қўлланиши таҳдиди остида ўз фаолиятини тўхтатишини айтган эди.
«23 сентябрдан бошлаб барча Эрон авиакомпаниялари дунё бўйлаб ўз фаолиятини тўхтатади. Бу қандай амалга оширилади? Агар улар қўнса, сиз уларга ёқилғи қуйиб бера олмайсиз, қўниш хизматларини кўрсата олмайсиз, уларга чипта сота олмайсиз — акс ҳолда сиз доллар тизимидан чиқариб юбориласиз», — деди Бессент.
Ўз навбатида, Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби Муҳсен Ризоий қўшни давлатларни Эрон авиарейсларини чеклашга қаратилган АҚШ билан ҳамкорлик қилиш мумкин эмаслиги ҳақида огоҳлантирди. Унинг таъкидлашича, Теҳрон бундай ҳамкорликни жавобсиз қолдирмайди.



