Ўзбекистон терма жамоаси 14 йил ичида илк бор Эронни асосий вақтда мағлуб этди

Ўзбекистон терма жамоаси футболчилари. ЎФА фотосурати

Ўзбекистон футбол терма жамоаси 24 сентябрь куни Фарғонадаги «Истиқлол» стадионида бўлиб ўтган ўртоқлик учрашувида Эрон терма жамоасини 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Ҳар икки жамоа учун бу 2026 йилги жаҳон чемпионатидан кейинги илк учрашув бўлиб, улар Осиё кубоги-2027га тайёрганликнинг бошланиши эди.

Мезбонлар 10-дақиқада ҳисобни очди. Ўзбекистон терма жамоаси капитани Элдор Шомуродов Эрон ҳимоясидаги хатодан фойдаланиб, Алиреза Бейранванд дарвозасини ишғол қилди. Ўзбекистон жамоаси Фабио Каннаваро бошчилигида 1:0 ҳисобида олдинда борган ҳолда танаффусга чиқди.

49-дақиқада Эрон ҳисобни тенглаштирди: стандарт вазиятдан узатилган тўпни Жаҳонгир Ўрозов ўз дарвозасига буриб юборди. Бироқ 58-дақиқадаёқ Шомуродов пенальтини аниқ амалга ошириб, дубл қайд этди. Қўшиб берилган вақтда захирадан майдонга тушган Ҳусайн Норчаев якуний ҳисобни — 3:1 қилиб белгилади.

Сентябрь йиғинига Каннаваро миллий терма жамоа сафида мунтазам ўйнаб келган бир қатор футболчиларни, жумладан, Остон Ўрунов, Игорь Сергеев, Рустам Ашурматов, Жалолиддин Машарипов ва Фаррух Сайфиевни чақирмади. Жаҳон чемпионатида иштирок этган айрим футболчиларнинг йўқлиги ўйинолди матбуот анжуманининг асосий мавзуларидан бири бўлди. Италиялик мутахассис журналистларга терма жамоа эшиклари барча футболчилар учун очиқлигини айтди ва айрим футболчиларнинг чақирилмаганини жароҳат ёки спорт формасининг пасайиши билан изоҳлади.

Шу билан бирга, Эронга қарши ўйинда Каннаваро бир нечта асосий футболчиларни таркибда сақлаб қолди. Учрашувни дастлабки дақиқалардан «Манчестер Сити» ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов, Аббосбек Файзуллаев ва жамоани капитанлик боғичи билан майдонга бошлаб тушган Шомуродов бошлади. Дарвозада эса сўнгги йилларда асосий дарвозабон бўлиб келган Ўткир Юсупов ўрнига Владимир Назаров ҳаракат қилди.

Эрон эса ўзининг асосий футболчиларидан бирини терма жамоага қайтарди. Азмун жаҳон чемпионатида иштирок этмаган эди, гарчи у 57 та гол билан Эрон терма жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурарлар қаторига кирса ҳам. Эроннинг расмий манбалари унинг йўқлигини жароҳат билан изоҳлаган, ОАВ эса бу қарорни футболчи Эроннинг АҚШ ва Исроил билан можароси даврида Дубай ҳокими билан тушган суратни эълон қилгани атрофидаги можаро билан ҳам боғлаган. Терма жамоага қайтишидан олдин Азмун ҳеч кимдан хафа эмаслигини ва яна миллий жамоа сафида ўйнаш имкониятига эга бўлганидан хурсандлигини айтди. У иккинчи бўлимда капитанлик боғичи билан майдонга тушди.

Фарғонадаги устунлик Ўзбекистон учун Эрон устидан асосий вақтдаги 14 йил ичидаги биринчи ғалаба бўлди. Ўзбекистонликлар бу рақибни 90 дақиқа давомида сўнгги марта 2012 йил 14 ноябрь куни мағлуб этган — жаҳон чемпионати саралаш босқичида Теҳронда 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган эди.

Шундан кейин Ўзбекистон Эронни турнир доирасидаги икки учрашувда яна мағлуб этди, аммо ҳар икки сафар ҳам бунинг учун асосий вақтнинг ўзи етарли бўлмади: 2025 йилдаги CAFA Миллатлар кубоги финалида ҳал қилувчи гол қўшимча вақтда урилган, кейинчалик ўша йили ўзбекистонликлар пенальтилар сериясида ғалаба қозонганди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон терма жамоаси тарихда биринчи марта Эронга қарши бир ўйинда учта гол урди. Аввалги ўзаро учрашувларда эса энг юқори натижа иккита гол эди.

Каннаваро шогирдлари навбатдаги ўртоқлик учрашувларини 1 октябрь куни Сурияга қарши ва 6 октябрь куни Жанубий Кореяга қарши ўтказади. Эрон эса 29 сентябрь куни Россия билан ўйнайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ