Қирғизистонда диний мавзуларни ёритувчи блогерлар ва бошқа оммавий контент муаллифлари махсус гувоҳнома олишлари шарт. Бу ҳақда Дин ишлари ва миллатлараро муносабатлар бўйича миллий агентлик бош мутахассиси Нурғози Қирғизбоев маълум қилди. Бу ҳақда 24.kg нашри «Биринчи радио»га таяниб хабар берди.
Агентлик вакили тушунтиришича, мажбурий рухсатнома жорий этилишига тегишли қонунга янги — «диний воиз» атамасининг киритилиши сабаб бўлган. Шу муносабат билан блогерлар ёки диний мавзудаги подкастлар олиб борувчилар аввал Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармасига мурожаат қилиб, ўзларининг диний таълимга эга эканини тасдиқлашлари лозим. Шунингдек, ариза берувчи қайси йўналишларни ёритишни режалаштираётганини мулозимдорларга олдиндан маълум қилиши керак. Янги талаблар фақат ислом мавзусида фикр билдирувчиларга тааллуқлими ёки бошқа динларга ҳам татбиқ этиладими, ҳозирча аниқ эмас.
Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармасида текширувдан ўтгандан сўнг, блогер Дин ишлари бўйича миллий агентликка мурожаат қилиши керак. Агентлик бир йил муддатга амал қиладиган гувоҳнома расмийлаштиради. Кейинчалик уни узайтириш мумкин.
Қирғизбоев қоидаларни бузганлик учун назарда тутилган чоралар ҳақида ҳам гапирган. Масалан, агар блогер бир йил давомида «нотўғри маълумот тарқатиш ёки қандайдир қонунга хилоф фаолият» билан шуғуллангани аниқланса, унинг рухсатномаси бекор қилинади ва қоидабузар янги гувоҳнома олишга умид қила олмайди.
«Бу ҳақда подкастлар олиб бориш, постлар ва шарҳлар ёзиш, диний соҳадаги фаолияти ҳақида сўзлаш ёки ваъзлар билан чиқиш ниятида бўлган барча блогерлар ва диний арбоблар билиши керак», — дея хулоса қилди мулозим.



