Покистоннинг Афғонистонга янги зарбалари: Карзай Исломободни қарама-қаршиликдан воз кечишга чақирди

Бомбардимонлар оқибатидаги вайронагарчиликлар. Amu.tv фотосурати

Покистон Афғонистон ҳудудига янги қатор ҳаво зарбаларини берди. Афғонистон ҳукумати маълумотларига кўра, зарбалар оқибатида тўққиз нафар тинч аҳоли, жумладан аёллар ва болалар ҳалок бўлган, яна 11 киши яраланган. Зарба тунги вақтда Кунар вилоятининг Шалтани ва Ҳилманд вилоятининг Гармсир туманларига берилган. Толибон вакили Забеҳулла Мужоҳиднинг айтишича, учта турар жой биноси вайрон бўлган.

Ўз навбатида, Покистон зарбалар олдиндан режалаштирилганини ва жангариларнинг бошпаналари ҳамда лагерларига қаратилганини маълум қилди. Исломободнинг таъкидлашича, операция натижасида 22 нафар жангари, шунингдек, қурол-яроғ ва ўқ-дорилар йўқ қилинган. Покистон ҳукумати тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлишининг олдини олиш учун чоралар кўрилганини билдирди. Ҳозирча ҳар икки томоннинг баёнотларини мустақил равишда тасдиқлаш имкони йўқ.

Ҳозирги зарбалар Исломобод ва Толибон ҳукумати ўртасидаги муносабатлар кескин ёмонлашгани фонида сўнгги ўн кун ичида Афғонистон ҳудудига берилган Покистон ҳаво ҳужумларининг учинчи серияси бўлди. Покистон мунтазам равишда Афғонистон ҳукуматини Покистон Толибони — «Теҳрик-и Толибон Покистон» (TTP) ва бошқа қуролли гуруҳларга Афғонистон ҳудудидан фаолият юритишга рухсат беришда айблаб келмоқда. Толибон бу айбловларни рад этмоқда.

БМТ кескинликни тўхтатишга чақиради

Афғонистонга кўмаклашиш бўйича БМТ миссияси (UNAMA) трансчегаравий зўравонлик натижасида тинч аҳоли ҳалок бўлганини тасдиқлади ва яна бир бор барча томонларни халқаро гуманитар ҳуқуқ нормаларига риоя қилишга чақирди. Миссия келтирган маълумотларга кўра, 2026 йил бошидан буён трансчегаравий қуролли зўравонлик Афғонистонда тинч аҳоли орасида 1100 дан ортиқ қурбонга — ҳалок бўлганлар ва ярадорларга — сабаб бўлган.

БМТ тинч аҳолини ҳимоя қилиш ва вазиятнинг янада кескинлашувига йўл қўймаслик зарурлигини таъкидламоқда. Шу билан бирга, Покистон томони ўз операциялари фақат чегара ҳудудларида фаолият юритаётган қуролли гуруҳларга қарши қаратилганини таъкидлашда давом этмоқда.

Карзай зарбаларни қоралади

Афғонистоннинг собиқ президенти Ҳомид Карзай Покистоннинг янги ҳаво зарбаларини қоралаб, аҳоли яшайдиган ҳудудларга ҳужумлар ва аёллар ҳамда болаларнинг ҳалок бўлишини йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат деб атади. У Исломободни қарама-қаршилик сиёсатидан воз кечишга ва яхши қўшничилик муносабатларига қайтишга чақирди.

Зарбаларнинг янги тўлқини икки давлат муносабатларидаги давом этаётган инқироз фонида ва 5 октябрь куни Москвада Афғонистон бўйича ўтказилиши режалаштирилган учрашув арафасида содир бўлмоқда. Шу тариқа, Покистон ва Толибон ўртасидаги трансчегаравий қарама-қаршилик музокаралар арафасида минтақавий хавфсизликнинг асосий масалаларидан бирига айланмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ