Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказида1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан устоз ва мураббийларни шарафлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда Марказ матбуот хизмати хабар берди.
Тадбирда илм-фан, таълим, маданият ва маърифат соҳаларида фаолият юритаётган олимлар, профессор-ўқитувчилар ва мутахассислар иштирок этди.
Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдуҳаликов ходимларни байрам билан табриклаб, уларнинг жамият маънавий ҳаётидаги ўрни беқиёс эканини таъкидлади.
«Устоз — инсонга нафақат билим, балки ҳаёт сабоғини, маънавий қадриятларни ҳам берадиган улуғ зот. Айниқса, тарих, илм-фан ва маърифатни ўрганиш ҳамда уни келажак авлодга етказишда устозларнинг меҳнати алоҳида аҳамиятга эга», — деди Абдуҳаликов.
Учрашув давомида тарих фанлари доктори, профессор Зоҳидулло Мунавваров, шунингдек, давлат ташкилотларида узоқ йиллар масъул ва раҳбарлик лавозимларида меҳнат қилган тажрибали мутахассислар ҳамда Марказ жамоасининг бир қатор фаол ходимлари байрам муносабати билан самимий қутланди.
Тадбир иштирокчиларига гуллар топширилиб, уларнинг илмий, таълим ва маърифий фаолиятга қўшган ҳиссаси учун миннатдорлик билдирилди.
ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилди. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилди. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 550 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.



