Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Каспий денгизидаги машғулотлар вақтида 14 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлганидан сўнг мамлакат Қуролли Кучлари раҳбариятини ўзгартиришни давом эттирмоқда. 5 октябрь куни у Қуролли Кучлар Бош штабига янги раҳбар тайинлади. Бу лавозимни Айткурман Омарбеков эгаллади, деб хабар беради Оқўрда сайти. У шунингдек, мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига ҳам одам тайинлади.
Омарбеков аввалроқ Давлат қўриқлаш хизматида раҳбарлик лавозимларида ишлаган. 2022 йил январь ойидаги оммавий намойишлардан сўнг у ДҚХ бошлиғи ўринбосари вазифасини вақтинча бажарувчи ва бир вақтнинг ўзида Махсус операциялар кучлари қўмондони этиб тайинланган. Шу йил февраль ойидан Омарбеков Давлат қўриқлаш хизмати бошлиғининг ўринбосари — Махсус операциялар кучлари қўмондони лавозимида ишлаган.
Шунингдек, бугун Тўқаев Давлат қўриқлаш хизмати бошлиғининг янги ўринбосари — Махсус операциялар кучлари қўмондонини ҳам тайинлади. Бу лавозимни Азамат Ҳасенов эгаллади.
Янги тайинловлар Каспий денгизида ҳарбий хизматчилар ҳалок бўлганидан сўнг бошланган армия раҳбариятидаги кадрлар ўзгаришларининг навбатдаги босқичи бўлди.
3 октябрь куни Тўқаев яна бир қатор юқори лавозимдаги ҳарбийларни вазифасидан озод қилди. Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари — Бош штаб бошлиғи Қаниш Аубакиров истеъфога чиқарилди. У бу лавозимни 2026 йил январь ойидан бери эгаллаб келаётганди, ундан аввал эса икки йил давомида мудофаа вазири ўринбосари бўлган.
Мудофаа вазири ўринбосари Алмаз Жумакиев ҳам лавозимидан озод этилди. У мазкур лавозимда шу йил март ойидан бери ишлаб келаётганди.
Бундан ташқари, Қанат Ниязбеков Ҳарбий-денгиз кучлари бош қўмондони лавозимидан озод қилинди. У Қозоғистон Ҳарбий-денгиз кучларига 2025 йил август ойидан бери раҳбарлик қилиб келаётган эди.
27 сентябрь куни Тўқаев Мудофаа вазири Даурен Косановни ҳам истеъфога чиқарди. У мазкур лавозимда 2025 йил июнь ойидан ишлаб келаётганди. Унинг ўрнига 45 ёшли Айдос Мирзахметов тайинланди. У 2002 йилда Қозоғистон Қуролли Кучлари Ҳарбий академиясини тамомлаган. Вазир этиб тайинлангунига қадар у Давлат қўриқлаш хизмати департаментини бошқарган.
Кадрлар ўзгариши Мангистау вилоятида 14 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлганидан сўнг амалга оширилди. 24 сентябрь куни Каспий денгизида ўтказилган «Хазар қорғаны-2026» машғулотлари вақтида об-ҳавонинг ёмонлашуви ва шамолнинг кучайиши оқибатида 17 нафар ҳарбий хизматчини денгиз оқими олиб кетган. Уларнинг уч нафари қутқарилган, қолганлари ҳалок бўлган.
Фавқулодда ҳодиса юзасидан Жиноят кодексининг 453-моддаси 2-қисми («Оғир оқибатларга олиб келган хизматга совуққонлик билан муносабатда бўлиш») ва 465-моддаси («Кемани бошқариш қоидаларини бузиш») бўйича икки жиноят иши қўзғатилди. Мудофаа вазирлиги тизимидаги беш нафар мансабдор шахс гумонланувчи сифатида ушланди. Улар орасида Ҳарбий-денгиз кучлари бош қўмондонининг биринчи ўринбосари, икки ҳарбий қисм қўмондони, денгиз пиёдалари ротаси командири ва катер командири бор.
26 сентябрь куни Тўқаев Мудофаа вазирлигини комплекс текширувдан ўтказишни топширди.
Эртаси куни Оқўрда матбуот хизмати президентнинг сўзларини келтирди. У тинчлик даврида ҳарбий хизматчиларнинг ҳалок бўлишини «офицерлар, жумладан генералларнинг ўз моҳиятига кўра жиноий бўлмиш касбий малакасизлиги натижаси» деб атади.



