Санкт-Петербургда патент асосида ишлаётган мигрантларга савдо, фитнес ва гўзаллик салонларида ишлаш тақиқланди

Санкт-Петербург губернатори Александр Беглов патент асосида ишлаётган хорижий фуқароларни ишга жалб қилиш тақиқланган соҳалар рўйхатини кенгайтирди. Чекловлар чакана савдо, фитнес-клублар, спорт объектлари, сартарошхоналар, гўзаллик салонлари, шунингдек, айрим тиббий ва соғломлаштириш хизматларига тааллуқли.

«Деловой Петербург» нашрининг хабар беришича, ўзгартишлар губернаторнинг 2025 йил 5 декабрдаги 89-пг-сонли қарорига киритилган. Ушбу қарор билан аввалроқ патент асосида ишловчи ходимларни такси ва курьерлик хизмати соҳаларига жалб қилиш тақиқланган эди. Янгиланган рўйхат 2026 йил 15 октябрда эълон қилинди.

Чекловлар озиқ-овқат маҳсулотлари, ичимликлар ва тамаки маҳсулотларининг чакана савдосига, шунингдек, мева-сабзавот, гўшт, балиқ, нон ва қандолат маҳсулотларига ихтисослашган дўконларга ҳам тааллуқли. Тақиқ спорт клублари ва фитнес-марказлари фаолияти, спорт таълими, айрим тиббий хизматлар, сартарошхоналар ва гўзаллик салонларини ҳам қамраб олади.

Иш берувчиларга хорижий ходимлар сонини янги талабларга 2026 йил 15 декабрга қадар мувофиқлаштириш топширилган. «Деловой Петербург» нашри хабарига кўра, қарор расмий эълон қилинганидан ўн кун ўтгач кучга киради.

«Ведомости. Северо-Запад» нашрининг хабар беришича, чекловлар Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) давлатлари — Беларусь, Қозоғистон, Арманистон ва Қирғизистон фуқароларига, шунингдек, юқори малакали мутахассисларни ҳам қўшганда, ишлаш учун рухсатномага эга бўлган хорижликларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Ҳукумат чекловларни норасмий бандликка қарши курашиш ва хорижий ишчи кучини жалб қилишни тартибга солиш зарурати билан изоҳлайди. 2025 йил декабрида Беглов 2026 йил давомида патент асосида ишловчи ходимларни такси ва курьерлик хизмати соҳаларига жалб қилишни тақиқловчи қарорни имзолаган эди.

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Марказий Осиё республикаларининг Япония билан яқинлашувида кўз илғамас масалалар бор

  • Илҳом Алиев Марказий Осиё учун бегона эмас

  • Россиялик олимлар Марказий Осиёни Сибир дарёлари ёрдамида суғориш лойиҳасини қайта тикламоқчилар