Рубионинг Самарқандга ташрифи доирасида Ўзбекистон ва АҚШ 12 миллиард долларлик 50 дан ортиқ келишувни имзолади

Ўзбектистон ИССВ матбуот хизмати фотосурати

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио бошчилигидаги делегация таркибида Самарқандга келган Америка ишбилармон доиралари вакиллари ўзбекистонлик ҳамкорлари билан 54 та ҳамкорлик келишувини тузди. Ҳужжатларда 12 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига (ИССВ) таяниб, «Газета.uz» хабар берди.

Вазирлик маълум қилишича, келишувлар саноат, транспорт ва энергетика инфратузилмаси, муҳим минераллар, молия сектори, рақамли технологиялар, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва таълим каби турли соҳаларни қамраб олади. Шартномалар инвестициявий, технологик ва савдо ҳамкорлигини назарда тутади.

ИССВ матбуот хизмати бир нечта мисолни келтиради. Жумладан, Franklin Templeton, Oppenheimer & Co., Citigroup ва BlackRock компаниялари билан тузилган келишувлар ўзбекистонлик компанияларнинг халқаро капитал бозорларига чиқишини таъминлаш, институционал инвесторларни жалб қилиш ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштиришга қаратилган.

Wabtec компанияси билан қўшма ташаббус темир йўл техникаси ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга йўналтирилган. GE Aerospace билан ҳамкорлик доирасида эса америкаликлар Марказий Осиё мамлакатига «Ўзбекистон ҳаво йўллари» (Uzbekistan Airways) компаниясининг янги самолётлари учун двигателлар етказиб беради.

Кончилик соҳасидаги ҳамкорлик ReElement Technologies, Traxys ва Trafigura компаниялари билан тузилган шартномаларда мустаҳкамланган. Бу ҳолда гап конларни ўрганиш ва ўзлаштириш, технологиялар алмашинуви ҳамда табиий ресурслар, жумладан, муҳим минераллар тоифасига кирувчи фойдали қазилмаларни етказиб бериш ҳақида бормоқда.

Бундан ташқари, Amazon Leo билан тузилган шартномалар сунъий йўлдош алоқасини ривожлантиришни, GE HealthCare билан келишувлар замонавий тиббий технологияларни жорий этишни, Valmont Industries билан ҳамкорлик эса қишлоқ хўжалиги самарадорлигини оширишни назарда тутади.

Марко Рубионинг Самарқандга ташрифи доирасида ўтказилаётган «Марказий Осиё — АҚШ» (С5+1) форматидаги музокараларнинг ишбилармонлик дастури 19 октябрь куни Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Америка — Ўзбекистон савдо палатаси томонидан ташкил этилган Welcome&Orientation кириш сессияси билан бошланди.

ИССВ маълумотига кўра, ишбилармонлик дастурида жами 400 дан ортиқ компания вакиллари иштирок этмоқда. Улар орасида АҚШнинг 100 дан ортиқ, Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларидан 100 та ва Ўзбекистоннинг 200 та корхонаси вакиллари бор.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ