Актўбедаги ферроқотишма заводи ишчилари иш ҳақини ошириш талаби билан норозилик намойишига чиқди

t.me/holanewskz фотосурати

Актўбе ферроқотишмалар заводининг ўнлаб ишчилари иш ҳақини ошириш талабини қўйиб, норозилик намойишига чиқди, деб хабар беради Hola News.

Уларнинг сўзларига кўра, ишлаб чиқариш режалари ортиб бормоқда, аммо иш ҳақи йиллар давомида ўзгаришсиз қолмоқда. Ишчиларнинг аксарияти ойига 380–400 минг тенге (843–887 доллар), эритувчилар эса 500–600 минг тенге (1–1,3 минг доллар) маош олади. Айрим ходимлар ҳатто даромадлари камайганидан шикоят қилади.

«Уч йилдан бери маош бир хил. Озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлашди. Болаларимиз энди тўйиб овқатлана олмаяпти. Шунинг учун ҳаммамиз бу ерда турибмиз», — деди ишчилардан бири.

Металлурглар, шунингдек, таътилга чиқишдаги қийинчиликлардан шикоят қилиб, раҳбариятдан ўз саволларига жавоб беришни талаб қилишди.

Ulysmedia.kz хабарига кўра, вилоят меҳнат инспекцияси вакили Ақилбек Зейноллаули норозилик намойиши иштирокчилари олдига чиққан. У ҳар бир цехдан икки-уч нафардан вакил танлашни ва ишчиларнинг шикоятларини тўплаб, вазиятни ўрганишга ёрдам берадиган ишчи гуруҳ тузишни таклиф қилган. Бироқ, металлурглар бу таклифни рад этишган. Улар иш ҳақини ошириш бўйича қарорни бутун жамоа олдида эшитишни исташларини таъкидлашган.

Кейинроқ йиғилганлар олдига «Қазхром» ТМК бош директори Ержан Абдулабеков чиққан.

«Агар шу тарзда йиғилишда давом этсак, маош ошмайди. Бу ерда ўтиришимиз билан маош кўтариладими? Ҳозир бир қатор ишчиларда саволлар пайдо бўлди. Биз уларни баённомага киритяпмиз ва ишни давом эттирамиз», — деган у.

Абдулабеков ишчиларни ўз вазифаларига қайтишга чақириб, иш ҳақи масаласини шу ернинг ўзида ҳал қилиб бўлмаслигини таъкидлаган. Корхонанинг 40 фоизи давлатга тегишли бўлгани сабабли, маошни ошириш учун келишув талаб этилади.

«Қазхром» директори корхона харажатлари ҳам ошиб бораётганини қўшимча қилган.

«Сиз нархлар ошганини айтяпсиз. Биз ҳам буни ҳис қиляпмиз. Кокс ва электр энергияси қимматлашмоқда, таннарх ошяпти. Аммо, афсуски, маҳсулотни сотиш нархлари кўтарилмаяпти», — деб тушунтирган у.

Абдулабеков Янги йилдан кейин иш ҳақи оширилишини ваъда қилгае, бироқ маош қанчага кўтарилишини аниқ айта олмаган. Унинг сўзларига кўра, ошириш миқдори йил якунида, корхона фаолияти натижалари сарҳисоб қилинганидан кейин маълум бўлади.

«Қазхром» Eurasian Resources Group (ERG) таркибига киради. 2026 йил май ойида тадбиркор Шаҳмурат Муталип Патох Шодиев ва Александр Машкевичнинг меросхўрларидан гуруҳ акцияларининг 39,3 фоизини сотиб олган. Financial Times маълумотларига кўра, ушбу акциялар пакетининг қиймати 1,4 миллиард долларга баҳоланган.

Август ойида давлат ўзига тегишли ERG акцияларининг 40 фоизини «Самруқ-Қазина» фондига ўтказган. Ulysmedia.kz аввалроқ хабар берганидек, ушбу пакет 697,7 миллиард тенгега (1,5 миллиард доллар) баҳоланган. Давлат пул тўлови ўрнига фонднинг 31 та янги акциясини олган.

Акциядорлар алмашганидан кейин ҳам ERGнинг Қозоғистондаги активлари, жумладан, «Қазхром» «Евразийская Группа» масъулияти чекланган жамияти бошқаруви остида фаолият юритишда давом этган. 30 майдан буён компанияга Қудрат Шамиев раҳбарлик қилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ