Ўзбекистон пахта ҳосилини 4,63 миллион тоннага етказиб, белгиланган режани ортиғи билан бажарди

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистонда 4,63 миллион тонна пахта териб олинди. Бу режалаштирилган ҳажмнинг 103 фоизини ташкил этади. Бу ҳақда 22 октябрь куни республика Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Шу билан бирга, пахта далаларида ҳосил йиғим-терими давом этмоқда. Вазирлик маълум қилишича, 49 минг гектардан ортиқ майдонда ҳали фақат биринчи терим ўтказилган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, илгари мамлакатда пахта йиғим-терими декабрь ойининг охиригача давом этарди.

« Ўзи бир пайтлари 1 октябрда пахта терим бошланарди, лекин 20 декабрда ҳам у тугамасди. Худди кечаси биров пахта тергандай, кечаси штаб бўларди, эрталабга режа айтиларди», — дея эслади у 21 октябрь куни Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида тадбиркорлар ва инвесторлар билан учрашувда.

Одатда пахта уч босқичда териб олинади:

- Биринчи босқич — йиғим-терим мавсуми бошида, ғўза кўсакларининг энг кўп қисми очилган, хом пахтанинг ҳосилдорлиги ва сифати энг юқори бўлган пайтда.

- Иккинчи босқич — биринчи теримдан тахминан ўн кун ўтгач. Бу вақтда ҳам териб олинадиган хом пахта миқдори анча юқори бўлади.

- Учинчи, якуний босқичда — далаларда қолган пахта териб олинади. Бу пайтга келиб, қолган ҳосилнинг миқдори ҳам, сифати ҳам сезиларли даражада пасаяди.

Бироқ бу тартиб ўнлаб йиллар давомида ўзбекистонлик пахтакорлар учун асосий усул бўлган қўлда теримга тааллуқли. Ҳукумат маълумотларига кўра, сўнгги беш йилда пахта теримида қўл меҳнати ҳажми 1,8 бараварга камайган. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ахборотига кўра, жорий мавсумда 3,5 миллион тоннадан ортиқ пахта терим машиналари ёрдамида йиғиб олинган. Далаларга қарийб 3000 та машина жалб қилинган — бу ўтган йилги кўрсаткичдан уч баравар кўп.

Мамлакат ҳудудларида пахта теримини механизациялаш даражаси бугунги кунда 61 фоиздан 98,5 фоизгача ўзгариб туради. Республика бўйича ўртача кўрсаткич 76 фоизни ташкил этади. Масалан, Жиззах вилоятида ҳосилнинг 98,5 фоизи, Сирдарё вилоятида 94,2 фоизи, Тошкент вилоятида эса 81,2 фоизи терим машиналари ёрдамида йиғиб олинган.

Мамлакатда Хитой технологияларидан фойдаланиш ҳисобига ҳар гектардан 80–90 центнердан ҳосил олаётган хўжаликлар пайдо бўлди. Ҳукумат Ўзбекистонда ўртача ҳосилдорликни гектарига 60–70 центнерга етказишни кутмоқда. Таққослаш учун: 2016 йилда ўртача ҳосилдорлик гектарига 23,4 центнерни, 2025 йилда эса 46 центнерни ташкил этганди.

▪️ 2020 йил март ойида президент шу йилги ҳосилдан бошлаб пахта етиштириш бўйича давлат буюртмасини бекор қилиш тўғрисидаги қарорни имзолаган эди. Аввалги давлат харидлари тизими ўрнини пахта-тўқимачилик кластерлари билан шартномавий муносабатлар эгаллади. Бундан ташқари, ишлаб чиқарувчилар пахтани биржа механизмлари орқали сотиш имкониятига эга бўлди.

Шунга қарамай, соҳада ишлаб чиқариш бўйича прогноз ва шартномавий кўрсаткичлар ҳануз амал қилмоқда. 2026 йил учун пахта етиштириш мўлжали 4,5 миллион тонна этиб белгиланган эди.