Telegramдаги постлари учун судланган журналист Данияр Адилбеков озодликка чиқди

Данияр Адилбеков. Ижтимоий тармоқдаги фотосурат

Telegram-каналидаги постлари учун 2024 йилда судланган қозоғистонлик журналист Данияр Адилбеков озодликка чиқди. Унга берилган жазонинг қолган қисми бир ярим йил муддатга пробация назорати билан алмаштирилди, деб хабар беради «Правовой медиа-центр» («Ҳуқуқий медиа-марказ»).

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг маълумотларига кўра, суд сентябрь ойида жазони енгиллаштириш ҳақидаги илтимосномани қаноатлантирган. 8 октябрь куни Адилбеков колониядан чиқиб, оиласи бағрига қайтган.

«Правовой медиа-центр» юристи Гулмира Биржанова журналистнинг озодликка чиқишини «кичик ғалаба» деб атади. У пробация назорати муддати тугагач, Адилбеков журналистик фаолиятига қайтиши мумкинлигига умид билдирди. Чунки унинг ҳукмида касби билан шуғулланиш тақиқланмаган. Бундай чеклов эса шунга ўхшаш ишлар бўйича тобора кўпроқ қўлланмоқда.

2024 йил октябрь ойида Адилбеков қасддан ёлғон маълумот тарқатиш ва била туриб ёлғон хабар бериш айбловлари билан тўрт ярим йилга озодликдан маҳрум қилинган эди. Жиноий таъқиб журналист юритган «Дикая Орда» Telegram-каналидаги нашрлар билан боғлиқ бўлган.

Унинг устидан бир вақтнинг ўзида уч киши — журналист Гулжан Ергалиева, арабистонлик инвестор ва пойтахт аэропорти директори Юсуф Рашед Альджаудер ҳамда ўша пайтда Энергетика вазирининг ўринбосари лавозимида ишлаган, ҳозирда вазир Ерлан Аккенженов ариза билан мурожаат қилган.

Адилбеков Telegram-каналида Гулжан Ергалиева Қуандик Бишимбаевнинг адвокатлари билан интервью ўтказиш учун пул олгани ҳақида ёзган. Юсуф Рашед Альджаудер ҳақидаги постда эса у аэропорт бошқарувини четлаб ўтиб, ноқонуний равишда кўрсатма ва топшириқлар бераётгани айтилган.

Ерлан Аккенженовга келсак, тергов талқинига кўра, Адилбеков унга нисбатан коррупция жинояти содир этилгани ҳақида ёлғон хабар эълон қилган. Нашрларда амалдорнинг Карим Масимовнинг собиқ куёви Азамат Капенов билан алоқалари ҳақида сўз юритилган. Шунингдек, Адилбеков нефть савдогарларидан бирининг маълумотларига таяниб, Қозоғистонда нефть тақсимлаш жараёнида гўёки амал қиладиган коррупция схемасини баён қилган. Шу иш доирасида Адилбековга маълумот етказиб берган нефть савдогари Ерлан Саудегеров ҳам қўлга олинган. У шартли равишда уч йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Адилбеков 2024 йил баҳорида қўлга олинган ва шундан бери ҳибсда сақланган. У ўзига қўйилган барча айбловларни рад этган.

2025 йил январь ойида апелляция суди журналистга чиқарилган ҳукмни ўзгаришсиз қолдирган.

Қозоғистонда сўнгги йилларда ижтимоий тармоқлардаги постлар билан боғлиқ бир нечта шов-шувли иш тергов қилинди. 2023 йил февраль ойида мустақил журналист, ABZHAN NEWS Telegram-канали муаллифи Махамбет Абжан товламачилик ва қасддан ёлғон маълумот тарқатишда айбдор деб топилиб, тўққиз йилга қамалганди. Ўша йил декабрь ойида Олмаота ихтисослаштирилган туманлараро жиноят ишлари суди журналистлар Владимир ва Наргиз Севернихни ўта йирик миқдордаги товламачилик иши бўйича тегишлича етти ва саккиз йилга озодликдан маҳрум қилинган.

2024 йил февраль ойида Чимкентлик журналист Марина Низовкина Instagramдаги публикациялари учун 1,4 минг доллар жаримага тортилган. Суд уни шаҳар полиция департаменти бошлиғининг биринчи ўринбосари Ермахан Абдрамановга нисбатан туҳмат қилишда айбдор деб топган.

2026 йил август ойида журналист Александра Алеховага нисбатан чиқарилган ҳукм ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. У бозор эгалари ва савдогарлар ўртасидаги можарони ёритиш чоғида шахсий маълумотларни ноқонуний тарқатганликда айбланиб, уч йилга озодликдан маҳрум қилинган. Алехова ўз нашрларида ижарачиларнинг энг фаол вакилларидан бирига тавсиф берган. Бунда у суд кабинети ва полиция маълумотномасидаги, жамоатчилик учун очиқ бўлган маълумотларга таянган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ