Қозоғистонда учинчи АЭС қурилиши мумкин бўлган майдонлар тилга олинди

cool-readers.ru сайти фотосурати

Қозоғистон Атом энергияси агентлиги раиси Алмасадам Саткалиев мамлакатда учинчи АЭС қурилиши мумкин бўлган майдонларни маълум қилди, деб хабар беради Kazinform агентлиги.

Саткалиевнинг сўзларига кўра, дастлабки тадқиқотлар энг истиқболли майдонлар сифатида Шарқий Қозоғистондаги Курчатов шаҳрини, шунингдек, Ғарбий Қозоғистонни белгилаган.

«Ғарбий Қозоғистон атом станцияси реакторидан фойдаланиш бўйича ноёб тажрибага эга. Курчатов — атомчилар шаҳри. Бу ерда барча зарур малакалар мавжуд», — деди Агентлик раҳбари Қурултойнинг иқтисодий сиёсат, саноат ва энергетика қўмитаси йиғилишида.

Технология танлашда ўрта қувватли — 300 дан 600 МВт гача бўлган станциялар кўриб чиқилмоқда. Улар электр энергияси ишлаб чиқаришдан ташқари, иссиқлик таъминоти ва сувни чучуклаштиришни ҳам таъминлаши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойида Қозоғистондаги биринчи «Балқаш» АЭСини қуриш бўйича шартнома имзоланди. Унга «Қозоғистон атом электр станциялари» МЧЖ ва «Росатом» давлат корпорациясининг шўъба корхонаси — «Атомстройэкспорт» АЖ ўртасида келишув тузилган. Биринчи атом электр станцияси Олмаота вилоятининг Улкен қишлоғида қурилади.

Иккинчи станция («Мойинқум» — ишчи номи) учун ҳам мамлакат жануби — Олмаота вилоятининг Жамбил тумани танланган. Ушбу лойиҳа учун устувор пудратчи сифатида Хитойнинг CNNC (China National Nuclear Corporation) компанияси кўриб чиқилмоқда. Эҳтимол, учинчи станцияни ҳам шу компания қуради, бироқ бу борада ҳозирча расмий қарор қабул қилинмаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ