Туркманистон «Аркадаг» билан ўйин олдидан уч нафар эронлик футболчига виза бермади

«Гол Гоҳар» — «Аркадаг» учрашувидан лавҳа. ОФК фотосурати

Эроннинг «Гол Гоҳар» клубининг уч нафар футболчиси 4 ноябрь куни ОФК-2 Чемпионлар лигаси доирасида маҳаллий «Аркадаг» жамоасига қарши ўйин ўтказиши керак бўлган Туркманистонга кириш визасини ололмади. Бу ҳақда меҳмонлар бош мураббийи Меҳди Раҳматий ўйинолди матбуот анжуманида маълум қилди, деб хабар беради Tasnim агентлиги.

Varzesh3 спорт нашри маълумотларига кўра, Сиамак Немати, Муҳаммадҳусайн Жамолий ва Маҳан Афрузиян Туркманистонга кира олмаган. Футболчилар Эронга қайтишга мажбур бўлган. Шу билан бирга, «Гол Гоҳар» сафарга чиқишидан олдин ҳам турли сабаблар, жумладан, жароҳатлар туфайли тўққиз нафар футболчисидан айрилган эди. Шу тариқа, жамоа «Аркадаг»га қарши ўйинга жиддий кадрлар йўқотишлари билан етиб келган.

Раҳматий мезбон томоннинг ҳаракатларидан норозилигини билдириб, спорт ва футбол дўстлик ҳамда ўзаро ҳурматни мустаҳкамлаши кераклигини таъкидлади. Мураббийнинг сўзларига кўра, у нега шогирдларининг уч нафарига виза берилмаганини тушунолмаган. У бу вазият ҳақида очиқ гапиришни зарур деб ҳисоблашини қайд этди. Туркманистон ҳукумати визаларни рад этиш сабабларини маълум қилмаган.

Эрон жамоасининг сафарини ташкил этишда ҳам муаммолар юзага келган. Аввалроқ Туркманистон тўғридан-тўғри авиақатновга рухсат бермагани, шу сабабли футболчилар ўйин ўтказиладиган жойга Машҳад орқали боришга мажбур бўлгани хабар қилинган эди. У ердан жамоа автобусда йўлга чиққан. Чегара назоратидан ўтишни ҳисобга олганда, сафар тахминан ўн соат давом этган.

«Гол Гоҳар» ярим ҳимоячиси Омид Алишоҳ ҳам учрашувни ташкил этишни танқид қилди ва Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) ҳаракатларидан норозилигини билдирди. У юзага келган қийинчиликлар сабабли ўйинни бетараф майдонда ўтказиш керак эди, деб ҳисоблашини айтди. Шу билан бирга, эронлик клубнинг ўзи ҳам халқаро мусобақадаги рақибларини Тожикистонда қабул қилишга мажбур. Минтақадаги хавфсизлик вазияти туфайли ОФК Эрон клубларига рақибларини бетараф майдонларда қабул қилиш мажбуриятини юклаган. «Гол Гоҳар» Тожикистоннинг Ҳисор шаҳридаги стадионни танлаган, дастлаб Ўзбекистон, Ироқ ва Уммон вариантларини ҳам кўриб чиққан. Аввалроқ Eurasia Football нашри хабар беришича, клубнинг расмий мурожаатидан сўнг Тожикистон футбол федерацияси эронлик жамоани қабул қилишга рози бўлган.

«Аркадаг» — «Гол Гоҳар» учрашуви 4 ноябрь куни Аркадаг шаҳридаги стадионда бўлиб ўтади ва маҳаллий вақт билан соат 18:45 да бошланади. Бир ҳафта аввал жамоалар Тожикистоннинг Ҳисор шаҳрида учрашиб, 0:0 ҳисобида дуранг ўйнаган эди.

Уч турдан кейин «Аркадаг» B гуруҳида тўрт очко билан иккинчи ўринда бормоқда ва пешқадам — БААнинг «Ал-Жазира» клубидан уч очко ортда қолмоқда. «Гол Гоҳар» икки очко тўплаган ва гуруҳ жадвалининг сўнгги поғонасини эгаллаган. Плей-офф босқичига гуруҳнинг энг яхши икки жамоаси йўл олади.

«Аркадаг» 2023 йилда Туркманистоннинг собиқ президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ташаббуслари билан қурилиши бошланган янги шу номдаги шаҳарда ташкил этилган. Клуб бир неча бор мамлакат чемпионлигини қўлга киритган, 2025 йилда эса ОФК Чақирув лигаси ғолиби бўлган.