Қирғизистонда 13 ноябрь куни мамлакат президентлигига номзодларни кўрсатиш жараёни якунланди. Белгиланган муддатга қадар юксак лавозим учун 11 нафар даъвогар сайловда иштирок этиш бўйича ариза топширди, деб хабар бермоқда республика Сайлов ва референдумлар ўтказиш бўйича марказий комиссияси (Марказий сайлов комиссияси, МСК) ўз сайтида.
МСК маълумотларига кўра, айни пайтда номзодларни қўллаб-қувватловчи сайловчиларнинг электрон имзоларини тўплаш жараёни давом этмоқда. Мазкур босқич жорий йилнинг 8 декабрига қадар давом этади. Қонунчиликка мувофиқ, Марказий сайлов комиссиясида рўйхатдан ўтиш учун давлат раҳбари лавозимига ҳар бир даъвогар камида 30 минг фуқаронинг имзосини тўплаши зарур.
Шундан сўнг, 13 декабргача комиссия сайловда иштирок этишни истаганлардан ҳужжатлар тўпламини қабул қилади. Бунда номзодлар ва уларнинг ваколатли вакилларига етишмаётган ҳужжатларни белгиланган тартибда МСКга тақдим этиш ҳуқуқи берилади.
Президентлик курсисига даъвогарларни рўйхатга олиш жараёни 23 декабрга қадар амалга оширилади.
Айни дамда сайловолди кампаниясининг биринчи босқичидан 11 киши ўтиб, республика раҳбари лавозимига номзод бўлди. Эътиборлиси, улардан икки нафари тегишли билдиришномаларни қабул қилишнинг сўнгги куни бўлган 12 ноябрда ҳужжат топширган.
Қуйида номзодларнинг хронологик тартибдаги (билдиришнома топширилиши бўйича — энг олдиндан бошлаб кейингисига қараб) рўйхати келтирилган:
✅ Аймен Касенов;
✅ Азамат Эсенбеков;
✅ Сыймык Жапыкеев;
✅ Акай Кадиров;
✅ Исхак Масалиев;
✅ Садир Жапаров;
✅ Бактибек Калмаматов;
✅ Бактибек Адылов;
✅ Амур Айба Медер;
✅ Мамбетжунус Абилов;
✅ Клара Сооронкулова.
Қирғизистон президенти сайлови 2027 йил 27 январга белгиланган.
Қонунчиликка биноан, республика раҳбари лавозимига номзод 35 ёшдан кичик бўлмаслиги, давлат тилини билиши ҳамда мамлакатда жами камида 15 йил яшаган бўлиши шарт. Рўйхатдан ўтиш учун камида 30 минг сайловчи имзосини тўплаш ва 1 миллион сом (11,4 минг доллар) миқдорида сайлов гаровини киритиш лозим. Мазкур маблағ давлат бюджетига тушади ҳамда ғалаба қозонилган ёки номзодлик қайтариб олинган тақдирда даъвогарга қайтарилмайди.



