Тожикистонда қимматбаҳо металлар ва тошларни қазиб олиш, ишлаб чиқариш ҳамда уларнинг муомаласи бўйича хорижий компаниялар билан тузиладиган битимлар лойиҳалари мажбурий коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилади. Қонунчиликка тегишли тузатишларни президент Эмомали Раҳмон 21 октябрь куни имзолади, деб хабар беради «Азия-Плюс».
Ўзгартишлар 2001 йилдаги «Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисида»ги қонунга киритилди. Илгари хорижий юридик шахслар билан тузиладиган халқаро шартномалар ва битимлар лойиҳалари мажбурий иқтисодий-ҳуқуқий экспертизадан ўтказилар эди. Эндиликда унга коррупциявий хавф-хатарларни текшириш ҳам қўшилди. Экспертизани ўтказиш тартиби ҳукумат томонидан белгиланади, ташкиллаштириш билан эса ваколатли давлат органи шуғулланади. Парламент қуйи палатаси тузатишларни 15 июнда қабул қилган бўлса, юқори палата 17 октябрда маъқуллади.
Янги талаблар нафақат олтин қазиб олишга, балки бошқа қимматбаҳо металлар ва тошларни ишлаб чиқариш, улардан фойдаланиш ҳамда уларнинг муомаласи билан боғлиқ битимларга ҳам татбиқ этилади. Ушбу соҳадаги халқаро шартномалар аввалгидек мажбурий ратификация қилиниши шарт.
Тузатишлар майда старателлар қазиб олишини давлат томонидан тартибга солишни ҳам кучайтиради. Унга лицензиялаш, ҳисоб ва ҳисобот, давлат назорати ҳамда қазиб олинган хомашёни харид қилишда давлатнинг устуворлик ҳуқуқи татбиқ этилади. Ноқонуний қазиб олинган, муомаладан олиб қўйилган ёки мусодара қилинган қимматбаҳо металлар ва тошлар Тожикистон олтин-валюта захиралари таркибига кирувчи Давлат қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар фондига топширилади.
Қайд этиш жоиз, Тожикистоннинг олтин қазиб олиш тармоғидаги йирик хорижий инвесторлар Хитой компаниялари ҳисобланади. Улар орасида «Зарафшон» корхонасини назорат қилувчи Zijin Mining, «Покрўт» конига эгалик қилувчи China Nonferrous Gold, шунингдек, «ТАЛКО Голд» лойиҳасида иштирок этаётган TBEA ва Tibet Huayu Mining мавжуд.
Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра, 2023 йилда мамлакатда олтин қазиб олишнинг қарийб 70 фоизи «Зарафшон» ҳиссасига тўғри келган. Бошқа йирик ишлаб чиқарувчилар қаторида 49 фоиз улуши Буюк Британияда рўйхатдан ўтган Gulf International Minerals компаниясига тегишли бўлган Тожикистон—Британия «Апрелевка» қўшма корхонаси ҳамда «Тиллои точик» давлат корхонаси бор.



