Ўзбекистон ўзбек уруғларидан етиштирилган Афғонистон картошкасининг биринчи туркумини олди

ariananews.af фотоси

Афғонистоннинг Бомиён вилоятида етиштирилган картошканинг илк туркуми Ўзбекистонга етиб келди. Келишув ҳақида Ariana News телеканали хабар берди.

Унинг маълумотларига кўра, Афғонистон Савдо-саноат палатаси раиси Сайед Карим Ҳошимий ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раҳбари Даврон Ваҳобов 100 минг тонна Бомиён картошкасини экспорт қилиш бўйича келишиб олишди. Экспорт шартномаси матни устида иш давом этмоқда.

Картошка Ўзбекистон тақдим этган уруғлардан етиштирилди. Лойиҳага Тошкент ташаббуси билан 2026 йил май ойида старт берилган эди. Экинлар Шоҳидон ва Фаладий туманларида ҳамда вилоятнинг марказий қисмида 17 гектар майдонни эгаллади. Ўзбекистонлик мутахассислар афғон фермерлари билан бирга ҳосилни экиб, йиғиб олишди ва далаларни мунтазам назорат қилиб боришди. Ҳосилдорлик гектарига 40–45 тоннани ташкил этди. Ҳосил йиғиштириб олингач, сараланиб, қадоқланди ва Ўзбекистонга жўнатилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ