Қирғизистонда терговчилар суд рухсатисиз фуқароларнинг шахсий ёзишмаларини текшириш ҳуқуқига эга бўлади

Тасвир сунъий интеллект ёрдамида яратилган

Қирғизистонда терговчиларга алоҳида ҳолларда фуқароларнинг шахсий ёзишмалари ва бошқа махфий маълумотларини олдиндан суд рухсатини олмасдан ўрганиш ҳуқуқи берилади. Республика Жиноят-процессуал кодексига (ЖПК) киритилган тегишли тузатишлар 24 ноябрь куни «Эркин-Тоо» расмий газетасида эълон қилинди, деб хабар бермоқда 24.kg.

Ўзгартиришларга мувофиқ, фуқароларнинг шахсий ҳаётига оид маълумотларни, жумладан, ёзишмалар ва телефон сўзлашувларини ўз ичига олган рақамли маълумотлардан терговчилар ахборот эгасининг розилиги билан ва унинг иштирокида фойдаланишлари мумкин бўлади. Рад жавоби берилган тақдирда эса, қайси қурилмалар, ресурслар ва маълумотлар тоифалари ўрганилиши лозимлигини белгилаб берувчи тергов судясининг санкцияси талаб этилади.

Бироқ кечиктириб бўлмайдиган вазиятларда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига рақамли маълумотларни кўздан кечириш тўғрисида мустақил қарор қабул қилишга рухсат берилади. Ахборотнинг йўқ қилиниши ёки ўзгартирилиши хавфи, жиноятнинг рақамли изларини қайтариб бўлмас тарзда йўқотиш хавфи ёхуд маълумотлар узатилган манбани зудлик билан аниқлаш зарурати бунга асос бўлиши мумкин.

Бундай тергов ҳаракатлари ўтказилгани ҳақида 24 соат ичида прокурор ва тергов судяси хабардор қилиниши лозим. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳаракатларининг қонунийлигини текшириш учун тергов судясига яна бир кеча-кундуз вақт берилади. Шу билан бирга, адвокатлик сирини ташкил этувчи маълумотларга нисбатан бундай истисно тартиб татбиқ этилмайди.

Бундан ташқари, тинтув ва олиб қўйиш ҳаракатлари ўтказилаётганда фуқаролар ҳамда ташкилотлар терговчиларга электрон қурилмалар ва уларда сақланаётган, жиноят ишига алоқадор бўлган ахборотлардан фойдаланиш имкониятини тақдим этишга мажбур бўладилар.

Шунингдек, тузатишлар билан қонунчиликда электрон ёзишмалар, интернет-трафик ҳақидаги маълумотлар, фотосуратлар, аудио ва видеоёзувларни ўз ичига олган рақамли далиллар тушунчаси мустаҳкамланмоқда. Терговчилар рақамли маълумотлар эгалари зиммасига уларнинг сақланишини 90 кунгача муддатга таъминлаш бўйича мажбурият юклаши ва бу муддатни узайтириши мумкин.

Қонуннинг асосий қоидалари олти ойдан кейин кучга киради.

Таъкидлаш жоиз, Қирғизистон Конституциясининг 29-моддаси фуқароларга шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳамда ёзишмалар, телефон сўзлашувлари ва бошқа хабарлар сири сақланиши ҳуқуқини кафолатлайди. Бу ҳуқуқларни чеклашга фақат суд қарори асосидагина йўл қўйилади. Қўшимча қилиш керак, қонун лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси чоғида телекоммуникация соҳаси вакиллари таклиф этилаётган меъёрлар республика Асосий қонуни қоидаларига зид келиши мумкинлигини кўрсатиб ўтган эдилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ