Тошкент «марварид»и

Орадан 35 йил ўтган бўлсада, бино аввалгидек архитектура иштиёқмандларини ўзига жалб қилиб келмоқда
«Жемчуг» ичида. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Бу йили Тошкент шаҳар архитектурасининг модерн услубида бунёд этилган машҳур «Жемчуг» («Марварид») биносининг қуриб битказилганига 35 йил тўлади. У ўн бир йиллик қурилишдан сўнг, 1985 йили фойдаланишга топширилган ва 1966 йилги зилзиладан сўнг сейсмик тебранишларга бардошли энг биринчи бинолардан бири бўлган.

«Жемчуг» уйи. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

«Жемчуг» Офелия Айдинова бошчилигидаги архитекторлар гуруҳи томонидан лойиҳалаштирилган бино ҳисобланади. У 16 қаватга эга бўлиб, ҳар учинчи қаватида умумий майдонча (ҳовли) мавжуд. Бу майдончалар бино корпусларини тортиб туришдан ташқари, қаватдаги одамларнинг мулоқот қилишлари, дам олишлари учун умумий ҳовли вазифасини ўтайди. Лойиҳа муаллифларининг фикрича, айнан шу ҳовлилар бинога бетакрор кўрк бағишлайди.

«Жемчуг» биносининг томида. Ринат Каримов фотосурати, Strelkamag.ru

«Жемчуг»нинг бошқа яна бир диққатга сазовор жойи — унинг том қисмидаги майдончадир. У ерда солярий ва болалар учун катта бўлмаган ҳовуз ўрнатилган. 12 та вентиляция трубалари қуёшдан яширинишга имкон беради. Бинонинг том қисми лойиҳа муаллифларининг уйсозликдаги модерн услубига қўл урганлари кўрсатади ва Марселдаги Ле Корбюзье биносини ёдга солади. Ўша-ўша ҳовуз, солярий ва трубаларнинг ҳайкалсифат формалари…

«Жемчуг» биноси ичида. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Бассейндаги сув сизиб, лифт шахтасига тома бошлаганидан сўнг уни ёпдилар. Кейинчалик ҳовуз кичикроқ ҳолда қайта тикланди. 90-йиллари бино томида учрашувлар клуби ташкил этилди, жума кунлари бу ерда ижодий кечалар уюштирила бошланди. Клуб ҳозирда ҳам ишлайди, лекин ундаги тадбирлар анчагина жўн ва ёпиқ ҳолда ўтказиладиган бўлган. Президент Ислом Каримов даврида бино томида баъзида снайпер ёроғлари билан қуролланган махсус хизматлар ходимлари пайдо бўлиб турардилар, зеро, бино ёнгинасидан президент трассаси ўтганди.

«Жемчуг» биноси ичида. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Бинонинг биринчи қаватида «Жемчуг» деб номланган заргарлик магазини жойлашганди. Бинонинг номланиши ҳам айнан мана шу дўкон билан боғлиқ. Бу ерда тошкент киборлари ўзларига зеб-зийнатлар сотиб олардилар. Бундан бир неча йил олдин заргарлик магазини ёпилди ва унинг эгаси бу жойни офис учун ижарага берди. Бино ертўласида бу ерда истиқомат қиладиган одамлар учун кирхона ташкиллантирилганди. Кир машинаси стандарт ускуна эмас, саноат машинаси бўлгани боис, яхши самара бермади. Унда кир ювиш учун машинага жуда кўп кир ювиш кукунини солишга тўғри келарди.

«Жемчуг» биноси ичида. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

«Жемчуг» биносида ўша замон турар-жой архитектурасига хос кўпгина новаторлик ғоялари ўз аксини топганди— уйдаги ойналар горизонтал равишда очиларди, ҳар бир хонадоннинг айлана бурчаги бор эди ва урда махсус мебаль ўрнатилганди. Хонадон соҳибларининг барчасига ҳам бу ғоялар ёқмас ва айримлар ўз таъабидан келиб чиқиб, яшаш жойига ўзгартиришлар киритганлар. Шунга қарамасдан, «Жемчуг» ўзига хос кўринишини сақлаб қолди ва ҳамон турли ўлкалардан замонавий архитектура иштиёқмандларини жалб қилиб келмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ