«Боқий шаҳар достони»

Самарқандда «Буюк ипак йўли» халқаро туризм маркази расман очилди

23 август куни Самарқандда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва турли давлатлар элчилари иштирокида «Буюк ипак йўли» (одамлар орасида «Самарканд Сити» номи билан машҳур) халқаро туризм марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Самарқандда халқаро туризм маркази очилишига бағишланган намойиш. Андрей Кудряшов фотосурати, «Фарғона» АА

Мажмуа қурилиши 2019 йили бошланган эди. Унга тажрибали архитектор ва муҳандислардан иборат халқаро гуруҳ жалб этилди. Ишда ўзбекистонлик қурувчилар билан бирга Туркия, Буюк Британия, Эрон, Италия каби давлатлардан мутахассислар иштирок этди.

Кўп тармоқли марказ таркибига 8 та замонавий меҳмонхона, Конгресс-холл, «Боқий шаҳар» мажмуаси, амфитеатр ва бошқа кўплаб иншоотлар киради.

Туристик марказ биноларида Буюк ипак йўли даврига оид тарихий суратлар акс эттирилган. Шундай қилиб, «Боқий шаҳар» мажмуаси безакларида қадимий Афросиёб деворларида сақланиб қолган Сўғд давлати ҳукмдорининг Корея, Хитой, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлар элчиларини қабул қилиш маросими тасвирларидан фойдаланилган.

«Боқий шаҳар» мажмуасида эски бозор, Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари анъаналарига мос 40 та ҳунармандчилик устахонаси мавжуд. Бу ерда қадимий бозор, мамлакатимизнинг барча ҳудудларига хос 40 та ҳунармандлик устахонаси ташкил этилган. Унда усталар ёғоч ўймакорлиги, кулолчилик, заргарлик, гилам тўқиш каби жараёнларини сайёҳларга намойиш этади.

«Буюк ипак йўли» сайёҳлик маркази ҳудудида 15-16 сентябрь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) давлатларининг саммити бўлиб ўтадиган Конгресс холл жойлашган. Конгресс холлнинг майдони 18 минг квадрат метрни ташкил этади, сиғими 3,5 минг кишигача бўлган ўн учта конференция заллари мавжуд.

Шавкат Мирзиёев «Буюк Ипак йўли»нинг очилиш маросимида сўзлаган нутқида Самарқанднинг сайёҳлик салоҳиятига тўхталиб, бу шаҳарга келаётган хорижлик сайёҳлар сонини бир ярим миллиондан ортиқ кишига етказиш режалаштирилганини маълум қилди. Умуман олганда, ҳукумат олдида яқин беш йил ичида Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини ҳозирги 2 миллиондан 9 миллионга етказиш вазифаси турибди. Туризм соҳасида банд бўлган ўзбекистонликлар сони 500 минг кишидан ортиши кутилмоқда.

Очилиш маросими бир соатга яқин давом этган «Боқий шаҳар достони» номли муҳташам мусиқали-ёритиш намойиши билан якунланди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда дипломатик ваколатхоналар ўртасида миллий таомлар фестивали бўлиб ўтди

  • ШҲТ саммити тадбирларида иштирок этиш учун 20 га яқин давлат раҳбарлари Самарқандда йиғиладилар

  • Тошкентдаги Буддавийлар ибодатхонасида илк бор корейсларнинг ҳосил байрами нишонланди

  • Тошкентдаги Буддавийлар ибодатхонасига доир музокаралар боши берк кўчага кириб қолди