Нукус музейининг рус авангарди коллекцияси Парижга йўл олади

Кўргазма Араб дунёси институтида бўлиб ўтади

22 ноябрь куни Париждаги Араб дунёси институтида 19 аср ўрталаридан 20 аср бошларигача яратилган Ўзбекистон халқ амалий санъатининг ноёб асарлари кўргазмаси очилади.

Францияда илк бор Ўзбекистондаги тўққизта йирик музейнинг 300 дан ортиқ экспонатлари халқаро жамоатчиликка тақдим этилади. Уларнинг орасида тўқимачилик, кийим-кечак ва пойабзал, бош кийимлар, заргарлик буюмлари коллекциялари, шунингдек, Нукус шаҳридаги Савицкий номидаги давлат санъат музейига мансуб Туркистон ва рус авангардларининг 24 та асари шулар жумласидандир.

Николай Карахан. Қайрағоч остидаги ховуз олди чойхонаси, 1920-й. Холст, бўёқ. И. В. Савицкий номидаги Қорақалпоқ Республикаси давлат санъат музейи

Музей 1966 йилда ташкил этилган бўлиб, у «Чўлдаги Лувр» номини олган. Бу ерда Санкт-Петербургдаги Давлат рус музейидан кейин рус авангардининг дунёдаги иккинчи йирик коллекцияси жойлашган. Коллекциядан Роберт Фальк, Любовь Попова, Александр Шевченко, Александр Осмёркин, Василий Чекригин, Климент Редько, Николай Ульянов, Алиса Порет, Александр Волков, Александр Николаев (Усто-Мўмин), Михаил Курзин, Виктор Уфим каби таниқли рассомларнинг асарлари ўрин олган.

24 ноябрь куни Парижнинг Лувр музейида Ўзбекистон маданий меросига бағишланган яна бир – «Ўзбекистон воҳалари хазиналари. Карвон йўллари чорраҳасида» деб номланган кўргазма очилади.

Кўргазмалар орасида ислом оламининг энг муҳим қўлёзмаларидан бири бўлган VIII асрга оид Катталангар Қуръони ҳам тақдим этилади. Катталангар Қуръони Ислом дунёси учун улкан диний аҳамиятга эга китоб бўлиб, бутун инсониятнинг маданий ва тарихий меросини ташкил этувчи қадриятлардан биридир.

Катталангар Қуръони саҳифаси, VIII аср

Яна бир ноёб артефакт — Будданинг «Гулжал ташувчиси» ҳайкали (милоддан аввалги 1 аср ва милодий 1 аср). Кўргазмага ташриф буюрувчилар Бухоро амирлиги даври тарихидан ҳикоя қилувчи ўн иккита миниатюра, Кофир-қалъа (Самарқанд) шаҳарчасидаги 6-7-асрларга оид ёғоч панно парчаларини томоша қилишлари мумкин.

Хуллас, Луврдаги кўргазмада деярли икки минг йиллик даврни қамраб олган 169 та экспонат намойиш этилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • ШҲТ саммити тадбирларида иштирок этиш учун 20 га яқин давлат раҳбарлари Самарқандда йиғиладилар

  • Тошкентдаги Буддавийлар ибодатхонасида илк бор корейсларнинг ҳосил байрами нишонланди

  • Тошкентдаги Буддавийлар ибодатхонасига доир музокаралар боши берк кўчага кириб қолди

  • Самарқандда «Буюк ипак йўли» халқаро туризм маркази расман очилди