«Имконсиз вазифа»

Фарғонада Умида Аҳмедова ва Зилола Саидованинг фотокўргазмаси очилди

Ўзбекистон Бадиий академиясининг Фарғона бўлими Бадиий жамғармаси кўргазмалар залида икки фотограф – Умида Аҳмедова (Тошкент) ва Зилола Саидова (Бухоро)нинг кўргазмаси очилди.

Ўзбекистон аёллари тақдирини визуал ўрганишга бағишланган «Имконсиз вазифа» деб номланган кўргазма 30 дан ортиқ фотосуратларни ўз ичига қамраб олган ва 10 сентябргача давом этади.

«Қишлоқлар, айниқса чекка ҳудудларда яшаётган аёллар ҳаётини суратга олиш ғояси «Ўзбек аёлининг кечган бир куни» сюжетини суратга олишни бошлаганимдан сўнг пайдо бўлди. Менинг қаҳрамоним жуда фаол ва меҳнаткаш аёл эди. Лекин у менга «қизим янада кўпроқ ютуқларга эришишини, бошқача ҳаёт кечиришини ва дунёни кўришини жуда хоҳлайман», деганди», — дея сўз юритади Умида Аҳмедова.

— Бир-икки йил аввал бухоролик ажойиб фотограф Зилола Саидова билан Сурхондарё вилоятига борган эдик. Зилола одамларни нозик ҳис қилади, айниқса аёллар билан алоқа ўрнатолади. У натижага эришмагунча суратга олиш майдонини тарк этмайди ва жуда кўп кичик ҳикоялар яратади.

Кейинчалик мавзуни кенгайтиришга, уни видеога ёзиб олишга қарор қилдим. Аёлларга фақат иккита савол бердим: «Ҳаётдан олган ёрқин таассуротларингиз қандай бўлган?» ва «Нималар орзу қилгансиз ёки орзу қиляпсиз?». Кўпчилик ҳикоямнинг биринчи қаҳрамони каби жавоб берарди. Афсус ва ўзни намоён эта олмаслик, тоъбелик. «Имконсиз вазифа» номи ҳам мана шу ердан келиб чиқди.

Кўргазмада муаллиф Умида Аҳмедованинг ҳужжатли фильми ҳам намойиш этилди, ундан парча муаллиф томонидан тақдим этилган. Унда шоир Ҳамза Ҳакимзода-Ниёзийнинг «Ўзбек аёлига» шеъри асносида Ўзбекистон фольклор санъаткорлари ижросида қўшиқ куйланди. Ўзбек шоири Ҳамза бу қўшиқни бундан қарийб юз йил аввал — 1927 йили ёзган эди.