Машҳур асарнинг сирли кечинмалари

Ўзбекистонга Михаил Булгаковнинг «Уста ва Маргарита» романи қайтмоқда
Сид Янишев фотоси, "Фарғона"

Тошкентнинг Икуо Хирояма номидаги Карвон-саройида Михал Булгаковнинг “Уста ва Маргарита” романига бағишланган тасвирий асарлар кўргазмаси бўлиб ўтди. Тошкентнинг ўн беш нафар рассомлари буюк асарга бағишлаб яратган ижодий асарлари наъмуналари томошабинлар эътиборига ҳавола қилдилар. Кўргазмада уларнинг олтмишта асари қатнашди. Бир йилдан сўнг кўргазма ташаббускорлари мазкур романни бирданига рус, инглиз ва ўзбек тилларида нашр қилишни режалаштирганлар. Булгаковнинг ушбу романи билан боғлиқ юз берган барча мистик воқеалардан сўнг (Тошкентда ҳам юз берган) улар мазкур романни чоп эта олармиканлар?

Буюк романнинг “иблисона” кечмишлари

Аввали, “Илҳом” театрида рассом Алишер Иброҳимовнинг асарлари кўргазмаси чоғида ҳозирги асарларнинг бир қисми намойиш этилганди. Рассом Булгаков романининг ўттиз икки боби ва тугалланмаган ўттиз учинчи бобига бағишланган суратларини тақдим қилганди.

Алексей Назаров. Сид Янишев фотоси, "Фарғона"

Лойиҳанинг муаллифи ва продюсери, пойтахтдаги машҳур “АНИК” тиббиёт марказининг раҳбари Алексей Назаров ўнлаб кўзга кўринган ва ижодини энди бошлаётган рассомларга романга бағишлаб иллюстрациялар чизишни таклиф қилди. Бу таклифга ҳаммаям “лаббай” деб жавоб бермади. Аниқроғи, машҳур романга бағишлаб асарлар яратиш барча рассомларда иштиёқ уйғотди, лекин буни амалга ошириш учун уларнинг ё маҳорати ёки журъати етмади. Рассомларнинг ўн беш нафаригина ўз ишларини тақдим қилолди. Энди бўлса, ўша “журъат” борасида бироз тўхталиб ўтсак...

Гап шундаки, “иблисона таъм” берувчи романнинг яратилганидан бери, унга дахлдор бўлган деярли барча кимсаларнинг қисмати “ўзгача” кечган. Айрим кимсалар ҳатто оламни бемаврид тарк этганлар. Энди буларни бир тартибда сўзлаб берсак...

Михаил Булгаков «Уста ва Маргарита» романини 1940 йили ёзиб тугатади. Аниқроғи, ёзувчи романни якунлай олмай, қўлёзмалар папкаси устига “Ўлмасдан ёзиб тугатиш даркор” деб ёзиб қўяди. У романнинг 32 — бобини ёзиб тугатади. Асарнинг 33- боби, балки давомидаги бошқа боблар ҳам қоғозга тушмай қолади: буюк ёзувчи 1940 йил 10 март куни оламдан ўтади. 1941 йил марҳум ёзувчининг турмуш ўртоғи Елена Сергеевна Тошкентга эвакуация орқали келади. Ана ўшанда Михаил Булгаков романининг қўлёзмаси илк бор Ўзбекистонда пайдо бўлади, турган гапки ёзувчининг хотини романни ўзи билан бирга олиб келганди.

Аёл Тошкентнинг Жуковский кўчасидаги №54 уйда истиқомат қилади. Бу уйда машҳур москвалик адабиёт намоёндалари — Анна Ахматова, Николай Погодин, Иосиф Уткин ва Луговскийлар оиласи яшаган. Сўз ўрнида: “Уста ва Маргарита” романи илк бор 1966 йили “Москва” журналида чоп этилган. Ўша йили Тошкентдаги №54 уй зилзила туфайли вайрон бўлади. Бу оддий тасодифга ўхшайди, лекин аниқки — тасодифлар шунчаки юз бермайди.

Маълумки, Булгаков романини экранлаштирмоқчи бўлган кинорежиссёр Юрий Кара жуда кўп тўсиқларга дуч келади. Унинг 1994 йили суратга олинган “Уста ва Маргарита” фильми картина эгаси “ТАМП” фирмаси, Булгаков ворислари ва режиссёр ўртасида бўлиб ўтган турли тортишувлар сабаб 16 йил экран юзини кўрмайди. Оқибатда фильм премьераси 2011 йилдагина, унинг катта қисми кесиб ташланган ҳолда бўлиб ўтди. Фильм дастлаб 3 соату 20 дақиқадан иборат бўлган, лекин томошабинлар унинг 2 соату 3 дақиқали кўриниши томоша қилганлар.

Воланднинг Шарққа ташрифи

“Уста ва Маргарита” романи илк бор чоп этилганидан кейин у тезликда Совет Иттифоқида яшовчи турли миллатлар тилига таржима қилина бошланди. Бу шабода Ўзбекистонга ҳам етиб келади. Романнинг қўшни халқлар тилларига таржимаси қандай кечгани бизга қоронғу, лекин ўтган асрнинг етмишинчи йиллар якунидаги асарнинг таржимаси мистик кечинмаларга бой бўлган. Бу ҳақда ўзбекистонлик ёзувчи Николай Красильников шундай хотирлайди:

Сид Янишев фотоси, "Фарғона"

«У пайтлар Ғофур Ғулом номли адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир бўлиб ишлардим. Нашриётнинг директори, кўзга кўринган ёзувчи, соцреализм куйчиси Ҳамид Ғулом Михаил Булгаковнинг “Уста ва Маргарита” романини ўзбекчага ўгиришни машҳур таржимон Мирзиёд Мирзоидовга топширди. Мирзиёд “СССР халқлари адабиёти редакцияси” да ишлар эди. У моҳир таржимон, рус тилини жуда яхши биладиган шахс эди. У Катаев, Ильф ва Петров, Олеша романларини таржима қилиб улгурганди. Шу туфайли Мирзоидов буйруқни жон деб қабул қилди.

Дастлаб таржима ишлари бирор қийинчиликсиз, равон кетди. Мирзиёд асар ичига кириб борган, қаҳрамонлар образларини хис қилган сари унинг ўзи ҳам ўйчан, инжиқ бўла бошлади...Мирзоидовнинг аввалги ҳушчақчақлигидан асар ҳам қолмади. Баъзида коридорда дуч келганда у мендан айрим сўзларнинг маъносини сўрарди...Таржима ишлари қийинлашиб кетганга ўхшарди. Ҳамкасбларнинг “ишлар қалай кетяпти?” деган саволларига у қўлини силтабгина қўярди. Айримлар таржима қилинган бобларни ўқиш учун сўрардилар. Мирзиёд эса шарқона қилиб “чала иш кўрсатилмайди” деб жавоб берарди.

Кейинчалик Мирзиёд касал бўлиб қолди. Унинг жигари панд берарди. У шифохонага тез-тез ётиб даволанадиган бўлди... Кунларнинг бирида нашриётга қариндошлари келиб, Мирзиёд рихлатга йўл олганини айтишди. Шуниси қизикки, у ўлгандан кейин романнинг таржима қилинган боблари ҳам изсиз йўқолди. Асар таржимаси Мирзоидовнинг иш кабинетидан ҳам, уйидан ҳам топилмади. Лекин ҳамкасблардан, унинг қариндошларидан ҳеч ким бунга эътибор бермади. Бу ҳаётда ҳар нарса бўлиши мумкин. (Бу каби воқеадар адабиёт тарихидан маълум – биргина Гоголни олиб кўрайлик).

Сид Янишев фотоси, "Фарғона"

Хамид Ғулом асар таржимасини бошқа муҳаррир ва таржимон Низомиддин Комиловга беришга мажбур бўлди. У ҳам катта иштиёқ билан асар таржимасига шунғиб кетди. У ҳатто бу ишни амалга ошириш учун ижодий таътил ҳам олди. У романнинг ярмини таржима қилганидан сўнг ишхонага “сувга тушган мушук”дай қайтиб келди. Негадир таржима ишлари юришмай қўйганди. Низомиддин нимадандир ҳафотирга тушгандек кўринарди. Унга “Шайтон ҳузуридаги зиёфат” боби тинчлик бермасди...

Кейин нима бўлди, дерсиз? Кунларнинг бирида тушликдан қайтган ҳамкасблар Комиловни иш жойида кўрмадилар. У одатда иш кабинетида тушлик қиларди. Лекин тўртинчи қаватнинг очилган деразасидан пастдаги ғала-ғувурлар, “Тез ёрдам” машинасининг овози эшитиларди...

Бизлар деразадан пастга қарадик: гуллар ёнидаги асфальтда Низомиддин қўлларини ёйган ҳолда ётарди...Уни босмахона ходимлари ва врачлар ўраб олгандилар. Бизлар ошхонада овқатланган пайтда Комилов ўзини тўртинчи қават дерезасидан ташқарига улоқтирган экан...

Бундай фожиага нима сабабдан бўлган, буни на Низомиддиннинг уйдагилари, на ҳамкасблари биларди. Бу сафар ҳам романнинг таржима қилинган қисми топилмади. Гўёки “дуоибанд бўлган” асарнинг таржима қилинган варақлари кўздан ғойиб бўлгандек...Шундан кейин ҳамкасблар “СССР халқлари адабиёти редакцияси” ёзуви бор № 26 кабинетни булгаковча “ёмон хона” дея уни четлаб ўтадиган бўлдилар.

Ҳамид Ғулом “дуобанд” романни таржима қилдириш фикридан қайтмоқчи бўлганда муҳаррир, таржимон Исмоил Аҳмад роман таржимасини интиҳога етказиш таклифи билан чиқди. Ушбу матонатли таклифдан сўнг директор ёзувчи романининг навбатдаги таржимонига оқ йўл тилади...

Ўқувчим, сизни узундан узоқ тафсилотлар билан қийнамайман. Кейин нима бўлганини ўзингиз ҳам тушуниб етгандирсиз...Ҳа, ҳа... Исмоил Аҳмад деярли роман таржимасини тугатай деб, охирги бобни таржима қилишдан олин зафар шароби хидидан маст бўла бошлади: “Қалай бўларкан, шайтонни қув туширдимми?!”....Афсус, таржимон эрта қувонганди...

Орадан бир неча кун ўтиб Бешёғочдаги трамвай бекатидан Исмоил Аҳмадни юрак ҳуружи тутиб қолди. Яхшиямки, атрофида одамлар бор экан, унинг қўлларидан ушлаб қолишди...Йўқса, у ҳам Берлиоз каби... “Тез ёрдам” машинаси бир пастда етиб келди, лекин кеч бўлганди...Роман таржимаси нима бўлди, дерсиз? Афсус, Исмоил Аҳмаднинг таржимаси ҳеч қаердан топилмади. Рости, бу ерда қандайдир “Иблис ўйини” юз берарди...

Ҳар қалай 1987 йили роман таржимаси ниҳоясига етказилди. “Уста ва Маргарита”ни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Улуғ Ватан уруши ветерани, таржимон ва киносценарист Қодир Мирмуҳамедов таржима қилишга улгурди. Маълумки, Мирмуҳамедов Жек Лондоннинг “Мартин Иден”, Горькийнинг “Клим Сангин ҳаёти”, Боккачонинг “Декамерон”, Ҳомернинг “Илиада” асарларини моҳирона ўзбекчага ўғирган таржимон.

Булгаков инглизлар каби ташриф буюради

Алексей Назаров Тошкентдаги кўргазма очилишида айтгани каби, 2019 йили “Илҳом” театрида Булгаковнинг бошқа романи қаҳрамонларига бағишланган кўргазма ўтказилишни режалаштирди. У улкан лойиҳанинг давоми бўлади: келаси йил сўнггида “Уста ва Маргарита” романи рус, ўзбек ва инглиз тилларида чоп этилади.

Сид Янишев фотоси, "Фарғона"

Романнинг ўзбекча таржимаси тайёр, лекин унинг инглизча таржимаси ҳали ҳал этилмаган. Маълумки, асарнинг инглиз тилидаги учта варианти мавжуд: Майкл Гленн (Michael Glenny) 1967 йил, Диана Бургин ва Кэтрин Тьернан О'Коннор (Diana Burgin and Katherine Tiernan O'Connor) 1995 йил ва Ричард Певьернинг Лариса Волохонская муаллифлигидаги (Richard Pevear and Larissa Volokhonsky) 1999 йилги таржимаси.

Бу ерда масаланинг мураккаблиги қайси вариантни танлаш эмас, таржимон ва роман ворисларига ҳақ тўлаш масаласи билан боғлиқ бўлиб турибди. Шунингдек, масала ўзбек таржимони ва унинг ворисларига ҳам таалуқлидир. Бу ерда анчагина пул керак бўлади, Алексей Назаров сарфларни ўз бўйнига олмоқчи. Иккинчи масала — нашр қилинадиган китобнинг адади: юзта, мингта, ўн мингта... Ўзбекистонда бугунги кунда Булгаков романига эҳтиёж қай даражада? Бу масала ҳам ҳозирча очиқлигича қолмоқда...

Сид Янишев

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ