Олтин ва уран даври

Николай Кучерскийни ёдга олиб….
Николай Кучерский

Кунларнинг бирида Николай Ивановичнинг оламдан кўз юмгани хабари тарқалди. Уни таниган инсонлар бу воқеани “Олтин даври тугади” дея изоҳладилар. Унинг айрим яқинлари ҳануз бу машҳур инсоннинг дунёни тарк этганига ишонмайдилар. Лекин Кучерский даволанган Федерал илмий клиника маркази “Фарғона”га аччиқ ҳақиқатни маълум қилди: у эрталабки соат учларда вафот этди...

Президент олқишлари

Кучерский тўғрисида ёзиш жудаям қийин. Унинг узундан-узоқ унвон ва мартабаларини санаб ўтиш қийин кечиши билан эмас, унинг тириклик пайдиёқ афсонавий шахсга айлангани сабаб. Навбатдаги унвонни олар экан, у олқиш сўзларидан безиган ҳолда «Знамя дружбы» газетаси мухбирига шундай деган: «Кучерскийдан маъбуд ясаманглар!»

Буни айтиш қилишдан осон. Навоий тоғ-металлургия комбинатини узоқ йиллар бошқарган директор барчага таниш, шу билан бирга сирли инсон эди. Ҳанузгача русларнинг “Википедия”сида бу инсон ҳақида саҳифа йўқ, Кучерский мазкур комбинатнинг машҳур ходимлари рўйхатида берилган.

Айтишларича, қаҳрамонимизни Буюк Британия Қироличаси ўз туғилган кунига чақирган, бундан ҳам қизиғи, Қиролича Кучерскийга лорд унвонини берган. Дунёга машҳур “битл”чилардан Пол Маккартни ҳам Қиролича қўлидан рицарлик унвонини ололган холос. Лордлик рицарлик унвонидан баланд ҳисобланади. Лорд унвонини қўлга киритган шахсга унвондан ташқари, ер, уй ажратилади. Миш-мишларга кўра, Кучерский унвонни олган, лекин берилажак ердан воз кечган.

Николай Кучерский ва Ислом Каримов

Гарчи буларнинг барчаси уйдирма гаплар бўлсада, лекин у ўрнак бўлишга арзирли инсон эди. Бу гаплар НКМК (Навоий тоғ-металлургия комбинати) директорининг одамлар онгидан қандай муҳрланиб қолганидан дарак беради. Ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари, икки мингинчи йиллари мамлакатни бошқарган Ислом Каримов бир неча бор Кучерскийнинг иқтидори, инсоний ҳислатларини мақтаб гапирган.

«Мен Николай Иванович Кучерскийни нақадар қадрлашимни ва ҳурмат қилишимни бир неча бор айтганман ва яна қайтараман ва у бошқараётган жамоа олдида таъзим қиламан», – деган Каримов. Ўта золимлигини билан шуҳрат қозонган бундай давлат раҳбари мақтовига яна ким ҳам мушарраф бўла олиши мумкин эди?

Бироқ, НТМК директори, Олий Мажлис депутати, сенатор, миллий ва халқаро унвонларга эгалик ва “Ўзбекистондаги расмий миллиардер” бўлгунга қадар Кучерский узоқ ва мураккаб йўлни босиб ўтган.

Ишлаб чиқаришдан – судга равона бўлиш

Кучерский 1937 йили Украинанинг Мелитополида дунёга келган. Оилада тўртта фарзанд бўлган: Николай, унинг акаси Станислав ва икки қиз. Станислав сўзларига кўра, уларнинг кичик синглиси очликдан ўлиб кетган. Урушдан кейин эркаклар сони кескин камайиб кетгани бис, Коля болалигидан катталар қатори меҳнат қилишга мажбур бўлган. Ўшанда у саҳоват нима эканлигини тушуниб етган. Кучерскийнинг онаси учта боласи бўлгани билан яна еттита етимни боқиб олади. Етим болаларнинг оналари йўқ, оталари фронтда ўлиб кетган эди.

Кейинчалик Кучерскийдан “қайси сўз характерингизни белгилаб бера олади?”, деб сўрашганларида у “меҳрибонлик” деб жавоб қайтарган. У бундай ҳислат онаси Мария Ивановнадан ўтганини айтади. Ростдан ҳам Кучерскийнинг меҳрибон инсон бўлганини бутун Ўзбекистон биларди.

У жуда кўпчиликка хоҳ пул билан, хоҳ дори-дармон, уй-жой билан ёрдам берган.

“Фарғона”га комбинатда ишлаган ва Кучерскийни яхши билган одам (исмини айтишни хоҳламади, негалигини кейин биласиз) шуларни гапириб берди:

«Николай Иванович аввало инсонсеварлиги билан ёдимда қолган: ҳозирги раҳбарга қарши ўлароқ, унинг олдига хоҳлаган одам кира олиши, бор дардини айта олиши мумкин эди. У ҳар бир одамга иложи борича кўмак берган. У лавозими ва мақомига қарамасдан ҳар қандай одамни ўша пайтдаги энг яхши оромгоҳларга юборар, комбинатда ишламаган пенсионерларни ҳам турли муаммолари юзасидан қабул қиларди...»

1961 йили Днепропетровск тоғ-кон институтини «тоғ инженери” мутахассислиги билан тамомлаб, Кучерский “Ялла” ансамбли тараннум этган Учқудуқ шаҳрига келади. У пайтлар бу ер шаҳар бўлмаган, Қизилқумнинг сувсиз, одамлар яшамайдиган чўли бўлган холос. Дастлаб бу ерда уран, кейинчалик олтин топилмаганида эди, бу жойлар ҳозиргача чўллигича қолиб кетарди. У пайтлар Варшава шартномасининг НАТО ҳарбий блогига қарши туришида ядро қуроли муҳим аҳамиятга эга бўлган. Уран эса ядро қуроли учун энг керакли стратегик хом ашё саналади.

Курсда ўқиган 80 нафар талабадан саккизтасини танлаб олиб, Қизилқумга юборишади. Уларни Ўзбекистонда яхши кутиб олишади, лекин ёшлар анча пайтгача Учқудуқдаги ягона клубда яшашган. Фақат баҳорга чиқиб бир хонали уйлар қуриб битқазилганидан кейин, саккизта одамга биттадан квартира берилган.

Кечаги талабалар шунчаки қўл қовуштириб ўтиришни хоҳламай, енг шимариб ишга киришиб кетадилар. Ўшанда Кучерский ҳаётини издан чиқариб юборишга сал қолган бир воқеа юз беради. Николай Ивановичнинг ўзи ушбу воқеани шундай хотирлайди:

«Кўпгина устунликларига қарамасдан ёшлик даврининг бир камчили бор: ўзига ортиқча ишониш. Деярли очиқ ҳолда қазиб олинган уран устида ётардим. Доимо таркиби мураккаб бўлган қазиш контейнери ишини тезлатишни уйлардим. Кунлардан бир кун ушбу контейнер машинистидан техниканинг “қадам”ини тезлатишга кўндирдим. Бу иш нима билан тугагани айтишга тил бормайди! Бироздан сўнг қимматбаҳо техника металл уюмига айланиб қолди …»

Николай Кучерский ёшлигида

Бундай ўзбошимчалик учун Шимолий кон бошқармаси директори Петров уни судга бериши керак эди – ана ўшанда ёш мутахассиснинг келажаги пучга чиққан бўларди. Лекин Петров нохуш воқеа Николайнинг енгилтаклигидан эмас, ташаббусидан юз берганини яхши билган. Оқибатда директор ёш мутахассисни кечиради, бутун жавобгарликни ўз бўйнига олади.

«Ўшанда, – дейди Кучерский, – бутун умримга татигули хулоса чиқаргандим: раҳбар ўзига бириктирилган участкадаги барча ишлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олиши керак, шунингдек авария бўйича хам. Айбдорларга келсак, уларни кечириш керак, бир пайтлар Анатолий Анатольевич мени кечиргани каби. Хатоси кечирилган мутахассис ҳеч қачон бир хатони такрорламайди!»

Карьераси юқорига кўтарилаётган Кучерский учун бу тажриба жуда қўл келди ва 1985 йили у Навоий тоғ-металлургия комбинатининг бош директори лавозимини эгаллади. У пайтлар мазкур комбинат ҳақиқий саноат аждарига, дунёдаги энг йирик уран ва олтин қазиб олиш корхонасига айланиб улгурганди. Кучерский эса оддий инженерликдан техника фанлари доктори даражасига етди, бир неча монография, кўплаб ихтиро ва юздан ортиқ илмий ишларни ёзиб улгурди.

Олтин мамлакатга керак эмас

Николай Ивановичнинг топқирлиги нафақат олтин ва уран каби қимматбаҳо металларни қазиб чиқаришда қўл келди. Ваҳоланки бундай улкан корхонани раҳбари бўлиш ҳар қандай ишлаб чиқарувчининг орзуси бўлган. Саксонинчи йилларнинг ўртаси, мамлакатда “қайта қуриш” авжига чиққан палла эди. Агар авваллари корхонани ривожлантириш учун пул Москвадан келаётган бўлса, эндиликда аҳвол ўзгарганди. Йилдан-йилга вазият оғирлашиб борарди.

«Москвадаги юқори кабинетларнинг биридаги суҳбат ҳамон эсимда: “Демак, мамлакатга олтин керакмас эканда?” – дея лўнда қўйилган саволимга совуққина “ҳа” деган жавобни эшитган эдим», – дея хотирлайди Кучерский.

СССР парчаланиб, Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг вазият ўта оғир эди. Бу ҳам камлик қилгандек, дунёда уран нархи тушиб кетади. Комбинат ёпилиш арафасида эди. Ўша пайтдаги мамлакат раҳбариятига тан берса бўлади: у НТМК оддийгина комбинат эмас, мамлакат учун стратегик ресурс эканини яхши тушунарди. Мамлакат раҳбарияти комбинатга валютада кредит берди, бу эса корхонани сақлаб қолди.

Гарчи бу қарор корхонани таназзулдан сақлаб қолган бўлсада, лекин у вақтинчалик чора эди. Кредитни қайтариш, нимадир қилиб яшаш керак. Бунинг учун Кучерский сўзларига кўра, учта муҳим масалани ҳал этиш лозим эди.

«Биринчиси: мустақилликни қўлга киритган, миллий мафкураси кучайиб бораётган фуқаро жамиятига мослашиш керак. Иккинчиси: олтин ва уран қазиб чиқариш бўйича рақобатли дунёда ўз улушингга эга бўлишинг лозим. Учинчиси: мураккаб ва қимматбаҳо инфратузилмага эга комбинат юз миллионлаб долларни “ўзлаштириши” эмас, ишлаб топиши керак. Бошқа сўз билан айтганда, янги шаклланган геосиёсий реалликка кўникиш эмас, Марказий Осиёда шаклланаётган янги давлат тараққиётида иштирок этиш лозим эди».

Николай Ивановичнинг ташкилотчилик ва ишбилармонлик таланти туфайли ушбу масалалар қисқа вақт ичида амалга оширилди.

Ротшильд бўсаси

1997 йили чоп этилган “Евроосиё металлари” журналининг биринчи сонида Кучерский шундай деб ёзади: «Юқори технология, экология, сифат ҳақида алоҳида гапириш керак. Бу ерда биз дунёдаги рақибларимиздан ортда қолмаганмиз, айрим жабҳаларда эса ҳатто олдиндамиз. Масалан, Лондондаги металлар биржасининг арбитраж лабороторияси Мурунтов олтин ёмбисига 9999-чи пробани тақдим этди. Бошқа сўз билан айтганда, бизнинг маҳсулотимиз дунё бўйича эталон бўлолди».

Николай Кучерский

Леонид Ветштейн хотирлашича, 1994 йилги ўзбек олтинининг софлиги “Ротшильд ва унинг ўғиллари” молиявий гуруҳ директорлари кенгашининг раиси сэр Эвелин де Ротшильдни шу даражада лол қолдирганки, у ҳаяжондан Кучерскийнинг юзидан ўпиб қўйган.

Кўриб турганимиздек, олтин билан боғлиқ масалалар жойида эди. Кейинчалик уран нархи ҳам мўътадиллашди. Оқибатда НТМК мамлакат ғазнасига шундай пулларни келтириб тушира бошладики, буни фақат орзу қилиш мумкин эди. Бу йиллари Кучерскийни дунё эътироф этарди. Ўзбекистонда уни Фахрий ёрлиқ, “Мустақиллик” кўкрак нишони, “Олтин юлдуз” медали, “Дўстлик” ордени (1994), «Эл-юрт ҳурмати» (2000 ) ордени ва Ўзбекистон Қаҳрамони унвони билан тақдирладилар. 2002 йили Кучерский “Йил доктори” дея тан олинди. У Россия тоғ-кон фанлари академиясининг академиги, Халқаро саноат, маориф ва санъат академиясининг доимий аъзоси этиб сайланади. 2000 йили Николай Иванович БМТ Бош консультатив кенгаши ҳузуридаги Халқаро информатизация академиясининг академиги этиб сайланади. У Халқаро Олийжаноблик ордени билан тақдирланади. Америка биография институти Кучерскийни 2000 ва 2002 йили “Йил одами” дея тан олади.

Шундек инсон – тан қўриқчисиз!

Лекин, кейинчалик бундай унвонлар, дунёга машҳурлик кези келса бир пулга қимматлиги аён бўлади. Америкалик ишбилармонлар олидида чиқиш қилган Ислом Каримов шундай дейди: «Бу ишда жаноб Кучерский бор. Мутунтовдаги манба ягона бўлгани каби, бу инсон ҳам кўплаб ғоя ва ноу-хаулар бўйича ноёб инсондир. Бундай инсон тан қўриқчисиз юриши қизиқ, албатта уни қўриқлаш керак!»

Бу илтифотли сўзлар кейинчалик Кучерский учун бошга тушган бало бўлади. Бир пайт у ҳақиқатан ҳам қўриқчилар, аниқроғи ҳибсчи-конвойлар қуршовида қолишига сал қолган. 2008 йили апрелда бу ҳақда “Фарғона” шуларни ёзганди:

«Навоий тоғ-металлургия комбинатини ёппасига текшириш ишлари 2007 йили бошланганди. Корхона маблағларини ноўрин сарфлашда НТМК кўпгина раҳбарлари, шунингдек унинг Бош директори ҳам шубҳа остига олинди... Тасдиқланмаган расмий маълумотларга кўра, комбинатнинг юқори лавозимдаги олтита раҳбари ўз кабинетида ҳибсга олинган. Улар валюта шартномасини бузиш, хорижда ҳисоб рақамларини очиш, Канар оролларида виллалар сотиб олишда айбланади. Айбланувчилар ичида таъминот, маркетинг, инфратузилма ва бошқа бўлим раҳбарлари бор...».

Ўшанда, таъқибдан қутулиш учун Кучерский Москвага учиб кетган, деган хабарлар пайдо бўлди. Кейинчалик бу хабарлар инкор этилди. Кучерский Москвага даволаниш учун кетгани, тез орада Ўзбекистонга қайтиши ёзилди.

Нима бўлгандаям, 2008 йил 10 июнда Кучерский “бошқа ишга ўтганлиги сабаб” НТМК Бош директорлиги вазифасидан кетади.

Ўша пайтлар комбинатда ишлаган, исми айтилмаслигини сўраган бир ходим “Фарғона”га шуларни айтиб берганди:

У пайтлар Бош вазир бўлган Шавкат Мирзиёев (марказда) ва Николай Кучерский (ўнгда)

– 2008 йили марказ ва Навоий вилояти ўртасидаги юз берган манфаатлар тўқнашуви сабаб уни ишдан олишди. У пайтлар Навоий, Зарафшон, Учқудуқ шаҳарларида Тошкентга қараганда ойлик кўп эди. Атроф-муҳит, об-ҳаво шароити ҳисобга олинса, бу тўғри эди. Албатта, мамлакат ғазнасини 30 фоизга тўлдириб турган комбинат барчани ўзига оҳанграбодек тортарди. Ҳаммадан кўп иштаҳаси катта бўлган собиқ молия вазири Рустам Азимов бундай аҳволдан роса ғазабланарди. Унинг комбинатга нисбатан ўз мақсади, режаси бор эди. Жазирама чўл ўртасида жойлашган, экология жиҳатидан яхши бўлмаган бу ерларда ҳақиқатда одамлар яхши яшардилар, оилалар, заводлар ўзаро дўст эдилар. У пайтлар аҳолининг кўпчилиги европаликлар эди. Турган гап, Каримовга бу вазиятни ўзгача талқин қилишган: пойтахтга қараганда чўлнинг қаеридадир одамлар тўқ, ўзга оламда яшаяпдилар, тўқликка шўхлик қилишмоқда...

“Сув тошни кесади” деганларидек, кунларнинг бирида обод Навоий комбинати бошига ҳам Олмалиқ корхонаси бошига тушган савдо тушди. Комбинат раҳбарияти ўзгартирилди, кўпчиликка нисбатан жиноий ишлар қўзғатилди. Комбинатнинг энг яхши мутахассислари кўчиб кета бошладилар. 2013 йилга келиб бир пайтлар геолог ва тоғ кончилар томонидан машаққатлар эвазига қурилган мазкур шаҳарларнинг 70 фоиз аҳолиси кўчиб кетган эди. Кучерский кетиши билан чўлдаги бу шаҳарларнинг олтин даври ҳам мозийга юз тутди...

– Нега сиз Кучерский ҳақида гапираркансиз, “ҳеч нарсага қармасдан, ҳурматли инсон” деб ёзгансиз?

– Бахтга қарши, Ўзбекистонда қайсидир ҳурматга лойиқ инсонни бир четга суриб, ишдан олганда, уни таъқиб қилишганда, бу инсонни тезроқ унутишлари учун турли уйдирмаларни ўйлаб топишади. Кучерский, мана 10 йилдан бери ишламайди, лекин унинг номини етти ёшдан етмиш ёшгача одамлар биладилар, эъзозлайдилар, номини ҳурмат, эҳтиром билан тилга оладилар...

Қисса якуни.

Кучерский ҳаётининг сўнгги йилларини Москва вилоятида ўтказди. Бироқ, у ўзининг иккинчи ватани бўлмиш Ўзбекистонда шунчалар кўп эзгу-ишларни оширганки, у мамлакат тарихининг узвий бир қисми бўлиб қолди. Ҳеч ким НТМК директори Николай Иванович Кучерский номини тарихдан ўчиролмайди, чунки унинг исми одамлар хотирасига аллақачон муҳрланиб бўлган.

Суратлар Николай Кучерский қариндошлари томонидан тақдим этилди

Алексей Винокуров

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ