Куч нимада, ака?

«Сталкер» фестивалида Ўрта Осиёлик мигрантлар ҳақидаги фильм махсус совринни қўлга киритди
“ЮЛДУЗЛАР” ФИЛЬМИДАН ЛАВҲА

Москвада «Сталкер” номидаги инсон ҳуқуқларига бағишланган XXIV халқаро фестиваль ўтказилди. Кинофестивалга Оксфам ҳамкорлик қилди ва у “Мигрантлар, қочқинлар ва бошпана изловчи шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи энг яхши фильм” махсус мукофотини таъсис этди. Мукофот Виктор Сухоруков бош ролни ижро этган “Юлдузлар” фильмига насиб қилди. Бундан ташқари «ВГИК-Дебют» киностудияси томонидан режиссёр Александр Новиков-Янгинов бошчилигида суратга олинган мазкур фильм Дебют-«Сталкер» мукофотини ҳам қўлга киритди.

Фильмнинг бош қаҳрамони – ўзбекистонлик рус кишиси. У Тошкентда рус тили ва адабиёти ўқитувчиси бўлиб ишлайди. Оғриб қолган қизалоғини даволаш учун қиммат операция талаб этилади. Шу сабаб қаҳрамонимиз Москвага, операция учун пул ишлаб топишга келади. У 1961 йили – инсон илк бор коинотга парвоз қилган пайти туғилган ва исми Юрий Алексеевич. Нима учун қаҳрамонни барча “Гагарин” деб аташи шундан ҳам маълум.

Россия пойтахтида Гагарин қурувчи, хатто сотувчи бўлиб ишлашга мажбур бўлади. У ҳар қадамда мигрантларга адолатсиз муносабатда бўлишларини кўради – меҳнат муҳожирлари чегарачи ва полициячиларга пора беришга мажбур бўладилар, уларга кам иш ҳақи тўланади, ҳужжатсиз ишлаётганлар эса мамлакатдан депортация қилинади. Юрий Алексеевич рус тилини билмаганлиги учун мактабга қабул қилинмаган ўзбек мигранти боласига дарс беради. Фильмда қувонч-қайғуга, омад-йўқсилликка қоришиб кетади....яхшиси ўзингиз фильмни кўрганингиз маъқул.

***

Алексей Житковский . «ВКонтакте«даги саҳифасидан сурат

Ҳар йили 18 декабрда нишонланадиган Халқаро мигрантлар куни арафасида “Фарғона” “Юлдузлар” (“Звезды”) фильмининг сценарий муаллифи Алексей Житковский билан фильм ғояси қаердан пайдо бўлгани ва ҳозирги кунда мигрантлар масаласини ёритиш нақадар муҳимлиги тўғрисида суҳбатлашди.

Нега миграция мавзусига қўл урдингиз?

– Мен Нижневартовскда яшайман, телевидениеда ишлайман, видеороликларга муҳандислик қилганман. Бир пайт миграция хизматидан роликлар кела бошлади. Мен Тожикистон, Ўзбекистон фуқароларининг керакли ҳужжатларни олиш учун суткалаб навбатларда туришларини кўрдим. Бу пайтда мен ҳам ҳужжатларимни расмийлаштирардим, мигрантларга бўлган муносабатдан яқиндан хабардор бўлдим. Тўғрисини айтсам, кўрганларимдан ёқа ушлардим. Барча мигрантлар – ақлини таниб олган одамлар, айрим сабабларга кўра бегона давлатга ишлашга мажбур бўлган одамлар.

Шаҳримизда бир фожиа юз берди: ўзбек оиласи яшаётган вагончик ёниб кетди. Оила аъзоларидан фақат бир бола омон қолди (фильмда ўзбекистонлик оила яшаётган вагончик ёниб кетгани саҳнаси бор – «Фарғона» изоҳи). Яъни реал ҳаётда юз берган воқеалар фильм сценарийсини ёзишга ундади.

Айтгандай, фильм мигрантлар муаммолари билангина чекланмайди. Мен ноқулай шароитдаги рус одами ҳаётини кўрсатмоқчи бўлдим. У рус маданияти вакили, рус тили ўқитувчиси. У ота-боболари ватанига қайтиб, бу ердаги реал ҳаётга юзма-юз келади. У Ўзбекистонда ўзида сақлаб, бошқаларга улашган маданият бу ерда мутлоқ йўқотилган эди. Мен учун фильм — миграция оқимида ўз бошидан кўп мушкулларни кечирган бош қаҳрамон воқеасидир.

Режиссер Александр Новиков-Янгинов фестивал соврини билан. Ирина Кретовая фотоси

Мен бу ерда Дмитрий Мамулиннинг “Бошқа осмон” («Другое небо») фильмини эслаб ўтган бўлардим. Фильмнинг бош қаҳрамони Али кичкина ўғли билан Россияга ишлагани кетган хотинини қидириб келади. “Бошқа осмон” фильмида ҳам иккита турли маданият тўқнашуви ёритилган ва мен бундан қаттиқ таъсирлангандим.

Фильм сценарийсини ёзишга қандай ҳозирлик кўрдингиз? Марказий Осиё мамлакатларида бўлдингизми?

– Мен у ерларда бўлмаганман, лекин Марказий Осиё ҳақида кўп материаллар билан танишдан, жумладан “Фарғона” нашри материаллари билан. Мен чегарачиларнинг мигрантларга бўлган муносабати, иш берувчиларнинг қандай қилиб содда одамларни алдаб кетишлари, мигрантлар ҳисобига қандай бизнес бойиб кетаётгани тўғрисидаги воқеаларни ўргандим.

Шу билан бирга Марказий Осиё халқларининг ўзига хос маданияти билан танишдим. Мисол учун оналарнинг болаларини ёмон кўзлардан асраши учун қўзмўнчоқлар тақишини билиб олдим. Айрим воқеаларни ўз тажрибамдан келиб чиқиб фильмда гавдалантирдим. Масалан, шаҳримизда бир қурувчи бригадаси ишлайди. Унга Бишкек университетларидан бирида фалсафадан дарс берган ўқитувчи раҳбарлик қилади. Қурилишларда ноқонуний ишлаётган мигрантларни депорация қилиш ҳолатлари тез-тез ТВ янгиликдарида берилади. Гарчи фильм сюжети ўйлаб топилган бўлсада, лекин у ҳаётий воқеалар асосида яратилган.

– Сценарий қандай ёзилди?

– У суратга олиш жараёнида ўзгариб борди. Ҳаттоки Россиянинг бир четида жойлашган бизнинг ўлкада ҳам мигрантлар оқими баланд. Миграция масаласи нафақат мегополислар учун, балки бутун Россия ўлкалари учун муҳим мавзудир. Шунинг учун дастлаб фильм Екатеринбургдан бошланиши керак эди. Биз фильмни қишлоқда олмоқчи бўлдик, лекин ишлаб чиқариш жараёни туфайли бу ният амалга ошмади. Билдикки, фильмни қишлоқда суратга олиш Москвадан кўра қимматроққа тушаркан. Шунинг учун фильм воқеалари шаҳарга кўчирилди.

Фильмингизда мигрантлар ижобий, Россия халқи салбий гавдалантирилгани учун сизга дакки беришмасмикан?

– Тан оламан, фильмнинг финал вариантини катта экранда ҳали кўрмадим. Фильмнинг бош қаҳрамони рус ва у ижобий тасвирланган. Лекин муаммо шундаки, инсон ҳар қандай вазиятга ўз дунёқарашидан келиб чиққан ҳолда ёндашади. Бизлар, масалан, одамларни рус ва русмасларга бўламиз. Лекин вазиятни Англияга кўчирадиган бўлсак, у ерда дунёнинг турли бурчакларидан одамлар оқиб келадилар, масалан Сенегалдан. Бироқ, инглиз оммаси барча инглизлар салбий гавладантирилган, дея ҳисобламайди.

Агар инсон калласида миллатчилик уйғонса, у ҳолда биз инсонни эмас, унинг миллатини кўрамиз ва барчани шу призмага таянган ҳолда бўлиб чиқамиз. Менда бу каби одамларни тоифаларга бўлиш фикри бўлмаган, аммо фильмдан сўнг ушбу мавзу ўртага ташланадиган бўлса, демак бу оғриқли нуқта ва бу ҳақда гапириш керак.

Дастлаб мен бу фильмни драматик нуқтаи назаридан қабул қилдим ва у Мамулия яратган фильм руҳига монанд эди. Лекин суратга олиш жараёнида фильм комедия шаклига ўзгара бошлади. Мен бунга қаршимасман, зеро энг муҳими фильм яратилди ва у экран юзини кўрди. Демак, миграция муаммосига эътибор қаратилади. “Фарғона” бу мавзуни кенг ёритади, биз ҳам шу ҳақда фильм яратдик. Кимдир бизнинг дунёқарашимизга қарши чиқиши, кимдир бизга ҳайрихоҳ бўлиши мумкин. Энг асосийси — бизлар миграция масаласига эътиборни қаратяпмиз.

- Мен фильмни диққат билан кўрдим, лекин бош қаҳрамон бошидан кечирган муаммолар ҳаётда ҳам мавжуд дея олмайман.

-

– Ҳудди шундай. Масалан, фильмда абсурд воқеалар ҳам тасвирланган: рус тилидан дарс берадиган бош қаҳрамоннинг ўзи ишга жойлашиш учун рус тилидан имтиҳон топширишга мажбур бўлади.

Виктор Сухоруков “Юлдузлар” фильмида

Сценарий устидан қанча ишладингиз?

– Бир ярим йилга яқин. Мен уни 2015 йили ёзиб тугатдим. Бу менинг ВГИК (Бутунроссия давлат кинематография институти – тарж.изоҳи)даги битирув диплом ишим эди. Ишимни яхши қабул қилдилар. Сценарийни дастлаб режиссёр (асли ўзбекистонлик) Александр Новиков-Янгинов ўқиб чиқди. Лекин картинани суратга олиш бўйича тайёргарлик ишлари фақат 2016 йили бошланди, фильм 2017 йили суратга олинди.

Фильмнинг бош қаҳрамонини ижро этиш учун Виктор Сухаруковни таклиф қилиш ғояси кимдан чиқди. У актёр сизга ёқдими?

Фильмга Сухоруковни режиссёр чақирди. Менга ҳам бу актёр ёқарди. Бу инсон юқори даражали актёр бўлиб, кўп нарсаларни ўз таланти ҳисобига ёрқин гавдалантиради. Томошабинлар диққатини жалб қилиш йўлида бу яхши ташланган қадам эди. Албатта, томошабин Сухоруков ўйнаган фильмни томоша қилади.

Россиядаги ксенофобия тўғрисида нималар дея оласиз?

– Бу ҳақиқатан мавжуд муаммо. У Совет Иттифоқи номи билан 70 йил яшаган мамлакат тарихи билан боғлиқ. Узоқ вақт “совет кишиси” деган тушунча яшаган ва барча миллий ғоялар унинг атрофида тизгинланган. Маълумки, барча масала “юқори” дан ҳал этилган пайтда жамият орасида норозиликлар кучаяди. Бу норозилик косаси бир куни тўлиб тошади ва зиддиятли ҳолатларни келтириб чиқаради. СССР парчалангандан кейин миллатлараро тўқнашувлар бошланди. Якдиллик парчаланиб, бизлар бир-биримизга бегона бўлиб қолдик. “Келгинди, бегона” муаммоси Россиянинг каттаю-кичик шаҳарларида мавжуд. Бу нафақат Россияда, балки бутун дунёдаги долзарб муаммодир.

Бу муаммони қандай ҳал этиш мумкинлигини ўзингизча ўйлаб кўрганмисиз?

– Биринчидан, биздаги муаммо шундаки – Россиядаги амалиётлар негадир қандайдир абсурд нарсалар билан қоришиб кетади. Биргина рус тили имтиҳонини олиб кўрайлик. Муаммо чиқарилган қонунда эмас, унинг ижросидадир. Бу масалани ҳал этмаса бўлмайди. Иккинчидан, бизларда мигрантлар масаласи ҳал этилмаган, улар билан боғлиқ жанжаллар тез-тез намоён бўлади. Мигрантлар ва маҳаллий ҳалқ ўртасида “ишончсизлик” муҳити мавжуд. Нима қилиш керак? Менимча, маданиятлар ўртасидаги мулоқотни тиклаш керак. Қачонки, бизларга ётдек туюлган ўзгалар маданияти бизларникидан кам эмаслигини тушуниб етганимиздан кейингина жамиятда аҳвол ижобий томонга ўзгаради. Мулоқотлар президентларни қўл бериб кўришиши билан чекланмаслиги керак. Ўзаро тушунишга интилиш, ёт нарсаларни қабул қилишга интилиш керак. Дунё миқёсида бундай ёндашув маданиятни илгари етаклайди. Бизлар рус дунёсига ўралашиб қолмасдан, бошқа маданиятларни ҳам ўрганишимиз керак.

Сиз яратган кино манашу шу маданиятлар мулоқотига хизмат қиладими?

– Менимча, кино жамиятнинг кўзгусидир. Бекорга бундай муаммолар кинода ўз талқинини топмаяпти. Яхшиямки, фильмда машҳур актёр роль ўйнади, демак одамлар уни томоша қилади. Имконим бўлганда эди, мен фильмимга Бред Питтни таклиф қилган бўлардим!

Тўғриси, бундан уч йил олдин мен сценарий ёзганимда мигрантлар ҳақида фильм бўлади, деб ўйламагандим. Мен диққатни инсонга қаратган эдим, миграция эса у яшаётган муҳитни ташкил этарди. Бордию, фильм томошабинни қизиқтираётган экан, демак жамиятдаги мавжуд жараён нафақат мени, балки одамларни ҳам ҳавотирга солмоқдадир.

Екатерина Иващенко