Сизга — телеграм

Ўзбекистондаги расмий Koronavirus Info каналининг администратори мулозимларнинг қандай қилиб гапиртира олгани ҳақида
ЎЗБЕКИСТОНДА МЕДИЦИНА НИҚОБЛАРНИНГ ТАРҚАТИЛИШИ. ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ ҲОКИМЛИГИ МАТБУОТ ХИЗМАТИНИНГ ФОТОСУРАТИ

Хитойда бошланган коронавирус эпидемияси, умуман олганда, бутун дунё бўйича жуда тез тарқалиб кетди. Ўзбекистонда март ойининг бошидан бери “карантин” ва “ўзини яккалатиш” (самоизоляция) сўзлари нисбатан қисқа муддат давомида фуқароларнинг нутқига мустаҳкам ўрнашиб олди. Бу шароитда эса янги дарднинг пайдо бўлиш сабаблари, тарқалиш йўллари ва хусусиятлар, унга қарши кураш воситалари, мамлакатда қабул қилинаётган карантинга оид чекловлар, жарималар ва ҳоказолар тўғрисидаги ахборот оқими кучайиб кетди. Бу хабарларнинг қайси бири ҳақиқат ва қайси бири ёлғонлигини тушуниш осон иш бўлмай қолди.

Аммо республикада COVID-19 коронавирус инфекциясига чалиниш тўғрисидаги ҳолат аниқланиши биланоқ Telegram мессенжерида Koronavirus Info канали пайдо бўлди. Ушбу ахборот манбаси фақат расмий ахборотни чоп этиб келади, бироқ энг асосийси – ҳар куни экспертлар ва ҳокимият идоралари органлари вакиллари иштирокида бир нечтадан брифинглар ўтказиб туради. Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи раисининг аксилкризис вазиятлар бўйича маслаҳатчиси, Koronavirus Info телеграм каналининг администратори Ҳикматилла Убайдуллоев “Фарғона” мухбирига лойиҳа ҳақида гапириб берди.

— COVID-19 бўйича расмий ахборот манбасини яратиш ғояси қандай пайдо бўлди? Нега энди айнан Telegram мессенжерини танладингиз?

Хикматилла Убайдуллаев . Шахсий архидан олинган фотосурат

— COVID-19 тўғрисидаги расмий ахборот каналини яратиш ғояси менга тегишли. Илгари мен Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида матбуот котиби бўлиб ишлаганман. Мазкур агентликнинг олдида турган вазифаларидан бири – фейкларга қарши кураш олиб бориш бўлган. Эпидемия ривожланган сари фейклар ҳам кўпайгандан кўпайиб кетди ва бу омил жамиятдаги барқарорликни издан чиқариб қўйиши мумкин эди.

Юзага келаётган жазавага қарши расмий ва салмоқли информацияни қўйиш учун шундай ахборот манбасини яратиш зарур эдики, унга одамлар ишонадиган бўлиши керак эди. Вазифа аниқ белгилаб берилган ва менда етарли даражада ахборот майдонида ишлаш тажрибаси бор эди.

Ўзбекистонда COVID-19 коронавирус инфекциясига чалинишнинг биринчи ҳолати тўғрисида расман эълон қилиниши биланоқ мен Telegram-каналини очдим. Канал ва унинг олдига қўйилган мақсад ва вазифалар ҳақида ҳамкасбларимга – журналистлар ва блогерларга сўзлаб бердим. Улар бу янгиликни ўзларининг турли платформадаги обуначиларига маълум қилдилар, шундан кейин каналнинг аудиторияси геометрик прогрессияда ўса бoшлади.

Ўзбекистонда Telegram мессенжери энг кенг тарқалган бўлгани боис ахборот тарқатиш учун айнан уни танладик. Адашмасам, бизнинг мамлакатимиз дунё бўйича телеграм фойдаланувчилар сони бўйича Эрондан кейинги иккинчи ўринда туради. Телеграм ҳаммада – давлатнинг энг олий мансабдор шахсларидан бошлаб мактаб ўқувчиларгача бор. Бизнинг ҳаммамиз учун у нафақат оддий мессенжер, балки тўлақонли ижтимоий тармоққа, ҳаётимизнинг етарди даражада катта бўлган узвий қисмига айланиб қолган. Telegram кўпчилик учун Facebook ва Twitter ўрнини босди.

— Каналнинг иши қандай ташкил этилган? Қандай қилиб кечани кундузга улаб ишлашга улугряпсиз?

— Канал икки тилда – ўзбек ва рус тилларида фаолият юритади. Ёзма шаклдан ташқари биз видео- ва аудиоматериалларни ҳам бериб борамиз. Каналимизнинг асосий кураторлари – Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Массмедиани қўллаш жамғармаси.

Канални тўлдириш устида жуда кўп одамлар иш олиб борадилар. Улар – муҳаррирлар, операторлар, видеография соҳасидаги мутахассислар. Коллективни шартли равишда учта гуруҳга бўлиш мумкин. Биринчи гуруҳ – журналистлар, блогерлар ва масъул шахслар. Иккинчиси – расмий мулозимлар, вазирлик ва маҳкамаларнинг матбуот котиблари. Учинчиси – регионал ҳокимият идоралари ва бошқармаларининг матбуот котиблари.

Аҳоли билан алоқага боғланишга биз алоҳида эътибор қаратганмиз. Бунинг учун махсус бот мавжуд. Ундан ўтиб келаётган барча саволлар қайта ишланиб, тегишли инстанцияларга етказилади. Уларга жавоблар эса брифинглар давомда ўқиб эшиттирилади.

Каналга тўрт киши модераторлик қилади, шунинг учун ҳам уни кечани кундузга улаб тўлдирилишини таъминлашга эришиляпти.

Айтгандек, Telegram Messenger муассиси Павел Дуров ҳамда унинг Ўзбекистондаги Давронбек Рустамов раҳбарлиги остидаги кўмакчи жамоаси бизга бу каналнинг расмий эканлигини кўрсатувчи верификациявий “мовий галочка” белгисини олишга ёрдам бердилар. Бундан ташқари, улар бизга Ўзбекистондаги ҳар бир телеграм фойдаланувчига бизнинг ресурсимиз ҳақида хабарнома жўнатишга ёрдам бердилар. Бу Давронбекнинг ташаббуси бўлиб, у шундай қилиш кераклигини Telegram жамоасига уқтира олди. Ва албатта бу иш берди. Аттиги бир неча соат ичида биз бир миллиондан зиёд обуначиларни тўпладик.

— Ҳар куни брифингларни ташкил қилиш нақадар оғир кечди? Ўзбекистонлик давлат амалдорлари омма олдида чиқиш қилишга одатланишмаган, бу ерда эса ҳар куни бир неча киши сизнинг каналингиз логотипи остида туриб ҳисоботларни беришади...

— Ҳозирги кунда Ўзбекистонлик мутасадди амалдорларни оммадан ажраб қолган деб бўлмайди. Мана бир йил бўлибдики, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги давлат органларининг очиқлигига қаратилган ишларни изчиллик билан олиб бормоқда. Бу соҳадаги муаваффақиятларимиз ҳам очиқ кўриниб турибди. Шу давр мобайнида агентликда мунтазам равишда энг ўткир масалалар бўйича брифинглар ўтказиб келинди ва уларда воизлар сифатида вазирлик ва маҳкамаларнинг биринчи шахслари чиқишлар қилдилар. Шунинг учун ҳам бизда бу соҳада етарли даражада тажриба тўпланган ва матбуот билан мажбурий тартибда тузилган матбуот хизматлари ўртасида етарли даражада яқиндан алоқалар ўрнатилган.

— Сиз деярли барча давлат ҳокимият органлари билан ҳамкорлик қиласиз. Вазирлик ва маҳкамалардан қайси бирини энг очиқ дея баҳолай оласиз? Ва аксинча, алоқага истамайгина чиқадиганлари қайси?

— Мамлакат раҳбарияти давлат органларининг очиқлиги ва шаффофлигига жуда катта эътибор қаратмоқда. Амалдор ўз курсисида қанчалик кўп ўтира олиши ҳам ҳозирги кунда унинг жамоатчиликка ўз ишини қанчалик кўрсата олишига боғлиқ бўлиб қолди. Бу ўзига хос рағбатлантирувчи омил бўлганидан, бугунги кунда қайси вазирлик очиқроғу, қайсиниси аксинча эканлигини айтишнинг имконияти қолмади. Шу билан бирга қайд этиш жоизки, мамлакатимизга коронавирус инфекцияси кириб келганида барча давлат органлари тезкор ва ишончли ахборот тақдим этиш масаласига жуда ҳам жиддий ёндашдилар. Негаки, бу нафақат оммавий ахборот воситалари билан алоқа қилиш-қилмасликнинг ихтиёри масаласи, балки мамлакатнинг омон қолиш, барқарорликни сақлаб қолиш масаласига айланди. Бизнинг каналимиз ишончли платформага айланиб қолгани боис, барча масъул идоралар унга келиб ахборот беришни истайдиган бўлди.

— Инфекция юқтирган беморлар билан мулоқотда бўлган экспертлар хизматчилик тақазоси билан ҳузурингизга тез-тез келиб турадилар. Ўзингиз касалликни юқтириб олишдан қўрқмайсизми? Жамоангиз инфекцияни юқтириб олиш эҳтимолини истисно этиш учун қандай чораларни кўриб келмоқда?

— Ҳузуримизга келадиганларнинг ҳаммаларини кўрикдан ўтказадилар: ҳароратлари ўлчанади, ҳол-аҳволига назар ташланади, брифинг тамом бўлганидан кейин эса хоналар ҳар сафар дезинфекция қилинади. Шунингдек, биз Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг шахсий алоқаларни чеклаш ва гигиенага риоя қилиш бўйича барча тавсияларни бажаришга ҳаракат қиламиз.

— Шахсан ўзингиз блогерлар ва мустақил журналистлар билан қанчалик фаол кўришиб, суҳбатлашасиз?

— Мунтазам равишда. Бу менинг ишим, акс ҳолда барча воқеа ва ҳодисалардан бехабар қоламан. Боз устига, улар ёрдамида бу воқеа ва ҳодисалар бўйича турли нуқтаи-назарлардан воқиф бўламан. Бундан ташқари, мени бу одамлар шахс сифатида ҳам қизиқтирадилар, улар билан суҳбатлашиш ва ҳамкорлик қилиш мен учун ёқимли.

— Ўзбекистонда карантин янги жорий қилинган пайтда коронавирус ҳақида фейклар кўп эди. Сиз нима деб ўйлайсиз, одамларни бунақанги ёлғон маълумотларни чоп этишга нималар мажбур қилади?

Тошкентдаги кимсасиз йўллар . Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

— Чиндан ҳам аввалида фейк маълумотлар жуда кўпайиб кетди, одамлар уларга ишонар ва тезроқ таниш-билишларига етказишга шошар эдилар. Шундан кейин биз махсус AntiFake.uz Telegram-каналини очиб, унда турли миш-мишлар ва фейк янгиликларга раддия бериб келдик. Ва ҳар сафар бунақанги контентдаги янгиликларни яратиш ва тарқатиш учун жиноий жавобгарлик кўзда тутилганини эслатамиз. Давлатимиз раҳбари халққа мурожаат қилиб, хусусан ёлғон ахборот тарқатмасликни сўраганларида, бунақанги ёлғон маълумотларни чоп этиш кўлами пасая бошлади. Бундай фаолият учун жазолар қўлланишининг муайян мисоллари пайдо бўлгани ҳам ўз ролини ўйнаб берди.

Одамларни дезинформация ва миш-мишларни тарқатишининг сабабларига мурожаат қиладиган бўлсак, улар маълум ва сийқаси чиқиб кетган. Батафсил маълумотлар, ишончга сазавор манбалар бўлмаса, медиа-майдонидаги бўшлиқни миш-мишлар ва асоссиз уйдирмалар тўлдириб ташлайди. Баъзилар арзон шуҳрат кетидан қувадилар, бошқаси эса лойқа сувда балиқ овлаб олишга умид қилади, яъни ёлғон маълумот асосида одамларни муайян ҳаракатларни қилишга ундаб, қандайдир манфаат кетидан қувади.

— Сиз ўзбекистонлик дастурчилар томонидан Corona-19 ўйини яратилганини эълон қилдингиз. Бироқ тармоқда Sekip Games (Словакия) компанияси томонидан ишлаб чиқилган худди шунақанги ўйин сотувга қўйилган. Биринчи бор қараганда уларнинг орасида фарқ унчалик катта эмас – сизнинг версиянгизда интерфейс ўзбек тилида ва персонажлар дўппи кийиб олишган. Ушбу ҳолатни шарҳлаб бера оласизми?

— Ушбу ўйиннинг ғояси Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи раиси Алишер Садуллаевга тегишли. Айни пайтда мен унинг кризисли вазиятларга қарши кураш бўйича маслаҳатчиси бўлиб ишлаяпман ва Koronavirus Info канали – бизнинг биринчи лойиҳамиздир. Ўйин, движок ва концепция маҳаллий дастурчилар томонидан ишлаб чиқилган. Дизайн соҳасида словакиялик мутахассис ёрдам кўрсатди.

Ўйиннинг асосий мақсади – болаларни интерфаол услубда шахсий гигиенага қатъий риоя қилиш ва тарқалаётган коронавирус инфекциясидан қандай қилиб ўзини асраб қолишни ўргатиш. Ўйин учта тилда – ўзбек, рус ва инглизчада чиқарилган бўлиб, улардан Android, iOS ва веб каби барча платформаларда фойдаланиш мумкин.

Ўйиннинг бошланишида ва охирида анимация шаклида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ушбу масала бўйича асосий тавсиялари берилган. Бугунги кунга келиб биз ЮНИСЕФ вакиллари билан уни кўпайтириб тарқатиш ҳақида музокаралар олиб бормоқдамиз, ўйин мамлакатимиз чегараларидан ташқарига чиқиб тарқалиш имкониятига эга.

— Канал фаолияти доирасида сиз ҳаётга татбиқ қилишни истаган, аммо бу ишни амалга оширишга эришилмаган ғоя/лойиҳаларингиз борми? Бунга нима халақит бермоқда?

— Лойиҳалар кўп, уларни амалга оширишда ҳеч қандай муаммолар йўқ. Эҳтимол, карантин билан боғлиқ қандайдир чекловлар бор бўлиши мумкин. Мисол учун, Ёшлар иттифоқи ташкил этган масофадан туриб ўқитиш доирасида турли предметлар бўйича дарслар олиб борилмоқда, онлайн-тест имтиҳонлари ўтказилмоқда, ғолиблар эса тақдирланмоқда.

Яна битта лойиҳамиз – “ТезЁз” иловасидир. Бу махсус платформа бўлиб, ҳам онлайн ва ҳам оффлайн тартибларида ишлай олади. Ўз моҳиятига кўра, бу тез суратли диктант бўлиб, фойдаланувчилар уни тез ва хатосиз ёзишлари керак. Шундан кейин тизим ёзганларингизни баҳолаб, баллар тақдим этади.

Андижонда ҳам йигитлар ажойиб бир ташаббусни амалга оширдилар. Улар машина ва одамлар учун махсус дезинфекция тунелларини (инфекциялардан зарарсизлантирувчи кабиналар – “Фарғона” изоҳи.) яратишни бошладилар.

— Эпидемия тугаганидан кейин ҳам канал фаолият юритишда давом этадими? Балки ресурсни ўзгартириш бўйича фикр ва ниятлар тайёр бўлгандир? Агар тайёр бўлса, унда канал келгусида қайси мавзуга бағишланади?

— Бу кўпчиликни бефарқ қолдирмаётган саволлардан бири бўлиб, унга шундай деб жавоб бераман: каналнинг келажаги қандай бўлиши тўғрисида ҳозирча аниқ бир тасаввурлар йўқ. Бироқ канал халқ манфати йўлида хизмат қилади деб аниқ айта оламан. Ўйлашимча, биз бу канални махсус ҳукумат ресурсига айлантириб, жамиятимизни янгиликлардан хабардор қилиб туришимиз мумкин. .

Азиз Якубов