Бетон тўғонни суриб ташлаган шамол

Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилишига дахлдор айбдорлар топилармикан
ЎЗБЕКИСТОН ФВВ ХОДИМЛАРИ ТЎҒОН ЎПИРИЛГАН ҲУДУДДА. FVV.UZ САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Ўзбекистон учун май қайғули бошланди. Ойнинг биринчи кунида маҳаллий вақт билан соат 05:55 да Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори тўғонининг олтинчи пикет деворида сув сизиб чиқиши содир бўлди ва натижада миллион-миллион кубометр сув бетон тўсиқни ўпириб ташлади. Аввали бошдан хабар берилишича, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ФВВ) фалокат ҳудудидан 11 минг кишини хавфсиз жойларга кўчирган. Бироқ сув балоси тўхтамай, янги-янги ҳудудларни эгаллай бошлади. Пировардида, 22 та аҳоли яшаш манзиллари сув остида қолди, хавфсиз жойларга кўчирилган фуқароларнинг сони 70 минг кишига етди.

Чўкаётганларни қутқариш – ФВВ ва Миллий гвардия зиммасидаги вазифа

Тармоқда жойлаштирилган фотосуратлардан фалокатнинг кўлами яққол кўриниб турибди – посёлкаларни сув босган, юзлаб уйлар сув остида қолиб кетган, автомобиль йўллари ювилиб кетган, экинзорлар вайрон бўлган. Май ойининг биринчи кунлари ФВВ, ИИВ ва Миллий гвардия ходимларининг иши етарлигидан ҳам зиёд. Баъзи бир одамлар сув тошқинидан тезроқ қутилишга шошганлари боис дарахтларга, уйларнинг томларига чиқиб олишган – ишқилиб сув етиб бормаса бўлди, дегандек. Қутқарув ишлари давомида уларни вертолётлар ёрдамида хавфсиз жойларга олиб бориб қўйдилар. Шундай қилиб, ўнлаб кишиларнинг ҳаёти қутқариб қолинди. “Бу ишлар жума куни содир бўлди. Сув тезлик билан бостириб кела бошлаганида. Уйларнинг бирида бир оила ташқарига чиқишга улгурмай қолди, атроф сувга тўлиб бўлганди. Миллий гвардиячилардан бири, ёш йигит уларга қараб ташланди. Ва тўққиз кишини олиб чиқиб, ҳаммасини қутқариб қолди”, — дейди Миллий гвардия ходими “Газета.uz” келтирган иқтибосда.

Шифокорларга ҳам иш топилди. Хабар берилишича, 56 нафар жабрланганлар турли даражадаги тан жароҳтлари билан касалхоналарга ётқизилди. Бундан ташқари, сув остида қолган посёлкаларнинг 17 минг аҳолиси шифокорлар томонидан тиббий кўрикдан ўтказилди.

Сув босган қишлоқда сувни тортиб чиқариш. fvv.uz сайти фотосурати

Қурбонлар ҳам бўлди. 1 май куни кечқурун Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасининг матбуот хизмати 14 ёшли қизча ва унинг 9 ёшли укасини сел оқизиб кетганини маълум қилди. Экспертларнинг маълумотига кўра, улар дўконга бориб, сув остида қолган посёлка орқали қайтаётган пайтда уларнинг устига сел ёпирилиб келган. Қизнинг жасади сув ҳавзаси қирғоғида топилган. Унинг укасини беҳуш ҳолатда касалхонага етказиб келишган, бироқ шифокорлар боланинг ҳаётини сақлаб қола олмадилар. Шу билан бирга, Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг хабарида болаларнинг ўлими тўғондаги авария билан боғлиқлиги борасида сўз юритилмаган. Лекин Россия оммавий ахборот воситалари болаларнинг ўлимини тўғондаги фалокат билан тўғридан-тўғри боғлиқликни кўрдилар. Хусусан, ТАСС ахборот агентлигининг хабари устида қуйидаги сарлавҳа қўйилган: “Ўзбекистонда Сардоба сув омбори ёнидаги сув тошқини оқибатида иккита ёш бола ҳалок бўлди”.

Қутқарув ишлари. t.me/Tashkent_SkyNews фотосурати

Кейинроқ, 4 май куни эса Ўзбекистон Миллий гвардияси матбуот хизмати ўз ходимининг ҳалок бўлганини маълум қилди. Ҳарбий хизматчилар Сардоба сув омборининг тўғони ўпирилиши натижасида сув босган ҳудудда тезкор гуруҳ таркибида эвакуация қутқарув ишларида иштирок этишган. Миллий гвардиянинг икки нафар ходими кучли оқим сабаб оқиб кетган. Натижада, Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси сержант Суяров Хусниддин Зокирович табиий офатга қарши курашиш жараёнида ҳалок бўлди. Ҳозирда иккинчи ходимни қидириш ишлари давом этмоқда.

Чегараси йўқ сув

Тўғоннинг ўпирилиши – ғайри одатий ҳодиса саналади. Шунинг учун ҳам ҳодиса содир бўлган Сирдарё вилоятига республика ФВВ раҳбарияти ва бош вазир Абдулла Арипов зудлик билан етиб келдилар. Кейинроқ, мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев вилоятга вертолётда учиб келди ва вазиятни ўз назоратига олди. Давлат раҳбари матбуот хизмати ваҳима қилишга ўрин йўқ, дея баёнот беришга шошилди. ФВВ сув омборидан оқиб чиқаётган сувнинг ҳажми пасайди, мутахассислар оқимни Абай канали орқали Жиззах вилоятидаги Арнасой кўлига йўналтиришга эришдилар, дея маълум қилди.

Мирзиёев сув остида қолган посёлкаларнинг Сирдарё вилоятининг маъмурий маркази Гулистон шаҳрига кўчирилган аҳолиси билан учрашди. Президент фуқаролардан ҳеч ким эътиборсиз қолдирмаслиги ва ҳаммага ёрдам кўрсатилиши ҳақида ишонтирди. Президент маҳаллий ҳокимият органи идораларидан ҳалокат ҳудудини тозалашни талаб қилди. Учинчи май куни президент вилоятга қайтиб, тўғонни қайта тиклаш бўйича ишларининг қандай бораётгани билан танишди. Бу ишга юзлаб малакали мутахассислар ва мингдан зиёд махсус техника жалб этилгани хабар қилинганди.

Алоҳида қайд этиш жоизки, Сирдарёдаги сув тошқини юртдошларига ёрдам бериш иштиёқидаги республика аҳолисини бирлаштирди. Республиканинг турли вилоятларидан хайрия ёрдами юкланган юк машиналарининг колонналари ҳалокат содир бўлган ҳудудга йўл олди. Улар жабрланган оилалар учун кийим-бош, медикаментлар ва шахсий гигиена воситаларини олиб кетдилар. Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, 3 май куни сув балосидан жабрланганлар учун деярли 70 миллион сўм (7 минг АҚШ доллари) тўпланди. Иш шунгача етиб бордики, фуқаролардан бошқа инсонпарварлик ёрдами юбормаслик сўралди, негаки Сирдарёда етиб келган хайрия ёрдамини жойлаштириш учун жой ҳам қолмаганди.

Тўғон ўпирилиши оқибатларини тугатиш ишлари. fvv.uz сайти фотосурати

Бироқ ўзбекистонлик қутқарувчилар аварияни чиндан ҳам тезкорлик билан жиловлашга эришдиларми? Қозоғистонлик мулолизимларга кўра, афсуски йўқ. Сардоба сув омборидаги сув шунчалик кўп эдики, тўғон ўпирилиши оқибатида қўшни республиканинг канал ва коллекторини тўлдириб ташлади. Натижада Қозоғистоннинг Туркистон вилоятидаги бир неча посёлкалари сув остида қолди. Вилоят ҳокимининг ўринбосари Сакен Қалқаманов моҳиятан Ўзбекистон расмийларини ахборотни яширишда айблади. Унга кўра, Ўзбекистон томони вазият барқарорлашди дея ишонтиргани боис, сув босган қишлоқлардан одамларни кўчириш кечикиш билан бошланган. Қалмақановга кўра, Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги гидроузел Ўзбекистон тарафидан ёпиб қўйилгани ва оқиб чиқаётган сув сатҳи пасайгани ҳақида хабар берган эди. Шу билан бирга, Қалмақановнинг аниқлик киритишича, Қозоғистон тарафидаги сув сатҳи соатига ўртача 10-20 сантиметрдан кўтарилишда давом этиб келган. Оммавий ахборот воситалари 2 май куни чегараолди аҳоли пунктларида техноген характеридаги фавқулодда ҳолат эълон қилингани ҳақида хабар бердилар. Пировардида, маҳалий аҳолидан 5400 киши сув босган посёлкалардан хавфсиз жойларга кўчирилган.

Тўғон ўпирилишидан кейин бир кун ўтиб икки давлат раҳбарлари телефон орқали вазиятни муҳокама қилиб олдилар. Қозоғистон президенти Қосим-Жўмард Тўқаев матбуот хизматининг маълум қилишича, Мирзиёев ҳамкасбига кўрсатилган кўмак учун миннатдорчилик билдирган ҳамда таассуф ила офат Қозоғистон жанубидаги қатор аҳоли пунктларига шикаст етказганини қайд этган. Расмий Тошкент эса “давлат раҳбарлари Сардоба сув омборидаги фавқулодда ҳодиса оқибатларини тугатиш ишларида ўзаро ҳамжиҳатлик масалаларини муҳокама қилиб олганларини” қайд этиб ўтди, холос. Президентлар матбуот хизматларининг баёнотларида телефон орқали сўзлашув илиқ ва дўстона вазиятда ўтгани борасида якдиллик бор, холос.

Ким айбдор?

Сардоба сув омбори қурилиши 2010 йилдан 2017 йилгача давом этган. Унга 922 миллион куб метр сув сиғади. Таққослаш учун, унинг сиғими Чорвоқ сув омборига қараганда икки баробар оз (2 миллиард куб метр), аммо у Тошкент денгизидан тўрт баробарига каттароқ (250 миллион кубометр). Интернетда Ўзбекистондаги мустақиллик даврига қадар қурилган сув омборларининг рўйхатини топишингиз мумкин. Агар унга Сардобани қўшилса, унда ҳавза сув ҳажми бўйича биринчи ўнталикка киради.

Эътиборга лойиқ ери шуки, Википедияда Сардоба сув омборининг саҳифаси йўқ. Афтидан, дея ёзади журналист Наталья Шулепина, объект шу чоққача эксплуатацияга топширилмагани учун шундай бўлса керак. Шунингдек, сув омборида фильтрациянинг мониторинги ва фавқулодда ҳодиса ҳолатида хабардор қилиш тизими ўрнатилмаган. Бироқ шунга қарамай, сув омбори тўлдириб қўйилган.

Хўш, тўғон нима сабабдан ўпирилган? Бу борада бир нечта тахминлар илгари сурилмоқда. Ўзбекистон Сув хўжалиги ҳузурида сув омборларидаги вазиятни мониторинг қилиш бошқармаси бор. Ушбу бошқарма раҳбари Шарифжон Қўчқоровга кўра, тўғон пастки қисмининг емирилиши қўққисдан пайдо бўлган аномал шамол туфайли содир бўлган. Мулозимнинг қўшимчасига айтишича, кучли шамоллар ва жала ёғишлари бошланиши мумкинлиги тўғрисидаги огоҳлантиришлар туфайли республикадаги барча сув омборлари бир неча кун давомида мутахассисларнинг кузатуви остида бўлган экан. Бироқ бунақанги назоратнинг фойдаси бўлмади – об-ҳавонинг ноқулай келиши бетон деворли тўғондан кучлироқ чиқиб қолди. Яхшиямки биз Пушкин эртаклари ичида яшамаймиз, акс ҳолда шамолни сўроққа тутиб, Сув хўжалиги вазирлигининг иддаоларини қабул қилиш-қилмаслик ҳақида сўраб олган бўлардик.

Бироқ айрим экспертлар фожиа қурилиш соҳасида ўрин олган системали коррупция, ўғирлик ва откатларнинг натижасида келиб чиққан, деб ҳисобламоқдалар. “Ўғирлик схемаси жуда ҳам оддий. Мисол учун, трамбовка қилинадиган сув омбори участкасига 1000 куб метр қум талаб қилинадиган бўлса, қурувчилар бор-йўғи 500 кубометр сарфлашади. Худди шу ҳолатни бошқа қурилиш материаллари – шағал ва бетон атрофида ҳам кузатиш мумкин. Мисол учун, мен қурувчи сифатида шебен ишлаб чиқарадиган завод билан ушбу қурилиш материалидан 1000 кубометр сотиб олишга шартнома тузаман. Ҳужжатда битта миқдордаги пул кўрсатилади, мисол учун 10 минг доллар. Бироқ амалда мен 500 куб метр шебен сотиб оламанда, завод ҳисобига 10 минг доллар ўтказиб бераман. Завод эса ушбу пулнинг ярмини менга нақд пул кўринишида қайтариб беради. Буни “откат” дейилади. Бугунги кунда ушбу схема барча объектлар – бу кўп қаватли уй бўладими ёки метро станциясими ёки сув омборими, барибир, ҳаммасида қўлланиб келинади”, — дейди исми сир қолишини истаган аноним манба “Озодлик” радиоси билан суҳбатда.

Сув тошқини оқибатларини тугатиш. fvv.uz сайти фотоси

Ижтимоий тармоқларда Сардоба сув омбори қурилишини “Ўзбекгидроэнерго” компаниясининг ҳозирги раҳбари, сенатор Абдуғани Сангинов бошқаргани тўғрисидаги маълумот пайдо бўлди. Объект барпо этилиши устидан “Ўзбекистон темир йўллари” компанияси кураторлик қилган, “Тўпаланг гидро қурилиш” МЧЖ эса асосий пудратчи бўлиб чиққан. Ушбу корхона Сангинов томонидан ўтган асрнинг 80-чи йилларида барпо этган “Тўпалангстрой”га ва кейинроқ пайдо бўлган “Тупаланг HDP Holding” компаниясига тўғридан-тўғри алоқаси бор. Бу компанияни сенаторнинг ўғли Ислом Абдураҳманов бошқаради. Айтишларича, Ўзбекистонда ҳар қандай йирик гидроиншоотлар мутлақо Сангиновларга қарашли – турли қўшимчали ва турли мулк шаклларидаги “тўпаланглар” номи остида фаолият юритадиган компаниялар томонидан қурилади. Мулозим бу кўринишдаги қурилишларни амалда монополияга айлантириб олган ва унга қарашли фирмалар ҳеч қандай тендерларсиз қурилишларни осонгина ўз қўллари остига тортиб оладилар.

“Ўзбекгидроэнерго” ғазабнамо релизини чоп этиб, ушбу айбловларнинг ҳамммасини туҳмат деб атади. Компаниядагиларнинг билдиришича, фалокат табиий офат туфайли содир бўлганини халқ кўриб турибди, бироқ кимдир ушбу туҳматларни интернетда чоп этишдан манфаатдорга ўхшаяпти. Ушбу позициянинг ортида “кучли” дастак бор: “Сардоба сув омбори 2017 йилда қурилган, агар уни сифатсиз барпо этилган бўлса, нега уч йил давомида бирорта ҳам авария бўлмади?” Гап йўқ, мутлақо эътироз билдириб бўлмайдиган дастак! Балки омади келгандир, шу холос...

Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан Сирдарё вилоятидаги “Сардоба” сув омбори тўғонининг ўпирилиши оқибатида сув тошқини юзага келганлиги ҳолати юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) 1-қисми ва 258-моддаси (Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Терговни олиб бориш Давлат хавфсизлик хизмати ходимларига топширилган. Айнан ДХХ ушбу инцидентда ким айбдор эканлигини аниқлаб беради.

Эҳтимол ҳаммасига сувни шунчалик тўлқинлатиб юборган ҳамда тўғоннинг бетон деворларнинг ўпирилишига олиб келган “аномал шамол”ни айбдор деб топишлари мумкин, буни билиб бўлмайди.

Азиз Якубов

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ