Сўнгги ҳафта давомида Марказий Осиёдан ташқаридаги мамлакатларда энг кўп муҳокама қилинган воқеа Ўзбекистондаги Сардоба сув омбори тўғонининг 1 май куни ўпирилиши бўлиб қолди. Ушбу сув омбори ўзида 922 миллион метр куб сувни сиғдира олади. Уни етти йил давомида – 2010 дан 2017 йилгача қурдилар
Туркиянинг “Анадолу” янгиликлар агентлиги ёзишича, Ўзбекистон расмийлари тўғон ўпирилиши туфайли фалокат ҳудудидан 70 минг кишини кўчирган. Шу билан бирга юзлаб турар жой бинолари сув остида қолган. “Сирдарё вилоятида Сардоба сув омбори тўғонининг бир қисми кучли жала оқибатида ўпирилиб кетгани боис қишлоқ хўжалиги далалари ва баъзи турар жой даҳалари сув остида қолди, уйлар вайрон бўлди, 56 киши жабрланди”, — дейди Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг матбуот котиби Мурод Содиқов янгилик агентлиги келтирган иқтибосда. Қутқарув ишлари давомида ўпирилган тўғондан оқиб чиққан сув маҳаллий дарёлар ўзанига қараб оқизиб юборилди. The Weather Channel телеканали сув тошқини оқибатларининг таъсирли манзаралари акс этган фотосуратларни чоп этди. Фотосуратлар Американинг Maxar Technologies компаниясининг сунъий йўлдошлари ёрдамида олинган. Телеканал, шунингдек, таққослаш имкониятини тақдим этиш учун тасвирда акс этган ҳудудларнинг сув тошқинигача бўлган суратларини ҳам чоп этган.
“Тўғон ва сув омбори бор-йўғи уч йил олдин қуриб битказилган, бу эса авария конструкциядаги ёки қурилиш давомида йўл қўйилган камчилик ва нуқсонлар туфайли содир бўлганини англатади. Тўғон ўпирилишида охир-оқибат кимни айбдор қилишларини томоша қилиш қизиқ бўлади. Лойиҳани амалга ошириш бўйича ишлар [Ўзбекистонга] Ислом Каримов раҳбарлик қилган пайтда – 2010 йилда бошланган, бироқ қурилиш ишларига ўша пайтда 2003 йилдан 2016 йилга қадар ҳукумат раиси лавозимини эгаллаб келган (мамлакатнинг ҳозирги президенти Шавкат) Мирзиёев кураторлик қилган”, — дейилади The Diplomat чоп этган мақолада. Мирзиёев 2017 йил 8 май куни вертолётда тўлдирилган сув омбори узра айланиб чиққан эди. 2020 май 1 май куни эса тўғон ўпирилганидан сўнг бир неча соат ўтиб Мирзиёев яна бир бор Сардоба сув омборининг ҳудудини вертолётда айланиб, бузилган жойларни кўриб чиқди. Шундан сўнг президент маҳаллий аҳоли билан учрашиб, ҳукумат уларга албатта ёрдам бериши тўғрисида ишонтирди ҳамда уйларни қайта тиклаш ишида ёрдам кўрсатишга ваъда қилди.
Хитойнинг “Синьхуа” янгиликлар агентлиги Ўзбекистон энергетика вазирлиги Миллий электр тармоқлари номидан Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида 500 киловольт қувватга тенг электр узатиш линиясини лойиҳалаш ва қурилиши бўйича тендер эълон қилгани ҳақида хабар берди. Электр узатиш линияси Ўзбекистоннинг жануби-шарқий қисмида жойлашган Ғузор туманидаги подстанцияни 63,5 километр масофадаги Тожикистоннинг ғарбий қисмида жойлашган Регар шаҳридаги подстанция билан боғлайди. Лойиҳани молиялаштириш Осиё тараққиёт банки (ОТБ) томонидан ажратиб берилган маблағ ҳисобига амалга оширилади. Қайд этиш жоиз, ОТБ Ўзбекистоннинг энергетика соҳасига тегишли лойиҳаларида мунтазам иштирок этиб келади. Масалан, банк 2011 йилдан бери Марказий Осиёнинг ушбу республикасидаги корхоналар ва уй хўжаликлари учун энергия-тежамкорликни яхшилаш бўйича лойиҳасини молиялаштириб келади.
World Nuclear News профил нашри Ўзбекистон энергетика вазирлиги сайтида 30 апрель куни чоп этилган мамлакатнинг 2020-2030 йилларга электр энергия билан таъминлаш концепциясига эътибор қаратди. Ҳужжат мамлакатнинг табиий газни ёқиш ҳисобига ишлаб чиқариладиган электр энергиясига қарамлигини ҳозирги 83 фоиздан 50 фоизгача пасайтириш ҳамда янги ядровий (умумий энергия ҳажмидан 15%), қуёш (8%), ва шамол (7%) энергияларини ишлаб чиқариш мақсадини белгиламоқда. 1994 йилда Атом энергияси бўйича халқаро агентлигига (МАГАТЭ) аъзо бўлган Ўзбекистон дунё бўйича энг йирик уран ишлаб чиқарувчиларидан бири саналади. Ядро энергетикаси соҳасидаги катта тажрибага эга бўлишига қарамай, мамлакат деярли юз фоизга қазиб чиқариладиган ёнилғига қарам бўлиб қолган. Электр энергияси асосан газ, кўмир ва нефтни ёқиш ҳисобига ва қолганлари гидроэнергетика ҳисобига ишлаб чиқарилади. Эндиликда эса, Концепциядан келиб чиқадиган бўлсак, Ўзбекистон электр энергиясига ўсиб бораётган талабдан ортда қолмаслик ва атмосферага ташланаётган СО2 чиқиндилари миқдорини камайтириш учун ўзининг биринчи атом электр станциясини қуришни режалаштирмоқда. 2012-2019 йиллар оралиғида электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми ҳар йили ўртача 2,6 фоизга ўсиб келган , бироқ бу миқдор электр энергиясига бўлган талабни қондира олмаётган, электр энергияси тақчиллиги эса истеъмолнинг ўртача 9,4 фоизини ташкил этаётган эди. “Ўзбекистон ва Россия 2017 йил декабрда атом энергиясидан тинчлик мақсадида фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битимни имзоладилар, 2018 йилда эса Ўзбекистон ҳукумати билан Россиянинг Росатом давлат корпорацияси томонидан иккита ВВЭР-1200 реакторларини қуриш тўғрисида яна битта битим имзоланди. Уларнинг 2028 ва 2030 йилларда ишга туширилиши режалаштирилмоқда. Ўтган йилнинг июль ойида Ўзбекистон энергетика вазири Алишер Султонов республика олдин кўрсатиб ўтилганидек фақат иккита эмас, балки тўртта реактор блокларини қуришни кўзлаётганини билдирда”, — дейилади World Nuclear News мақоласида.
Sourcing Journal Америка кийим-кечак ва пойафзал ассоциацияси ва АҚШ Мода саноати ассаоциациясининг расмий Тошкентнинг ўзбек пахтасини бойкот қилиш кампаниясини тўхтатиш тўғрисидаги чақириғига жавобини чоп этди. Апрель ойининг ўртасида Ўзбекистон бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Cotton Campaign (“Пахта кампанияси”) халқаро коалициясидан бойкотни бекор қилиш тўғрисидаги очиқ мурожаатини чоп этганди. Ўзбекистон ҳукуматига кўра, шундай қилинса, пандемиянинг мамлакат иқтисодиётига салбий таъсирини юмшатиш мумкин бўлади. Америка кийим-кечак ва пойафзал ассоциацияси ва АҚШ Мода саноати ассаоциацияси билан бирга “Пахта кампанияси”нинг иштирокчилари саналади. Мазкур уюшмаларнинг вакилларига кўра, ўзбек пахтасининг бойкотини тўхтатиш учун халқаро меҳнат стандартлари ва қўлланмаларига мос келадиган “Ўзбекистон пахта етиштириш соҳасида меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги” қўшма битимини ишлаб чиқиш зарур бўлади.
Америкадаги ассоциациялар ушбу битимни ишлаб чиқилиши Ўзбекистон пахтасини бойкот қилиш кампаниясини тўхтатиш учун муҳим ва бажарилиши шарт бўлган қадам дея санамоқдалар.
Forbes Қозоғистоннинг иқтисодий секторидаги муаммоларга бағишланган материалини чоп этди. Айни пайтда мамлакат иқтисодиётига иккита асосий омил таъсир кўрсатмоқда: коронавируснинг тарқалиши туфайли юзага келган саросима муносабати билан ҳукумат томонидан қўлланилаётган чекловчи чоралар ҳамда халқаро бозорда нефть нархларининг пасайиши. “Қозоғистоннинг нефть ва газ соҳаси олдинроқ [шу йил март ойида нефть нархи кескин қулаганига қадар] ҳам оғир аҳволга тушиб бўлганди. Ўтган йили қозоғистон нефтини қазиб чиқариш қудуқларининг таъмирланиши важидан қийин кечди. Қозоғистон нефтини қазиб чиқаришга кетадиган харажатлар минтақадаги энг юқори харажатлардан бири саналади”, — дейилади мақолада. Қозоғистонлик экспортчилар шу йилнинг биринчи чорагида пандемия туфайли нефтга талаб тушиб кетган Хитойга нефть етказиб беришни қисқартиришга мажбур бўлганди. Журналнинг қайд этишича, эндиликда Қозоғистон ўзининг ялпи ички маҳсулот ҳажмининг тушиб кетишига ҳамда ишсизлик даражаси кўтарилиши ва миллий валютанинг қадрсизланишига тайёрланмоқда.
Бўлиши муқаррар иқтисодий инқирознинг оқибатларини қандайдир йўллар билан юмшатиш мақсадида қозоғистонлик молиявий доиралар мамлакат иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб этишга ҳаракат қилмоқдалар. Қозоғистон томони чет элликларга сармоя киритиши учун истиқболли бўлган экологик тоза транспорт , ботқоқларни қуритиш ҳамда шаҳар кўчаларини ақлли ёритиш тизими билан жиҳозлаш соҳаларини таклиф этмоқда. Бу каби лойиҳаларнинг амалга оширилиши мамлакатни нефть қазиб чиқариш соҳасига қарамлигини қисман камайтирган бўлар эди. Қозоғистон сўнгги йилларда ўзининг нефть секторига жиддий альтернатив бўладиган соҳасини барпо этишга интилмоқда. Бироқ бу йўналишда ҳозирча бирор-бир муваффақиятга эришилгани йўқ.
Ўтган ҳафта давомида Қозоғистонда содир бўлган муҳим воқеа – президент Қосим Жомарт Тўқаевнинг собиқ президент Нурсултан Назарбаевнинг қизи Дариға Назарбаеванинг депутатлик ваколатларини тугатиш тўғрисидаги фармони мамлакатнинг асосий янгилиги бўлиб қолди. Дариға Назарбаева 2019 йил 20 март ойидан бошлаб Сенат раиси лавозимини эгаллаб келган. Экспертлар фармон чиққан заҳоти Тўқаев ва Назарбаев ўртасида ҳукмдорлик учун эҳтимолий кураш бошлангани ҳақида сўз очдилар. “Ўтган йилнинг октябрь ойида чиқарилган президент фармонига мувофиқ, Тоқаев вазирларнинг аксариятини тайинлашдан олдин ўзининг ўтмишдоши Назарбаевнинг розилигини олиш керак эди. Шунга қарамай, [Қозоғистон президенти администрацияси раҳбарининг биринчи ўринбосари Маулен] Ашимбаевнинг [Дариға Назарбаеванинг ўрнига] тайинланиши қозоқ элитаси ичидаги таъсир реконфигурацияси ҳақидаги миш-мишларни келтириб чиқарди. Қозоғистон Конституциясига мувофиқ, президент истеъфога чиқиб кетадиган бўлса ёки вафот этса ёки ўз вазизфасини бажаришдан ожиз бўлиб қолса, унинг лавозимини эгаллаш учун навбатда турадиган биринчи шахс парламент раиси саналади”, — дея ёзади Германиянинг BNE IntelliNews нашри. Нашрнинг қайд этишича, 56 ёшли Дариға Назарбаеванинг эгаллаб турган лавозимидан бўшатилиши, унинг Нурсултан Назарбаевнинг “ҳақиқий вориси” деган мақомга эгалиги, 66 ёшли Тоқаев эса аслида лавозимни топширувчи бир бўғин, холос деган миш-мишларга чек қўяди.
Александр Рибин
-
03 Июнь03.06«Тергов ишлари тахминларга асосланган ҳолда нохолис олиб борилмоқда»Адвокат Сергей Майоров билан блогер Миразиз Базаров ишига доир суҳбат
-
25 Июль25.07Пахта ўрнига – сannabisЖаҳон оммавий ахборот воситалари – Марказий Осиё ҳақида. Ҳафталик шарҳ
-
06 Июнь06.06Ўзбекистон автомобиль бозори эшигини қия очиб қўйдиЖаҳон оммавий ахборот воситалари — Марказий Осиё ҳақида. Ҳафталик шарҳ
-
08 Май08.05“Қурбонлар гипермаркетлар олдида, каршерингларда ўтирган ҳолда пойланади”Россияда мигрантларга қарши кайфият нега кучайиб кетаётгани ҳақида
-
07 Апрель07.04Сизга — телеграмЎзбекистондаги расмий Koronavirus Info каналининг администратори мулозимларнинг қандай қилиб гапиртира олгани ҳақида
-
30 Март30.03Конвертдаги жосусAmnesty International эксперти ўзбекистонлик фаолларнинг аккаунтларини қандай қилиб бузиб кирилаётгани ҳақида сўзлаб берди