HUMOпарвар фалокат

Ўзбекистонда пенсияларни пластик карталарга ўтказиш режаси қанақасига барбод бўлгани ҳақида
ТОШКЕНТ ШАҲАР ЮНУСОБОД ТУМАНИДАГИ “ХАЛҚ БАНКИ” БИНОСИ ОЛДИДАГИ ПЛАСТИК КАРТАЛАР ОЛИШ УЧУН НАВБАТ. FACEBOOKдаги "ПОТРЕБИТЕЛЬ.УЗ" гуруҳи фотосурати

Ўзбекистонлик пенсионерларнинг талабига биноан 20 майдан бошлаб Humo тизимидаги пластик карталар Uzcard тизимидаги пластик карталарга бепул алмаштириб бериладиган бўлди. Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларида 1 май кунидан бошлаб пенсияларни фақат (аксарияти Humo тизимидаги) пластик карталар орқали тарқатиш тўғрисида қарор қабул қилинганида, ушбу тизим ишида носозликлар бошланиб кетганидан сўнг Xalq Banki раҳбарияти ушбу қарорни қабул қилишга мажбур бўлди. Бутун мамлакат бўйлаб ўн минглаб пенсионерлар ўзларининг янги карталаридан нақд пулларини ечиб ололмадилар, бундан ташқари бозорлар ва супермаркетларда доим ҳам карта ёрдамида тўлов қилишнинг имконияти бўлмади. Бугунги кунда ўзбекистонлик пенсионерлар учун энг мураккаб муаммо ҳақида – “Фарғона” материалида сўз юритилади.

Республикадаги 377 минг нафар пенсионерларга пулларни Humo банк карталарига ўтказиш тўғрисидаги қарор Марказий банк ва Молия вазирлиги томонидан қабул қилинган. Коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича Республика махсус комиссиясининг 11 апрель куни қабул қилган қарорида шу тавсия қилинган эди. Яна 242 минг нафар пенсионерлар 1 майдан бошлаб республикада бир неча йиллардан бери ишлаб келаётган ва фойдаланувчиларнинг ишончини қозонган Uzcard тизимидаги пластик карталарга ўтказилди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг аниқлашича, коронавирус қоғозда 4-5 кун давомида яшай олиши ҳамда инфекциянинг тарқатувчисига айланиб қолиши мумкин экан. Мана шу омилларни инобатга олган ҳолда, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти қоғоз пул ўрнига пластик карталардан фойдаланишни тавсия қилгани боис Ўзбекистонда ҳам шу ишни амалга оширишга қарор қилинган эди. Пенсия пулларини карталарга ўтказиш ва карталарнинг ўзини ишлаб чиқариш учун масъулият Xalq Banki зиммасига юкланди. Айтгандек, бу банкнинг логотипида ҳам Ҳумо қушининг тасвири бор.

“Ҳозиргина соат 14.00 да олдимизга Халқ банкидан келишди, бир ёшгина йигитнинг айтишича, ойим энди ҳеч қачон нақд пул олмас экан. Қайта сўраганимда у ўзининг сўзини яна тасдиқлади: “Ҳа, ҳеч қачон”, деб айтди” (Бу ерда ва матннинг давомида ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг пенсияларни пластик карталарга ўтказилишига муносабатлари курсив билан ажратиб қўйилган. Стилистика ва орфография сақланиб қолинган. – “Фарғона” изоҳи).

Пенсияларни пластик карталарга ўтказиш тўғрисидаги қароридан сўнг Марказий банк мамлакатдаги барча банкларда Humo карталаридан пулларни ечиб олишда комиссия пулини ушлаб қолинишини бекор қилди. Таққослаш учун: Uzcard тизими карталари билан амалга ошириладиган бу каби операция учун Халқ банкида 1%, бошқа банкларнинг банкоматларидан ечиб олинадиган бўлса- 5% комиссия ундирилади. Бу ҳақда “Фарғона” мухбирига шу чоққача Humo картасини олмаган ва бир неча йил илгари олинган Uzcard картасидан фойдаланаётган 80 ёшли тошкентлик пенсионер аёл Светлана Ли айтиб берди.

Унга кўра, энди нақд пул ечиб олаётганда транзакциялар эвазига комиссия тўламаслик учун у Uzcard тизимидаги янги картасини очдириши керак. Халқ банкдагиларнинг айтишича, эски картани тўғри ишлайдиган қилиб беришнинг иложи йўқ экан.

Humo — ҳар бир уйга

Тошкентлик пенсионерларга 1 майдан бошлаб Humo карталарини тарқата бошладилар. Кимгадир карталарни уйларига олиб келиб, олингани тўғрисида қўл қўйиб беришларини сўрадилар, бироқ айрим маҳаллаларда пенсионерларнинг ўзлари шахсан маҳалла фуқаролари йиғинларига келиб, Халқ банки ходимлари тарқатаётган карталарни олиб кетишлари кераклигини эълон қилдилар. Мутасаддилар учун пенсионер 60 ёшда бўладими ёки 80 ёшдами – фарқи йўқ, у юра оладими ёки юра олмайдими, бунинг ҳам аҳамияти йўқ эди.

Воқеа гувоҳларининг айтишларича, пенсионерлар стол устига териб қўйилган карталарнинг ичидан ўзининг номи ёзилганини мустақил равишда топиб олиши керак бўлган. Пойтахтнинг Миробод туманида истиқомат қиладиган 76 ёшли пенсионер аёл Светлана Хазовага кўра, баъзилар ўз номига ёзилган бир нечта бир хил карталарни топишган экан.

“Карталарни пенсионерларнинг уй-уйларига тарқатиб бермагани етмагандек, ҳаммани маҳалла фуқаролари йиғини биносида тўпладилар ва бунинг устига, шартномаларни расмийлаштирмай карталарни тарқатдилар(((( Ҳисобот учун тайёрлаб қўйилган қандайдир рўйхатга қўл қўйдириб олдилар, холос!!! Мен ойимнинг ишончномаси билан картани олиб, икки нусхада шартнома бланкасини тўлдириб беришларини талаб қилдим, бироқ шартнома бланкларида на имзо қўйилган ва на муҳр босилган эди ва мана энди ҳаммасини қоидада кўзда тутилгандек расмийлаштириш учун банкга боришга тўғри келади”.

Пенсионерларнинг пластик карта олишдан бош тортишлари ва пенсияни нақд пул кўринишида олишга давом этишлари мумкинми деган кўп сонли саволларга “Халқ банки” ходимлари бундай қилиш мумкин эмас, пенсияларни пластик карталарга ўтказиш мамлакат президентининг қандайдир фармонига асосан амалга оширилмоқда, дея жавоб бердилар.

Facebook ижтимоий тармоғининг “Хусусий уйлар эгалари ширкати ва улар билан қандай яшамоқ керак” (“ТЧСЖ и как с ним жить”) гуруҳининг модератори Максим Черниковнинг айтишича, у президент фармонини кўрсатишни ёки ҳеч бўлмаса, фармоннинг рақами ва санасини айтиб беришларини сўраганида, унга фақат бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқаров, Марказий банк раиси Мамаризо Нурматов ва молия вазири Темур Ишметовнинг имзоси қўйилган “тавсия хатини” кўрсатдилар.

Карта олишга навбатда турган пенсионерлар . “Халқ банк”нинг Facebook саҳифасидан олинган фотосурат

Черниковнинг айтишича, “агар картадан бош тортадиган бўлсангиз, унда пенсиянгизни ололмайсиз”, дея пенсионерларни ишонтириб, пластик картага ўтиш тўғрисидаги шартномани имзолашга мажбурладилар. Шу билан бирга, айрим одамларга карталар фақат карантин даври учун киритилган, шундан кейин пенсияларни яна нақд пул кўринишида бериш бошланади, деб айтдилар.

“Бу даҳшат! Ҳозир бир ярим соат давомида 80+ қўшни аёлга бу карточка туфайли ранжимаслик ҳақида насиҳат қилиб далда бердим! Унинг ўзи бу бу пулларни ундан тортиб олишган деб ҳисоблаяпти! Айтишича, уйда доим “ўлимлик” пул бўлиши керак экан, “нега энди сутчи ёки ҳамширага хизмат ҳақини тўлаш учун уйимда пенсия пулим турмасин экан?” Банкга юриб ёки машинага ўтириб бора омайди, энг яқин “Корзинка” дўконигача ҳам шу. У умуман бир неча йилдан бери уйидан чиқмайди. Телефони ҳам фақат шаҳар тармоғига уланган! Қандайдир “альтернатив истеъдодли банкирлар” пенсионерлар тирик қолишлари устидан тажриба ўтказмоқдалар!”

Пенсионерларнинг мутлақ кўпчилиги карточкаларга ўтишга рози бўлишга мажбур бўлдилар. Шу билан бирга, қайсарлик қилиб, карта олишдан бош тортган кимсаларга 10 майдан кейин “Халқ банки”га келиб, пенсияларини нақд пул кўринишида тўлашни давом этиш тўғрисида ариза ёзишни таклиф қилишди.

“Посира маҳалласи, Юнусобод тумани, ҳамма пенсионерларни карточкалар берилаётган ЎК бухгалтерининг кабинетига чақиришди, бир кун ўтиб нақд пул олиб келишга ваъда қилишди... мана беш кундан бери олиб келишяпти. Айтгандек, бизнинг маҳаллачи карточка ҳақидаги гапларни эшитиши биланоқ маҳалла қўмитасини ёпди-ю, уйига кетди”.

На сотиб олиб бўлади ва нақд қилиб бўлади

Шундай қилиб, карточкалар эгаларига топширилди. Бироқ ўша заҳоти кўпчилик пенсионерларда савол туғилди: картадаги пулни қайси йўл билан нақд қилса бўлади? Негаки кўпчилик банкомат нималигини, ундай қандай қилиб фойдаланишни билишмайди.

“Ёши 60 дан 90 гача бўлган одамлар туришибди! Бир бобойнинг аҳволи ёмонлашиб қолди... Энг қизиғи эса, бу карталарнинг ичида пул йўқ, одамлар, қариялар, ҳасса тутганларнинг кўпчилиги банкоматга боришганди, аммо картада пул йўқ бўлиб чиқди!”

Кўпчилик пенсияни пластикка ўтказилиши ғоясига шубҳа билан қаради, негаки кекса одам ўзининг пин-кодини унутиб қўйиши ёки бу рақамлар ёзилган қоғозни йўқотиб қўйиши ҳеч гап эмас.

Бироқ маълум бўлишича...

Пин-кодни унутиб қўйиш мумкин эмас экан, негаки Humo картасининг 16 хонали рақамининг охирги тўртта рақами айнан шу пин-код экан. Албатта бу пин-кодни истаган банкоматда алмаштириб олиш мумкин, бироқ пенсионерлардан бу ишни мустақил равишда бажара оладиганлари қанча экан?

Ана энди хавфсизликка оид савол туғилади: агар пенсионер картасини йўқотса ёки ўғирлатиб қўйса, нима бўлади? Ҳар қандай ўғри ёки картани топиб олган одам унинг ичидаги пулларни ечиб олиши ва улоқтириб ташлаши мумкин, ким қилганини аниқлай бўлмайди.

“Халқ банки” маълум қилишича, 4 май кунидан бошлаб пенсионерларга тарқатилган ҳамма карталарга 1,4 триллион сўм (138 миллион АҚШ долларидан зиёд) пул ўтказиб бўлинган. Одамлар дўконларга йўл олдилар.

Ана шу ерда маълум бўлишича, ҳамма терминал ҳам Humo карталаридан пулларни ечиб олиш салоҳиятига эга эмас экан.

“Апрель ойининг охирида ойимнинг олдига келиб, Humo картасини олишга рози бўлинг, дея роса ялиндилар, кейин эса агар картани олмасангиз, пенсиянгизни ололмай қоласиз, негаки банк ўз ходимларининг касал бўлиб қолишини истамайди, дея пўписа қилишга ўтдилар. Яхши, рози бўлдилар, олдик. Энги қизиғи шундаки, бизнинг мавзедаги бешта дўкондан бирортасида ҳам HUMO картасига хизмат қиладиган терминал йўқ экан!!!!!!!! Агар СИЗ бу картани олишга мажбурлаётган бўлсангиз, унда аввал дўконлардан бирортасини шу картага хизмат кўрсатадиган терминал билан таъминаб қўйишингиз керак эди”.

“Ҳамма келиб нега сизларда Humo ишламаяпти сўрайверади, — дейди “Корзинка” супермаркетининг кассири. – Ҳаммаларига берадиган жавобимиз бир: биз қаердан билайлик? Сизларга бу картани ким берган? “Халқ банки”ми? Унда ўша банкга бориб мурожаат қилинг”.

Бозорларда ҳам худди шу муаммо. Кичкина дўконларнинг ҳаммасида ҳам Humo карталарига хизмат кўрсатишмайди, мева ва сабзавот сотувчиларида эса терминаллар умуман йўқ.

Демак, нақд пул ечиб олиш керак экан. Мана шу ерда кўпчилик пенсионерлар яна битта муаммога тўқнаш келдилар: Humo карталарни қабул қиладиган банкоматлар етишмас экан. Ишлаётганларида эса кўп ҳолларда нақд пули тугаб қолган бўлиб чиқади. Натижада, сўнгги бир ярим йил ичида Тошкент бўйлаб очилган кўплаб (валюта ва сўмлар учун) банкоматлар ўрнатилган хоналар олдида 70 ёшдан ошган қариялардан иборат узундан-узун навбатлар пайдо бўла бошлади. Ва икки метрли ижтимоий масофа ҳақида ҳамма унутиб қўйди.

“Ипотека банкнинг Яшнобод филилалида. Эрталаб шунчалик кўп одамлар тўпланганки, на милиция ва на секюрити тартиб ўрната олмади. Ҳеч қандай масофа ҳақида гап ҳам йўқ. Одамлар катта тўппак бўлиб туришибди. На бирор гапни сўраб бўлади ва на билиб бўлади. Банкнинг телефонлари нуқул занит кўрсатади”.

Тошкент шаҳар Юнусобод тумани банк бўлимида пластик карталар олишга навбатда турган одамлар. Facebookдаги "Потребитель.уз" гуруҳидан олинган фотосурат

“Банкнинг олдида мана бу ишлар бўляпти. Пенсионерлар карта олишга/алмаштиришга мана шундай навбатларда туришибди. Навбат шунчалик каттаки, кун бўйи турсангиз ҳам сизнинг навбатингиз етиб келмайди. Таҳлика гуруҳига кирувчи одамлар банк олдида соатлаб турса, ижтимоий масофани сақлаш қоидаларига амал қилмаса, карантинни юмшатувчи чоралар ҳақида қанақа қилиб гапириш мумкин? Юнусобод.”

Банкоматдан нақд пулни ечиб олган пенсионер гўё ўзининг пенсиясини нақд пул кўринишида олишни давом этгандек, қоғоз орқали инфекцияни юқтириб олиш таҳликаси остида қолаверади.

“Кеча Халқ банки филиалларидан бирининг олдидан ўтиб кетаётгандим. У ерда элликка яқин одамлар турганини кўрдим, ҳаммаси 65+ дан юқори ёшда. Ўзларига тегишли пенсияларини беришларини ялиниб сўрашяпти. Уларни банк ичига қўйишмаяпти. Эртага-эртага дея алдашяпти. Пухта таҳлил қилмай бундай тоифадаги фармонларни чиқараётганлари яхши эмас. Ҳеч ким ушбу карталарни ўз ихтиёри билан олмаган бўларди”.

Иш бермади

Humo карталари бугун ёки кеча пайдо бўлгани йўқ. Ярим йил илгари бу тизим олий таълим муассасаларининг барча ўқитувчиларга, гарчанд уларнинг Uzcard тизимидаги карталари бор бўлишига қарамай, мажбурий равишда ўтказиб берилганди. Педагогика университетининг ўқитувчиларидан бирининг айтишича, ўшанда уларга Humo карталари билан худди Visa ва MasterCard карталари каби хорижий мамлакатларда ҳам тўловларни амалга ошириш мумкин бўлади, дея тақдим этишган экан. Ўшанда Humo картасига икки мартадан ойлик маошининг ярми миқдорида пул ўтказиб берилган ва шундан кейин пластик карта ёзув столининг тортмасида бошқа ҳужжатлар орасида ўзининг қонуний жойини эгаллаб қолган эди.

Мана энди яна — Humo.

Пенсияларни ёппасига пластик карталарга ўтказиш сиёсатидан норози бўлганларнинг кўпчилиги президент Мирзиёевнинг 2017 йилда чиқарган қарорини эслаб қолдилар. Қарорга мувофиқ, “республика ҳудудида барча турдаги пенсиялар нақд пул кўринишда ва чекланмаган миқдорда берилиши” кўзда тутилган. Уларнинг билдиришича, ушбу қарорга мувофиқ, пенсияларнинг ёппасига Humo карталарига ўтказилиши ноқонуний тарзда амалга оширилган.

Бироқ “Халқ банки” 2020 йил 7 май куни берган изоҳида таъкидланишича, 2017 йилги мазкур фармонга қарамай, коронавируснинг тарқалишини олдини олиш билан шуғуланувчи Республика махсус комиссиясининг қарорлари бугунги кунда Ўзбекистоннинг ягона устивор сиёсати бўлиб қолмоқда. Пенсияларни пластикка ўтказишни эса айнан шу комиссия тавсия қилган эди.

Бироқ эртасига, 8 май куни “Халқ банки” республика Пенсия жамғармаси билан бирга пенсияларни Humo банк карталарига ўтказишга тайёр эмасликларини тан олдилар. Уларнинг маълум қилишича, пенсия олувчилари тўғрисидаги маълумот “Халқ бакни” серверларидаги очилган карталардаги маълумотлар билан автоматик равишда таққослангани ва фақат шундан кейингина “маъқулланган” маблағлар карталарга ўтказилгани учун тизимдаги носозликлар келиб чиққан. Бундан ташқари, пенсия тўловларининг кечиктирилиши, май ойининг бошланиши дам олиш кунларига тўғри келгани билан изоҳланади, шунинг учун ҳам пуллар 4 май кунидан бошлаб карталарга ўтказила бошлаган.

“20 майдан кейин, Худо хоҳласа, карантин тугаса, Собесга борамиз ва пластик карталардан воз кечиш тўғрисида ариза ёзамиз. Президентнинг қарори бор, қани бизнинг аризамизни қондирмай кўришсинчи”.

“Халқ банки” сайтида 9 май куни қуйидаги хабар пайдо бўлди: “Сўнги уч кун давомида “Humo” пластик карталаридан нақд пул ечиш транзакция операциялари ҳажмининг кескин ортиб кетиши натижасида “Humo” тўлов тизимида давомий узилишларни юзага келтирди. Натижада “Humo” пластик картаси олган пенсионер ва нафақа олувчиларнинг ўз маблағларидан эркин фойдаланишини чекланди. Бу эса, кексаларимизнинг жиддий норозилигига сабаб бўлмоқда. Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда Халқ банки шуни маълум қиладики, банк ходимлари томонидан пенсия ва нафақа тарқатиш жараёнларини давом эттирган ҳолда 2020 йил 20 май санасидан бошлаб пенсия ва нафақа олувчиларнинг хоҳишига қараб “Humo” пластик карталари тўлиқ “Uzcard” пластик карталарига ҳеч бир тўловларсиз пенсионерларнинг яшаш манзилларида алмаштириб берилади”.

Тошкентда банк бўлимида пластик карталар олиш учун навбатда турган одамлар. Facebookдаги "Потребитель.уз" гуруҳидан олинган фотосурат

Бундан ташқари, “Халқ банки” маълум қилишича, “айни пайтда Халқ банки сайёр касса ходимлари илгариги белгиланган график асосида хонадонларга бориб, пенсионерларимизнинг пластик картасидаги маблағларини нақдлаштириб бермоқда”. Агар шундай бўлса, агар банк ходимлари барибир ҳар бир хонадонга келиб пулларни нақдлаштириб бераётган бўлса, унда нақд пулсиз пластик карталарни жорий қилишнинг нима кераги бор эди?

Банклараро процессинг миллий маркази раҳбари Шуҳрат Қурбанов 11 май куни пенсионерлар тўқнаш келган HUMO тўлов тизимидаги носозликлар учун айбни ўз зиммасига олди: “Қисқа қилиб айтиладиган бўлса, 7 ва 8 май кунлари тўлов қилишда икки соат давомида қийинчиликлар бўлгани – бу бутунлай бизнинг айбимиз, керак бўлса – менинг айбим. Бироқ биз карталарни чиқармаймиз, банкоматларни қўймаймиз, терминалларни ўрнатмаймиз, умуман олганда, биз банклар ва тўлов ташкилотларидан бошқа ҳеч ким билан ишламаймиз”, — дея ёзибди Қурбонов Facebook ижтимоий тармоғидаги ўзининг саҳифасида.

Шу билан бирга Қурбоновнинг тушунтиришича, муаммолар Банклараро процессинг миллий марказида эмас, балки айнан ушбу тўлов тизимидаги карталарни ишлаб чиқарувчи банкларнинг ўзида пайдо бўлган бўлиши мумкин: “HUMO тўлов тизими халқаро тўлов тизимларига хос бўлган тамойилларга, хусусан, PIN-код термай тўловни амалга ошириш имконияти, контактсиз тўлов, мижоз шахсини идентификация қилмай масофадан туриб карта ҳисобини бошқаришнинг имкониятсизлиги ва ҳоказоларга асосланиб барпо этилган. Бу биз ҳаммамиз одатланиб қолган тўлов қилиб юрган тажрибамиздан фарқ қиладиган тўлов тизимининг ўзига хос хусусиятидир. Энди, қандайдир банк тўлов тизимининг спецификаси ва имкониятларини ҳисобга олмай карта чиқарадиган бўлса, унда бутун масъулият ўша банкнинг ўзининг зиммасига тушади”.

Кредит ташкилотлари пруденциал назорат департаменти раҳбари Аброрхўжа Турдиалиевнинг 12 май куни билдиришича, Ўзбекистон Марказий банки пенсия ва нафақаларни биргина “Халқ банки” орқали етказиб бериш амалиётининг самарасиз эканлигини тан олди. У пенсионерларга уларнинг ўзлари истаган банкда ҳисоб рақамларини очиш ва танлаган банкларининг карталаридан фойдаланиш ҳуқуқни тақдим этиш кераклигини билдирди. Бироқ бу қачон имкониятли бўлиши мумкинлиги ҳақида аниқлик киритилмаган.

“Бугун Госпитальний бозорига бордим, пенсионер бувижон ҳумо карточкасидан нақд пул ечиб олишга уринаётган экан. Ҳеч қайсинисида эплай олмади, 5 та автомат бор эди. Унинг ёнида турган биз ҳаммамиз ёрдам бердик, негаки у нимани босишни билмаган, қуёш ва кўзи ожизлигидан экрандаги ёзувларини кўра олмас эди. Пировардида, у картасидаги нақд пулни еча олмади. Бувижон банкга қараб пиёда кетишга мажбур бўлди”.

Сид Янышев