Кутиш контейнерлари

Тошкент четидаги карантин лагеридаги яшаш шароити қандайлиги ҳақида
КАРАНТИН ШАҲАРЧАСИ . ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ ҲОКИМИЯТИ МАТБУОТ ХИЗМАТИ ФОТОСУРАТИ

Беш кун. Икки юзта техника воситалари. Минг нафар ишчи. Ўн бешта блок. Ўн мингта ўрин. Бу ёпиқ чегаралар тузоғига тушиб қолган Ўзбекистон фуқаролари учун барпо этилган карантин лагерининг таърифи. Чегара ортида ўз уйларига тезроқ қайтиш илинжида ўтирган юз мингдан зиёд одамлар. “Коронавирусгача” бўлган давр мобайнида республикамизга сайёрамизнинг турли бурчакларидан кунига ўнлаб самолётлар учиб келган бўлса, сўнгги икки-уч ой ичида бундай рейсларни бармоқ билан санаса бўлади.

Ўзбекистон раҳбариятнинг сиёсати тушунарли ва содда: “Ҳаммани ватанга қайтариш зарур, аммо бунинг оқибатида мамлакат ичидаги миллионлаб фуқароларга зарар етмаслиги керак”. Қайтиб келаётганларни карантин даврида яккалатиш тартибида сақлаш – бажарилиши кўпчиликнинг хавфсизлигини кафолатлайдиган асосий вазифа бўлиб қолмоқда.

Мана бир неча ой давомида одамлар “карантин муддатини ўтаётган” контейнер лагери айнан шундай тарзда пайдо бўлди. Жазони ўташ муассасига хос ибора бўлгандек туюлади. Бироқ қўшиқ сўзларини улоқтириб бўлмас: ижтимоий тармоқларда лагердаги ҳаёт тўғрисидаги тафсилотлар кўпайиб кетган. Ҳар қандай ҳолатларга дуч келиш мумкин... Биз бу йўлни босиб ўтганларнинг қалбига қўл солиб, алоҳида тартибдаги лагерда одамларни нималар кутаётганини тушуниб олишга қарор қилдик.

Меҳнат лагери бўлмаса ҳам, соғломлаштиришга ҳам ихтисослашмаган...

Йўловчилар учиб келишлари билан учиш майдонини тарк этмайдилар. Самолёт трапидан тушишлари биланоқ ҳимоя комбенизонларини кийиб олган одамларга телефонлари ва паспортларини топширадилар, кейин уларни автобусларга ўтқазишади ва... ҳеч қаерга юришмайди. Баъзида бир соат, баъзида икки соат давомида ҳаммани санаб, ёзиб, кимлардир билан келишиб олгунча ёпиқ ва дим автобусларда кутиб ўтирадилар. Кейин қисқа муддат ичида пойтахтни кесиб ўтадилар, халқа йўлга чиқадилар, (Тошкент четидаги) Роҳат постидан ўтадилар, кейин асфальт қилинмаган дала йўлларидан ўтадиларда – ана мўъжиза, саноқли кунлар ичида Тошкент вилоятининг Ўртасарой посёлкасида барпо этилган, 10 минг кишига мўлжалланган карантин ҳудуди кўзга ташланади.

“Москвадан 26 март куни бизни олиб келган рейс йўловчилари контейнер лагерига жойлаштирилган биринчи одамлар бўлдик. Тун, чарчоқ, қандайдир далалар ва қўққисдан – одамлар. Жуда кўп одамлар, афтидан қурувчилар ва лагерь ходимларига ўхшайди. Тунги соат бир атрофида бўлишига қарамай одамлар ишлаётган экан. Ўтаётган автомобиль колонналарига қараб қўлларини силкитаётганлари кўриб, кўнгилларимиз эриб кетди. Улар қўл силкитишар, чапак чалишар, ҳуштак чалиб, бизни олқишлашарди. Этимиз жимирлаб кетгандек бўлди...” – дея ҳикоя қилади Москвадан кичкина ўғилчаси билан қайтиб келган Анастасия.

Тун совуқ эди. Кимдир кечки овқатини еб бўлиб, лагерь ходимлари томонидан берилган адёлга ўралиб олиб, об-ҳавога ҳам қарамай қаттиқ уйқуга кетган бўлса, бошқаси ишламайдиган конденционер ўрнатилган контейнерларга тушиб қолди. Ташқарида ҳаво ҳарорати ҳеч нарсага қарамай ноль даражага интилар эди. Лагерга келтирилган одамлар бўш баклашкаларга иссиқ сув қуйиб, улардан қўлбола грелка сифатида фойдаландилар. Беш кун ўтиб қор ёққанидагина уларга иситиш жиҳозлари берилди.

Аксарият контейнерларнинг иккинчи нуқсони – тирқишлар. Татьяна М.нинг қайнонасини лагерга бир неча кимётерапия курсларидан кейин олиб келишган. Ҳолдан тойган аёл ҳар ярим соатда полдаги муздек сувни артишга мажбур бўлди. Ёмғир ёққанида, баҳорда эса табиатнинг бу ҳодисаси ҳар куни қайтарилади – сув эшик ва дераза тирқишларидан сизиб киради ва бу ҳолатни ижтимоий тармоқларга жойлаштирилган видеони кўриб, кондесат экан деб ўйлаган билағонлар адашадилар. Бу ёмғир суви.

Карантин шаҳарчаси . Тошкент вилояти ҳокимияти матбуот хизмати фотосурати

“Контейнер лагери ўн бешта блокларга бўлинган, улар бири биридан ва ташқи дунёдан ажратиб қўйилган. Ҳар бир блокнинг ўз персонали, ўз шифокорлари ва хўжалик ишлари учун масъул ходимлари бор. Ҳудудда жойлаштирилган одамларнинг шароити бу ердаги ҳар бир одамнинг ишига боғлиқ. Ҳеч ким ташқаридан блокка кира олмайди, лекин хоҳловчилар чиқиб қолса, унда бунақа одам блокда 14 кунга қолиб кетишига тўғри келади, — дейди Анастасия. – Контейнерлар ичидан икки қисмга бўлинган ва бу қисмлар ҳам ўз навбатида хона ва санузелга бўлинган. Поддон (таглик) тизимидаги душ, раковина, унитаз. Кранда оқаётган сув ичишга яроқсиз – унда қум аралашиб оқади ва ҳатто қайнатсангиз ҳам нохуш ҳиди ва ранги кетмайди.

Ётадиган хонада телевизор ва кондиционер ўрнатилган, стационар телефон, электр чойнаги, иккита икки қаватли кровать, стол, тўртта стул, тумбочка, пиёлалар бор. Кўрпа чойшаблари, адёл, сочиқлар тўплами, суюқ совун, шампунь, тиш ювиш пастаси, тиш ювиш чўткаси, ҳожатхона қоғози, қоғоз сочиқлар берилади. Бир кунда уч марта овқат берадилар: котлетлар, қовурилган сабзавот, гарнирга макарон, маржумак (гречка), гуруч, перловка тайёрлашади. Нонуштага – булочка, бўтқалар, салатлар. Одамнинг сонига қараб сув олиб келиб беришади – ҳамма хоналарда ҳам тўрттадан одам яшамайди.

Умуман олганда, кечагина қачон уйига етиб килишни билмаган одамлар учун шароитлар ёмон эмас. Фақат битта “лекини” бор: тизимда вақти-вақти билан носозликлар пайдо бўлиб қолади.

“Бизда деярли бир сутка давомида крандан сув келмаяпти. Ичимлик сувини эса сўнгги бор уч кун олдин келтириб беришган, — дейди “Назарбек” сиҳатгоҳида карантин муддатини ўтаганидан кейин контейнер лагерига келиб қолган Камол (исми ўзгартирилган). Санаторийда биз умумий ошхонада, кўп маротаба фойдаланадиган идишлардан овқатланар эдик. Орамизда коронавирус юқтириб олган бир нечта одамлар чиқиб қолди. Шундан кейин бизни хонама-хона тарқатиб ташладилар ва овқатларимизни хоналаримизга олиб келиб, ташқарига чиқишни тақиқлаб қўйдилар. Шунинг учун ҳам биз карантинда 14 кун эмас, балки деярли бир ой бўлишимизга тўғри келди”.

Контейнер лагерида бизга дастлабки бир неча кун давомида ҳатто пакетчалардаги чой ҳам беришмаган, фақат доғ сув ичасизлар деб айтишган. Бир гуруҳ аёллар яшайдиган хонада конденционер ишламай қолган экан, ташқарида эса қор ёғаётган эди. Улар эшикни тақиллатиб ёрдам беришларини сўрашар, аммо уларнинг устидан қулфлаб қўйиб, дод-фарёдларига эътибор ҳам қилмадилар. Ичимлик сувини кимгадир беришса, бошқаларга бир неча кун давомида олиб келишмасди. Биз ҳеч бўлмаса лабларимизни хўллаб олиш учун бўш баклашкаларни кесиб томга қўйган ҳолда ёмғир сувини тўплашимизга тўғри келди. Бўлаётган ишларни видеога олиб, Тошкентдаги дўстларимизга юбордик. Аммо аҳвол бадтар ёмонлашди – олдимизга келиб, телефонларимизни топширишни талаб қилдилар, бизни қочишга уринишда айблов билан уч йилга қамаб қўйиш билан пўписа қилдилар”.

Пировардида, одамлар ўзларига ёрдам бериш ниятидан воз кечдилар – қўрқув ва ноиложлик ҳатто катта ва кучли эркакларни ҳам синдириб қўяр экан. Ўзингиз учун қўрқмайсиз, — яқинларингизгна бирор зарар етказиб қўйишмаса эди, дея хавотир оласиз. Камол номи сир қолишни истаган манба бўлиб қолишни афзал кўрди...

Карантин вагончасининг интерьери . Uznews.uz сайти фотосурати

Абдулла (исми ўзгартирилган) чуррак (грижа) ва жуда қаттиқ оғриқдан шикоят қилмоқда. Малҳам дори аҳволини енгиллатиш мумкин бўларди, аммо у “Назарбек” сиҳатгоҳида бўлган пайтнинг ўзида тамом бўлган. Маҳаллий шифокорлар унга цитромон беришди, холос. Қандли диабет билан касалланган Ферузага эса (исми ўзгартирилган) қариндошлари икки кун давомида керакли дориларни етказиб бермоқчи бўлишди, бироқ шаҳар ҳокимлигида ишлайдиган танишларига ёрдам сўраб мурожаат қилишганидан кейингина дори Ферузанинг қўлига етиб борди.

Контейнер лагери касалхона эмаслигини тушуниш керак. Бу ерда шифокорлар, дориларнинг қандайдир стандарт тўплами: цитрамон, парацетамол, корвалол ва эҳтимол зарур дорилар қутисида яна бирор нарса бўлиши мумкин. Ҳар куни контактсиз йўл билан тана ҳарорати ўлчанади, тиббий ниқоблар ва антисептик воситалар берилади. Анализлар икки марта – карантин зонага келганда ва кетаётганда олинади. Агар бироз тобингиз қочиб қолса ва тез орада ўтиб кетса ва бу ҳақда шифокорларга айтмасангиз, улар сезишмай қолишаверади. Агар анализлар коронавирус борлигини тасдиқласа, беморни юқумли касалликлар шифохонасига олиб кетадилар, аммо у билан бир хонада яшаган одамлар яна 14 кунга карантинга қоладилар.

Хоналарни йиғиштириб, супуриш, нам латтада артиб чиқиш – хонада яшайдиган одамларнинг зиммасига юкланган вазифа. Уларга бир кунда бир марта хлор қоришмаси, резина қўлқоплар, пақир ва латта берилади. Ташқаридан келиб карантиндагиларни кўриб кетиш қатъий ман этилган. Ҳеч қандай учрашувларга йўл қўйилмайди.

Назорат-ўтказиш постидаги оброк

Карантинда ётганларга передача берилиши борасида бирорта ягона қоидалар йўқ. Кимларгадир улар бутунлай тақиқлаб қўйилган – қариндошларни назорат ўтказиш пунктларидан қайтариб юборишади ва улар карантин ҳудудида ёпиб қўйилган одамга зарур бўлган нарсани бера олмай, яна уйига олиб кетдилар. Бошқалари учун эса передачани эгасига олиб кириб бериш учун хизмат ҳақига 400 минг сўм (40 АҚШ доллари) нарх айтишарди. Ёки бўлмаса, жўнатмадаги нарсалардан улуш беришга тўғри келарди.

Колл-марказдан олинган расмий маълумотларга кўра, карантин зонасидаги одамга дори-дармон ва кийим-кечакни передача қилиш мумкин. Лекин дориларни назорат ўтказиш масканларидан “карантиндаги шифокордан рухсат олиниши кераклигини” баҳона қилган ҳолда ўтказилмай қолган ҳолатлар ҳам бўлган.

“Карантин лагердаги ҳарбийлар ва маҳаллий ходимлар ҳаддан зиёд босар-тусарини билмай қолибди. Қариношларга кўп нарсаларни олиб келишга рухсат беришмаяпти. Тайёр овқат – мумкин эмас, олмадан бошқа мевалар – мумкин эмас, помидор, бодринг – мумкин эмас, ичимликлар – мумкин эмас. Передачаларни шунчалик синчковлик билан текширишадики, худди карантин ҳудудида оддий одамлар эмас, маҳкумлар ўтирганми, деган хаёлга борасиз. Эрим битта тубада дори олиб келганди, уларни ифлос стол устига сочиб ташлаб, тубани ичини текширишди. Жўнатмани вақтида етказиб бериш учун пул тўлашингиз керак. Улар ҳатто передачадаги нарсаларни олишдан ҳам ор қилмайдилар – рухсат берилган озиқ-овқатлардан баъзилари эгасига етиб бормаслиги одатий ҳолга айланган. Кўп нарсаларни айтиб беришим мумкин, аммо бу кўнгилсизликларни эслашни ҳам истамайман. Қадрдон Ўзбекистонимни ҳеч қачон бунақа тарафдан кўрмаган эканман. Халқим учун жуда ҳам ҳафа бўлиб кетдим. Маданийлашган жамиятга етиб боришимизга ҳали анча бор экан”, — дея ёзади Facebook фойдаланувчиларидан бири Тошкент четидаги карантин ҳудудида бўлиш шароитлари ҳақидаги постлардан бирининг остида.

Анастасия ҳикоя қилмоқда: “Биз телефонда қўшни контейнердаги йигитлар билан танишиб олдик. Кунларнинг бирида эса йигитлардан бири олдимизга меҳмонга келди... Лагерь ходимларидан бири изоляцияга олинган одамнинг бемалол блок ҳудуди бўйлаб ҳаракатлана олиши учун унга пул эвазига ўзининг ҳимоя комбенизонини, ниқобини ва қўлқопини бериб турган экан”.

Facebook ижтимоий тармоғидаги “Потребитель.уз” саҳифасида Ислам Ҳафизовнинг мақоласи чоп этилганидан кейин лагердаги жойларда чайқовчилик ва бошбошдоқликлар тўғрисида ёппасига гапира бошладилар (аслидаги пунктуация ва орфография сақланиб қолган. – “Фарғона” изоҳи).

“Энди оғриқли мавзуларга ўтамиз:

Ичимлик суви муаммоси – бир кунда тўрт кишига ўртача 7,5 литр сув берадилар, баъзи кунларда кун бўйи сувсиз ўтирилади: жавоб – сув олиб келинмади.

Бизларга передачаларни расмий равишда ИИБ ходимлари (Тошкев Ҳасан, вилоят ИИБ кичик лейтенанти ва бошқалар) тушунтирдилар

Бироқ бу ерда битта “лекини” бор – передачалар солиққа тортишнинг французча тизимига асосланган ҳолда ўтказилади, яъни КПП 1 (назорат ўтказиш пункти) ва КПП 2 сурбетларча озиқ-овқатнинг бир қисмини тортиб олади (олганда ҳам кўпроқ қисмини).

Алоҳида маҳсулот – сигареталар ва носвой.

Карантин шаҳарчасининг рациони . Тошкент вилояти ҳокимияти матбуот хизмати фотосурати

Бир кишига бир кунга 3 пачка сигарет берилиши керак, бироқ масалан 9 блокда бирорта ҳам одам 18 майдан бошлаб бир пачка ҳам сигарет ололгани йўқ, бунинг ўрнига маҳаллий персонал бизнинг сигаретларимизни ўзимизга маркасига қараб 40 000- 70 000 сўмдан сотишяпти, карантиндаги носвойнинг баҳоси – битта пачкаси 30 000 сўм.

102, 1055 рақамларига, вилоят ҳокимлиги ва бошқа идораларнинг тўғридан-тўғри алоқа линияларига (карантин ва коронавирус билан боғлиқ муаммолар бўйича мурожаатлар учун) телефон қилиб расмий аризаларимизни қабул қилинишига уринишларимиз зое кетмоқда, барча шикоятларимиз маҳаллий “марказга” (шикоятларни қабул қилиш ва муаммоларни ҳал қилиш учун тузилган колл-марказ) юборилмоқда, бу ердагилар эса умуман эътибор беришмаяпти”.

Шу билан бирга, Ҳафизов расмийлар олиб бораётган ишларга юқори баҳо бермоқда: “Президент бошлиқ ҳукуматга махсус комиссия билан бирга фуқароларни қайтариб келиш учун амалга оширилаётган имкониятлар ва шароитлар учун раҳмат!” дея, лагердаги тартиб устидан назорат қилиш учун қўйилган ва шу билан бирга, ноилож аҳволда қолган фуқаролар ҳисобига бойлик орттирмоқчи бўлган баъзи таъмагир одамларга эътиборни жамлаяпти. Ушбу мақола ёзилаётган пайтга келиб Ислам Ҳафизов ва унинг уч нафар қўшниси ичимлик сувини олмаганига уч кун бўлди, ваҳоланки ташқарида ҳаво ҳарорати 40 даражага чиқиб кетган. Бир ярим литрли баклашкадаги сувни эса 30 минг сўмга ($3) сотиб олиш мумкин. Уларнинг прокуратурага ёзган шикоят аризалари эса одамларнинг кўзи ўнгида йиртиб ташланди.

“Мен республикамизнинг турли вилоятларидан келган Ўртачирчиқ (Тошкент вилояти Ўртачирчиқ тумани Ўртасарой посёлкасида жойлашган) карантин лагерида бўлибь чиққан йигирма нафардан зиёд йигитлар билан интервью ўтказдим... умумлаштирадиган бўлсам – бирорта ҳам одам менга лагердаги аҳвол бўйича ижобий баҳо бергани йўқ... Бироқ айниқса шу кунларда, ҳаво ҳарорати 40 даражага кўтарилган пайтда... кўпчилик контейнерларда эса конденционерлар ишламаяпти – мен карантинга қамаб қўйилган одамларнинг аҳволи қандайлиги борасида тасаввур ҳам қила олмаяпман...” – дейди ҳуқуқ ҳимоячи, “Ўзбекистон республикасидаги ислоҳотлар” гуруҳининг иштирокчиси Шуҳрат Ғаниев.

Инсониятга нисбатан ишончи йўқолмаган фуқаролар бўлса, карантиндаги одамлар учун озиқ-овқат тўплашни таклиф қиляптилар. Ўзбек халқи қийин аҳволга тушиб қолган одамларга ёрдам беришни билади.

Ўзбекистон чартер рейсларни очиб қўйди. Самолётларга биринчи навбатда энг заифлар – қариялар, касаллар, оперциядан чиққанлар, ҳомиладорлар, ногиронлар ва ёш болали оилалар чиқарилмоқда. Уларнинг ҳаммалари карантин лагерига жойлаштирилади. Баъзи ҳолатларда бу лагерлардан омон чиқиш масаласи жуда ҳам долзарб бўлиб қолади. “Давлат бажаргани” учун эмас, балки қандайдир одамлар бу вазиятдан фойдаланиб, ўзлари учун мўмай даромад чиқаришга қарор қилганлари учун. Ҳеч ким ичкаридан туриб вазиятни текшира олмаяпти, блоклар раҳбарлари эса ҳамма шикоятларга “ҳечам бунақа эмас”, дея жавоб бермоқда. Одамлар гапирган гапларини исбот қилишдан ожиз қолишган, негаки уларнинг телефонлари самолёт трапларидан тушган пайтдаёқ олиб қўйилган...

P. S. Исламнинг ота-оналари КППда 100 минг сўм (10 АҚШ доллари) тўлаб, унга жўнатма бериб юбордилар. Жўнатмада йигирма литр – иккита ўн литрли идишда сув, икки килограмм парамач ва дўлма бор эди. Аммо контейнергача фақат битта идишдаги сув етиб борди, холос...

Светлана Баграмова