Ўзбекистон автомобиль бозори эшигини қия очиб қўйди

Жаҳон оммавий ахборот воситалари — Марказий Осиё ҳақида. Ҳафталик шарҳ
PIXABAY.COM САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Дунёда аниқланган уран захираларининг 20 фоизи Қозоғистон ҳудудида жойлашган. Республика тинчлик мақсадида ишлатиладиган радиоактив металлнинг энг аҳамиятли экспортчиларидан бири саналади. Бу иш билан уран қазиб чиқариш соҳасидаги дунёдаги энг йирик давлат корхонаси бўлмиш ”Казатомпром” миллий атом компанияси шуғулланади. Ўтган ҳафта давомида давлат бу компаниядаги ўз улушини қисқартирди.

Соҳа ахборот ресурси бўлмиш Mining.com нашрининг ёзишича, Қозоғистондаги “Самруқ-Қазина” миллий фаровонлик жамғармаси “Казатомпром” компаниясидаги 6,27 фоиз акцияларини 206 миллион АҚШ доллари қийматида сотиб юборган. Шундай қилиб, уран қазиб чиқарувчи компаниядаги давлат улуши 75 фоизгача қисқарган. “Казатомпром” компанияси мутасаддиларининг билдиришича, давлат улушининг қисқариши компаниянинг “акциялари ликвидлигини (тезроқ сотиш имконияти) тобора катталаштириш йўлидаги ижобий қадам бўлиб қолмоқда”. Соҳа ахборот ресурсининг қайд этишича, акцияларни сотиш учун қулай вақт танланган: айни пайтда жаҳон бозорида уран нархи фаол равишда юқорига қараб кўтарилмоқда. Март ойи ўртасидан бошлаб радиоактив металлнинг нархи бир қадоқ (фунт) учун 19 АҚШ долларидан 32 долларгача кўтарилди. Ўтган йили дунёда ишлаб чиқарилган ураннинг 42 фоизи Қозоғистон улушига тўғри келади.

Бойитилган уран намунаси. Wikimedia Commons фотосурати

Қозоғистон шу билан “Казатомпром” компаниясидаги улушнинг бир қисмини иккинчи марта сотяпти. “Самрук-Қазина” 2018 йил ноябрда уран қазиб чиқарувчи корхонанинг 14,92 фоиз акцияларини халқаро биржаларда жойлаштирган эди. Ушбу ҳаракатлар хусусийлаштириш бўйича 2016-2020 йилларга мўлжалланган Комплекс режасининг бир қисми саналади. Таҳлилчи Александр Пирсга кўра, Марказий Осиёдаги бу республика Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг тавсияларига биноан “Казатомпром” компаниясидаги ўзининг улушини 15 фоизгача камайтиришга интилмоқда. Mining Weekly нашрининг хабар беришича, уран қазиб чиқарувчи компаниянинг ўтган йил олган фойдаси 213,7 миллиард тенгени (532 миллион АҚШ доллари атрофида) ташкил этганди. Бу 2018 йилга қараганда икки баробар камроқ.

“Рейтер” янгиликлар агентлиги ўз эътиборини Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг хорижий мамлакатлардан олиб кириладиган автомобилларга акцизларни бекор қилиш тўғрисидаги қарорига қаратди. “[Бу] Марказий Осиёдаги аҳолиси энг кўп бўлган мамлакатнинг автомобиль бозорида давлат монополиясини тугатишга қўйилган биринчи қадам бўлди”, — дея қайд этилади мақолада. Ўзбекистондаги автомобилларнинг мутлақ аксариятини Тошкент шаҳрида, Андижон ва Хоразм вилоятларида ишлаб чиқариладиган Chevrolet русусмидаги автомобиллар ташкил этади. “Ўзбекистонликларнинг аксариятида танлаш имконияти йўқ, улар фақат мамлакатда ишлаб чиқарилган автомобилларни сотиб олишга мажбурлар, негаки импорт қилинадиган автомобиллар двигателининг ҳар бир куб сантиметрига тўланиши лозим бўлган 3 АҚШ доллари миқдоридаги бож пошлинаси унинг нархини икки баробаридан ҳам кўпайтириб юборади”, — дея мушоҳада қилади янгиликлар агентлиги. Мисол учун, янги бўлмаган иномаркани Ўзбекистонга олиб кирадиган бўлсангиз, божхонадаги тўловлар автомобиль қийматининг 120-150 фоизини ташкил этиши мумкин. Эркин савдо зонаси тўғрисидаги шартнома тузилган мамлакатлар учун (Арманистон, Беларуссия, Грузия, Молдавия, Озарбайжон, Россия, Тожикистон, Туркманистон, Украина, Қирғизистон ва Қозоғистон) божхона тозаловининг имтиёзли тартиби амал қилмоқда. Агар Россия, Қозоғистон ёки Украинада ишлаб чиқариладиган янги автомобиллар Ўзбекистонга олиб кириладиган бўлса, унда автомобиль қийматининг 2% миқдоридаги имтиёзли акциз солиғига тортилади. Қўшилган қиймат солиғи автомобиль нархининг ва унга қўйилган акцизнинг 20 фоизи миқдорида ундирилади. Мирзиёев имзолаган акциз солиғини бекор қилишни кўзда тутувчи фармонда мамлакатга импорт қилинадиган автомобиль нархига жиддий таъсир кўрсатадиган кириш пошлинаси ҳақида сўз юритилмаган. Бироқ бу масала Ўзбекистоннинг савдо шериклари томонидан кўтарилиши мумкин, негаки мамлакат бир вақтнинг ўзида Жаҳон савдо ташкилотига кириш тўғрисида музокаралар олиб бормоқда ҳамда Россия бошқараётган Евросиё иқтисодий иттифоқи билан алоқаларини кучайтирмоқда.

VW Caddy. Volkswagen фотосурати

New Europe нашри Ўзбекистонда жорий йилнинг июль ойидан бошлаб янги автомобилларни ишлаб чиқариш бошлангани ҳақида ҳикоя қилувчи мақоласини чоп этди. Айни пайтда Жиззахда келгуси ойдан бошлаб конвейерларидан йўловчи ва юк ташийдиган Volkswagen Caddy минивэнлари чиқиши бошланадиган завод қурилиши ниҳоясига етмоқда. Жорий йилнинг март ойида “Ўзавтосаноат” ҳамда Россиянинг Калуга вилоятида рўйхатдан ўтган “Фольксваген Груп Рус” ўртасида “Жиззах Автомобиль заводи” компаниясининг базасида автомобилларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланган эди. Янги корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 20 минг автомобилни ташкил этади. “Фольксваген Груп Рус” компаниясининг бош директори Маркус Озеговичга кўра, улкан имкониятларга эга бўлган Ўзбекистон автомобиль бозори жадал суратларда ривожланмоқда. Мисол учун, шу йилнинг ўзида, тўрт ой давомида Ўзбекистонда 96,7 мингта автомобиль ишлаб чиқарилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 17100 тага кўпроқ.

Германиянинг BNE IntelliNews нашри ёзишича, Сингапурнинг Bashan Investment Group компанияси оммавий савдолар давомида Тошкентдаги “Ўзбекистон” меҳмонхонасининг 80,13 фоиз акцияларини сотиб олган. Битим қиймати 23,2 миллон АҚШ долларига тенг. Савдоларда Буюк Британия, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари ва Сингапурдан олтита компания иштирок этган. “Тошкент шаҳрининг марказида бундан 46 йил олдин қурилган ҳамда Ўзбекистонда энг машҳур дея саналган 17 қаватли ва 254 ўринли “Ўзбекистон” меҳмонхонасининг акциялари Активларни бошқариш бўйича давлат агентлиги томонидан сотилди. 23,4 миллион АҚШ доллари миқдоридаги пул келгуси 24 ой давомида тўланади. Bashan шунингдек, келгуси 18 ой давомида қўшимча 400 миллиард сўм (35,7 миллион евро) инвестиция киритиши лозим бўлади”, — дея қайд этилади материалда. Меҳмонхонанинг янги эгаси ўн йил давомида бинонинг ташқи кўринишини сақлаб қолиши ва муассасанинг асосий фаолияти – меҳмонхона хизматларини ўзгартирмаслик мажбуриятини ўз зиммасига олади.

»Ўзбекистон» меҳмонхонаси . "Фарғона" фотосурати

“Ўзбекистон” меҳмонхонаси ўзининг улкан банкет зали билан фахрланиши мумкин, унда кўпчилик тўй тантаналарини ўтказишга иштиёқманд. “Меҳмонхона дизайни маҳаллий муҳит таъсирлар кўринишидаги геометрик шакллари, минимал орнаментлар ва текис томи билан ажралиб туради – буларнинг ҳаммаси совет архитектурасига хос”, — дея қайд этади нашр.

The Diplomat Тожикистон жамиятидаги феминизм муаммолари ҳақидаги мақоласини чоп этди. Душанбе шаҳрида март ойида ўтказилган “Мен, биз, аёллар – мағрур жаранглайли” дея номланган тадбир ташкилотчилари журналистларга мамлакатдаги аёлларнинг муаммоларини муҳокама қилишни истаган иштирокчиларни тўплаш учун қандай қийинчиликлар билан тўқнашишга тўғри келгани ҳақида сўзлаб бердилар.

Биринчидан, эгаси билан олдинган келишувга эришилганига қарамай, уларга сўнги фурсатда тадбир ўтказиладиган бинони ижарага беришдан бош тортдилар. Шу сабадан ўтказиладиган тадбир санаси ва иштирокчилар сонига ўзгартириш киритишга тўғри келди. Унчалик катта бўлмаган “Чатр” қаҳвахонасига олдин режалаштирилган 130 нафар иштирокчи ўрнига 35 киши келди. Учрашув иштирокчилари ортидан “машиналардаги эркаклар кузатиб ўтирдилар”. “Ваниҳоят учрашув бошланганида, тахминан 10 ёки 15 дақиқа ўтиб қаҳвахонада чироқ ўчиб қолди. Биз шам ёруғи остида учрашувни давом эттирдик. Шундан кейин маҳаллий милиционер пайдо бўлди ва қаҳвахона эгасини чеккага чақириб, тўпланганларнинг ҳаммаси тарқалишсин деб айтди. Сабабини [коронавирус] пандемияси деб кўрсатилди. Жамоат соғлиғини сақлаш манфаати йўлида бутун дунё бўйлаб кўплаб оммавий тадбирлар бекор қилингани эслатилди. Бироқ тадбир март ойининг ўртасида ўтказилган ва Тожикистон бу пайтда [мамлакатда касаллик юқтириб олишининг] қандайдир ҳолатлари ҳақида расмий баёнотлар билан чиқмаган эди. Боз устига, ўша ойда Наврўз байрамини нишонлаш билан боғлиқ йирик тадбирлар белгиланган жадвалга риоя қилинган ҳолда ўтди”, дейилади мақолада.

Тожикистон жамиятида феминизм ва гендер фаоллик муаамоларига муносабатлар турли шаклдаги кўринишларга эга. The Diplomat тахмин қилишича, қўшни Қирғизистонда содир бўлган воқеалар, аниқроқ қилиб гапириладиган бўлса, 2019 йилда Бишкекда ўтган “Энагалар. Иқтисодий эркинлик. Аёллар” кўргазмасининг цензураси ҳамда жорий йилнинг 8 март куни Бишкекда ўтиши режалаштирилган оиладаги зўравонликка бағишланган феминист аёлларнинг маршининг барбод қилиниши Тожикистон расмийларини қўрқитиб юборган.

Александр Рибин

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди